Ўзининг мубин китобида қасам оятларини нозил қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин.
Қуръони каримнинг қасам ҳақидаги оятларини баён қилиб, ўз ҳадислари ила тушунтириб берган севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга самимий саловотларимиз ва дурудларимиз бўлсин!
Қасам луғатда:
«Қасам» шаръий истилоҳда қуйидагича таъриф қилинади:
«Аллоҳ таъолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилиш яминдир».
Қасам икки қисмга бўлинади:
1. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатлари билан қасам ичиш.
2. Аллоҳ таолонинг исми ёки сифатларидан бошқа нарса билан қасам ичиш.
Энди биринчи турдаги қасам Қуръони каримда келадики:
فَوَرَبِّ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنْطِقُونَ
« Бас, осмону ер Роббиси ила қасамки, албатта, у сиз нутқ қилаётган нарсадек ва ҳақдир» деган. (Зарият сураси 23-оят)
Аллоҳ таолони зикр қилиб, қасам ичиш уч қисмга бўлинади:
1. Ғомус (غَامُوسٌ)
2. Лағв (لَغْوٌ)
3. Мунъақид (مُنْعَقِدٌ)
1. «Ғомус» сўзи луғатда «чўмилиш», «кўмилиш» маʼноларини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, ботил нарса учун қасддан қасам ичишга «ғомус қасам» дейилади. Чунки ундоқ ботил қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади.

Энди уламоларнинг истилоҳида бўлса:
«Ғомус» у шундай қасамки, ҳозирги ёки ўтган замонда, бир ишни қилганлиги ёки қилмаганлигига ёлғондан қасам ичишга «Ғомус» қасам дейилади.
Бундай қасам ичган инсон қасамида гуноҳкор бўлади ва каффорот тўламасдан унга тавба ва истиғфор айтмоқлик лозим бўлади. Бу қасам тури суннатда ҳам келган:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: الْكَبَائِرُ الإِشْرَاكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَ قَتْلُ الْنَفْسِ وَالْيَمِيْنُ الْغَامُوسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гуноҳи кабиралар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғомус қасамдир», дедилар”. Имом Бухорий ривоят қилган.
2. Энди иккинчиси «Лағв» қасам бўлиб, у ўтган замонда бир ишни қилганлигига қасам ичади ва албатта у иш айганимдек, деб гумон қилади, ваҳоланки у иш айтганининг хилофи бўлиб чиқади. Шундай қасамга «Лағв» қасам дейилади.
Масалан бир киши узоқдан бир шахсни кўради ва айтадики “ Аллоҳга қасамки, албатта у Зайд, дейди ва шундай гумон қилади, ваҳоланки у Амр бўлиб чиқади ёки бир қўшни кўради ва айтадики “Аллоҳга қасамки, бу қарға дейди ва шундай гумон ҳам қилади, ваҳоланки у бургут бўлиб чиқади. Бундай қасам ичган одам дунё ва охиратда азоб-уқубатга олинмаслиги умид қилинади.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
لاَ يُؤَاخِذُكُمُ اللهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ…
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайдиʼʼ-деб марҳамат қилади…»
3. Учинчиси «Мунъақид» қасам бўлиб, келажакда бир ишни қилишлиги ёки қилмаслигига қасам ичмоқлиги. Энди унининг ҳукми қасамини бузган пайтда каффорот тўламоқлиги лозим бўлади.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:
لَا يُؤَاخِذُكُمُ اللَّهُ بِاللَّغْوِ فِي أَيْمَانِكُمْ وَلَكِنْ يُؤَاخِذُكُمْ بِمَا عَقَّدْتُمُ الْأَيْمَانَ
“Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз туфайли тутмайди. Лекин қалбларингиз касб қилган нарсада тутади. Ва Аллоҳ мағфиратли, ҳалим зотдир”.
Лекин бугунги кунда одамлар турли хил қасамга ярамайдиган сўзлар билан қасам ичишади. Масалан, «Нон урсин», «Тепамда Ҳудо турибди» ва шунга ўхшаш лафзлар билан қасам ичиш «лағв» дир. Чунки бу урфда инсонлар одатланиб қолган лафзлардир. Бундай қасамлардан тийилиш лозим.

4-курс талабаси
Теляков Иброҳим

85050cookie-checkҚасамнинг моҳияти ва турлари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting