Мана бошимизда рамазон, Лайлатул қадр кечалари соя солиб турибди. Аллоҳ таоло бу кечани минг ойдан яхшироқ деб номлади. Келинг, шу кеча ҳақида баъзи малумотларни кўздан кечирсак. Уламолар унинг бундай ном билан номаланиши ҳақида тўхталиб турли қарашларни билдиришган. Улардан баъзилари бу кечада ибодатнинг қадри улуғ бўлганлиги учун шундай номланган, дейишган эканлар. Ҳа, минг ойни ҳисоблайдиган бўлсак  83 йилдан ошиқроқ муддатга тўғри келади. Бу муддат эса бугунги кундаги аксар одамлар яшайдиган муддатдан кўпроқдир. Суфён Саврий роҳматуллоҳи алайҳ: “Бу куннинг рўзаси ва кечада қоим туриши минг ойдан яхшироқдир”, деб тафсир қилган эканлар. Машҳур олимлардан Абу Бакр Варроқ: “Лайлатул қадр дейилишининг сабаби у кечада қадри улуғ Китоб қадри улуғ Фаришта орқали энг қадрли Пайғамбарга қадри улуғ уммат учун нозил бўлганлиги учундир”, деган эканлар.

Имом Фарро: “Аллоҳ таоло бу кунда саодат ва неъматларни тақдир қилади”, деган эканлар.  Лайлатул қадр Рамазоннинг  қайси кечаси эканлиги ҳақида уламолар ўртасида бахслар бўлиб келган. Бу борада 23 хил қарашлар бўлиб, шулардан энг эҳтимолга яқинлари у кеча Рамазоннинг охирги ўн кунликдаги  тоқ кечаларида.

Баъзи уломолар Лайлатул қадрни кечадан кеча кўчиши ҳақида ҳам фикрларини билдиришган экан.   Мўъжами Таборонийда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул қадрни йигирма еттинчи,  йигирма саккизинчи, йигирма биринчи,  йигирма учинчи, йигирма бешинчи, йигирма олтинчи кечалардан қаранглар”, дедилар. Шунингдек бу кеча ва бу кечанинг куни ҳақида баъзи  белгилар ҳам келган. Масалан, бу ҳақда Мўъжами Таборонийда  Ибни Асқо розияллоҳу анҳудан   қилинган ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Лайлатул қадр кечаси ёрқин кеча бўлади. Иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас.  У кечада булут ҳам, ёмғир ҳам, шамол ҳам бўлмайди,  юлдуз ҳам учмайди.  Унинг яна белгиларидан қуёш нурсиз бўлиб чиқади”, дедилар. Суфён Саврий роҳматуллоҳи алайҳ: “Қуёшнинг нурсизроқ чиқишига сабаб фаришталар ердан кўтарилаётган бўлади ва улар кўплигидан қуёшнинг шуласини тўсиб қўйишади”, деган эканлар.

Абу Зар Ғифорий: “Эй Аллоҳнинг расули, қадр бўлиши умид қилинадиган кеча ҳақида менга хабар беринг”,деганларида Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам: “Агар мен  ўша кундан бошқасида инсонлар намозни ташлаб қўйишларидан қўрқмаганимда албатта бу кечани хабарини сенга берган бўлардим”, дедилар. Уламолар бу борада келган ҳадисларни тахриж қилиб ким Рамазонни тўлиқ рўза билан ўтказса, кечаларда таровеҳларда қоим бўлса, Лайлатул қадрни топади, деган эканлар. Хуфтонни жамоат билан ўқиган одам кечани ярмини ибодат билан ўтказганлиги, бомдодни ҳам жамоат билан ўқиган одам кечани бутунлай ибодат билан ўтказганлиги борасида келга ҳадислар ҳам бу фикрларни қўллаб қувватлайди. Хўш, бу кечани топсак унда нима қилишимиз керак?  Бу кеча осмон эшиклари очилиб дуо қабул бўладиган кеча. Дуо, зикр, Қуръон каби ибодатлар билан бирга истиғфорни кўп айтишимиз керак экан. Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй аллоҳнинг расули  мен Лайлатул қадрни топсам қандай дуо қилай”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Мана бундай деб дуо қилинг,дедилар

اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي

 Маъноси:   “Аллоҳим сен кечиргувчи карам кенг кечиришни севувчи зотсам мени кечир”.

4-курс  талабаси
Боборавшан Расулов

85200cookie-checkҚадр кечаси қачон?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting