Ислом дини келгандан сўнг турли минтақа ва элатларга кенг тарқала бошлади. Ислом динига инсонлар тўп-тўп бўлиб кира бошлашди. Уларнинг орасида араб бўлмаган халқлар ҳам кўпчиликни ташкил қилар эди. Муқаддас манбалар бўлмиш Қуръон карим ва ҳадиси шарифларни ўргана бошлашди. Шу тариқа ҳадисларга қўшимчалар киритиш, тўқиш ҳолатлари ҳам учради. Муҳаддис уламолар мана шуларнинг олдини олиш учун ҳаракат қилишди. Хусусан имом Бухорий, Муслим в.ҳ.з муҳаддислар саҳиҳ ҳадисларни жамлаб саҳиҳ эмасларидан ажратишга уриндилар.

Аллоҳ таоло тарафидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали ислом дини мукаммал қилиб тушди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз навбатида Жаброил алайҳиссалом олиб тушган ояти каримани эсдан чиқармаслик учун тез-тез такрорлар эдилар ва қандай эшитган бўлсалар шундайлигича саҳобаларга етказдилар. Саҳобалар ҳам шундайлигича кейингиларга етказиб келдилар. Шу жумладан, ҳадиси шарифларни ҳам саҳобалар ёдлаб олганлар, кейингиларга қандай айтилган бўлса, айтилганидек етказар эдилар, худди оманатни эгасига топширгандек. Ислом дини ҳозирги кунимизгача шундай қилиб оғиздан-оғизга силсилама –силсила етиб келди. Дастлабки вақтларданоқ шариатни, динни бузиш учун мавзуъ (тўқима) ҳадислар тўқиб уларни инсонлар оммасига кенг ёйиш ишларини амалга оширила бошлади. Шу тариқа мавзуъ (тўқима) ҳадислар орасига кира бошлади. Ўзи мавзуъ (тўқима) нима, унинг ҳукми қандай, у нима учун ўрганилади, деган саволлар ўз–ўзидан юзага келади.

Ҳадислар бизга етиб келиш йўлига кўра икки қисмга бўлинади:

1. Мақбул (қабул қилинган).

2. Мардуд (рад қилинган)га бўлинади.

Мардуд хабар деб: хабар келтирувчининг сидқи рожиҳ, деб топилмаган хабарига айтилади. Мардуд хабар: Заиф, мавзуъ, матрук, мункар ва шунга ўхшаш қирқдан зиёд навларга бўлиниб кетган. Бу ҳадисларнинг ҳаммасини таърифини батафсил келтира олмаймиз. Аммо уларнинг энг ёмони, энг шиддатлиси ҳисобланган ҳадис «Мавзуъ» ҳисобланади.

“Мавзуъ” сўзи ўзбек тилида “тўқима” деб номланади.

Шу ўринда бир савол туғилади.

— Мавзуъ ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзи эмас экан, унда нима учун у «ҳадис» деб номланди? Уламолар ўзлари таълиф қилган «ҳадис» китобларида мавзуъ ҳадисларни келтирди ва китобларини эса “Мавзуъ ҳадислар китоби” деб номлади…? |

Эҳтимол уламолар бу саволга «мавзуъ» нинг луғавий маъносига қайтариб жавоб берар. Яъни, «мавзуъ» сўзи – қўйилган – деган маънода бўлиб, бу ерда ҳадис тўқувчилар ўзлари тўқиган ҳадисларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ичига жойлаштирганлари учундир. Ёки «ҳадис» деб аташларига сабаб, суннатга биноандир. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида “ёлғон” сўзнинг “ҳадис” деб номланганлиги келган. Бунга уларнинг далиллари:

عن سمرة بن جندب و المغيرة بن شعبة رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم من حدث يعلم أنه كذب ، فهو أحد الكاذبين – عني بحديث يري – أي

Самрата ибн Жундуб ва Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки ёлғонлигини билиб туриб, менинг номимдан (ёлғон) ҳадис айтса, у ҳам ёлғончиларнинг биридир», – дедилар.

Мавзуъ хабар – тўқилган ёлғон бўлиб, сунъий равишда келтирилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган хабардир. Шундай экан бундай ҳадисларни ривоят қилиш ҳалол эмас.
Ёлғон ҳадис тўқишнинг икки хил йўли бор:

1. Ёлғончиниг ўзи бир калом тўқийди. Кейин тўқилган ёлғонига санад келтиради-да, «ҳадис» деб ривоят қилади.

2. Ёлғончи баъзи бир ҳакимларнинг сўзини олиб, унга санад тўқиб чиқади. Кейин «ҳадис» деб ривоят қилади.

Бу тўқима ҳадисни  тўқишга нима сабаб бўлган?

Бундай ҳадисларни тўқишнинг бир қанча кўринишлари бор бўлиб, хусусан:

1. Исломга зарар етказиш мақсадида тўқилган ҳадислар.

2. Ўз мазҳабига ён босиш учун қилинган ҳадислар.

3. Ҳокимларга тилёғламалик қилиш учун.

4. Касб ва ризқ талаб қилиш мақсадида.

5. Шуҳрат қозониш ниятида  ва ҳоказо бир қанча сабаблар мавжуд.

Яҳё ибн Маъинга “Нима учун бу ҳадисларни ёдлаб юрибсиз, булар тўқимаку”, дейишганда шундай жавоб берган: «Мен буни тўқима ҳадис айтган инсонларнинг хатосини тўғрилаб айтиб, бу тўқима ҳадис деб айтаман» – деган эканлар.

Шу сабаблардан маълум бўлдики, тўқима ҳадислар ёлғон бўлиб, уни ривоят қилиш  ҳаром экани кўринади.

 

4- курс  талабаси
Муҳаммаддинов Аъзамиддин

85900cookie-checkМавзуъ (тўқима) ҳадислар нима мақсадда тўқилган?
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting