Ҳанафий мазҳабининг вужудга келишида ва тарқалишида беқиёс ҳизмат кўрсатган фақиҳлардан бири бу-кўплаб манбаларда Имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари ичида Зуфар ибн Ҳузайл, имом Абу Юсуф, имом Муҳаммадлардан кейин тўртинчи ўринда зикр қилинадиган олим Абу Али Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий раҳимаҳуллоҳдир.

Марварид сотиш билан шуғулланганлари учун мужтаҳид олим “Луълуъий” нисбаси билан ҳам машҳур саналади. Шу билан бирга Абу Алий Ҳасан ибн Зиёд 734 милодий йилда (ҳижрий 116 йил) Куфа шаҳрида туғилади.

Кичкиналигидан илм олишга қизиқиб, киришган Ҳасан ибн Зиёд кўп йиллар давомида Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг илм халқаларига боради ва калом, фиқҳ ва ҳадис илмидан таълим олади. У зот барча нақлий ва ақлий илмларни ўрганиб, мужтаҳид даражасига эришади. Ҳасан ибн Зиёд Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ каби мутлоқ мужтаҳид бўлмасаларда, мазҳаб ичида жуда кучли саналган ижтиҳод эгаси эди.

У кишининг мужтаҳид олим эканликларини таъкидлаб Яҳё ибн Одам раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мен Ҳасан ибн Зиёддан кўра фақиҳроқ одамни учратмадим”.

Шу билан бирга имом Ҳасан ибн Зиёд муҳаддис сифатида ҳам эъзозланади. Зеро, Муҳаммад ибн Самоъа айтади: “Ҳасан ибн Зиёддан эшитганман, у киши шундай деган эди: “Ибн Журайждан 12000 (ўн икки минг) ҳадис олдим. Уларнинг ҳаммаси фақиҳлар билиши керак бўлган, улар учун зарур ҳадислар эди”.

Ҳасан ибн Зиёд жуда ақлли, зеҳнли, барча Ироқ олимлари сўзларини ёд олган эди. У устозидан илм-фан ўрганиб, кейинчалик кўплаб шогирдлар тарбиялади. Жумладан, Муҳаммад ибн Сабаъ ал-Қодий, Муҳаммад Салжий, Шуъайб ибн Айюб раҳматуллоҳи алайҳлар каби ҳанафий олимларни санаш мумкин.

Ҳасан ибн Зиёд Луълуийнинг ал-Мужаррад асари наводир асарлар сирасига киради. Мазкур ал-мужаррад асарида Ҳасан ибн Зиёд имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан фиқҳий масалаларни ривоят қилган. У киши яна “адабул-қозий”, “маъонил-иймон”, “ан-нафақот”, “ал-харож”, “ал-фароиз”, “ал-васояа”, “ал-амолий” каби бир қанча китоблар муаллифи ҳисобланади.

Куфада узоқ вақт таълим олиб илм ўргатганларидан кейин 194 йилда Куфа аҳлига Ҳафс ибн Ғиёс раҳматуллоҳи алайҳдан кейин қозилик қилади. Аммо кейин бу лавозимдан ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. У ўз ҳаётини Исломга бағишлаб, зуҳд йўлини танлади.

Ҳасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ 819 милодий санада (ҳижрий 204 йил) вафот этганлар.

4-курс талабаси
Жумабоев Аваз Алижон ўғли

85360cookie-checkҲасан ибн Зиёд раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёти ва илмий мероси
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting