Бизнинг тилимизда ижобий маънода ишлатиладиган «садоқат», «содиқлик», «ростгўйлик» каби сўзлардан кўзланган маъно арабча «сидқ» шаклида бўлиб, сўзда бўлсин, бошқа нарсаларда бўлсин, «Қувват» маъносини англатади. Бу сўз «кизб»нинг – ёлғоннинг зиддидир. Ёлғон ботил бўлгани учун кучсиз, сидқ ҳақ бўлгани учун қувватли бўлган.
Уламоларимиз сидқ ҳақида бир-бирини тўлдириб келадиган бир неча таърифлар айтганлар.
Роғиб «Муфрадот»да:
«Сидқ гапнинг виждонга ва хабарини берилаётган нарсага баробар тўғри келишидир. Бу шартлардан бирортаси йўқолса, сидқ тугал бўлмайди», деган.
Журжоний «таърифот»да:
«Сидқ ҳукмининг воқеъага тўғри келишидир. У ёлғоннинг зиддидир», деган.
Жунайд роҳматуллоҳи алайҳидан сидқ ва ихлос ҳақида: «Икковлари бирми ёки ораларида фарқ борми?» деб сўралганда:
«Ораларида фарқ бор. Сидқ аслдир. Ихлос фаръдир. Сидқ арабча нарсанинг аслидир. Ихлос фақат амалларни бошлагандан кейингина бўлади. Амаллар икковисиз мақбул бўлмайди», деган.
Имом Абдулкарим Қушайрий:
«Сидқ аҳволингда аралашган нарса эътиқодинингда шубҳа ва амалингда айб бўлмаслигидир», деган.
Уламоларимиз сиддиқликнинг турларини учга бўлишган:

Гап – сўздаги содиқлик.
Бунда гап-сўз амалга тўғри келиши кўзда тутилган.
Амалдаги содиқлик.
Бунда қилинадиган ишнинг фармонга тўғри бўлиши кўзда тутилган.
Ҳолдаги содиқлик.
Бунда қалб ва аъзоларнинг амаллари ихлосга мувофиқ келиши кўзда тутилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам содиқларнинг имоми бўлганлар. Ул зотнинг энг машҳур сифатларидан бири «Содиқ» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда сидқ сифати барча тарафдан мукаммал таризда намоён бўлган.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
У киши айтадилар:
«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. Ул зот содиқу масдуқдирлар:
«Сизнинг ҳар бирингизнинг халқ қилиниш моддаси онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам қилинади. Сўнгра ана шу мислича алақа (зулуксимон қон) бўлади. Сўнгра ана шу мислича музға (чайналган гўшт) бўлади. Сўнгра ичига руҳ пуфланади. Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки бахтлилигини ёзиш амр қилинади. Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки, бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннат орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради. Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, унга киради», – дедилар».
Ушбу ҳадиснинг муқаддимасида ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу севимли Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари рост, тасдиқланган зот эканликларини таъкидлаб қўймоқдалар. У кишининг: «Ул зот содиқу масдуқдирлар», деган гаплари шу маънони ифода қилади.
Содиқлик сифати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур, энг кўп тарқалган сифатларидан бири экани яхши маълум.
Масдуқликлари, яъни росгўйликлари тасдиқланган зот эканликлари ҳам худди шундай маълум ва машҳурдир.

4-курс талабаси
Баҳодиров Ҳожиакбар

85500cookie-checkСИДДИҚЛИК ҲАҚИДА
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting