Муҳаммад Ибн Ҳасан Шайбоний қаламига мансуб олтита китоб ҳанафий мазҳабидаги энг эътиборли китоблар саналади, уларда келган масалаларга қарши фатво бериш мумкин эмас. Фақатгина зарурат юзасидан, замонлар алмашиши ёки урф-одатларнинг ўзгариш сабабли кейинги давр фақиҳларнинг иттифоқлари билан ундаги айрим ҳукмлар амалдан қолдирилиб, бошқасига алмаштириши мумкин. «Зоҳири ривоя» деб ном олган ушбу асарлар барча фақиҳларни фиқҳ борасида лол қолдирган.

1) «Мабсут» ёки «Асл» Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг илк ёзган китобларидан бўлгани учун ҳам «Асл» маъносини олган бўлиб, унда Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ)нинг фатво берган масалалари тўпланган. Агар ўша масалага Абу Юсуф билан Муҳаммад хилоф қилишган бўлса, у ҳам зикр қилиб келтирилган. Агар ҳеч қандай хилоф қайд этилмаган бўлса, бу уч имомнинг иттифоқ қилган масалалари ҳисобланади. Баъзи ўринларда Ибн Абу Лайлонинг (693-765) фикрлари ҳам зикр қилинган.

Муҳаммад Ибн Ҳасан Шайбонийдан ривоят қилинган «Мабсут»лар кўп. Уларнинг энг зоҳирроғи, энг машҳур нусхаси Абу Сулаймон (вафот 200/815) Жузжонийга тегишли. Шайхул Ислом Абу Бакр Хоҳарзоданики (вафот 483/ 1090) «Мабсути Шайхул Ислом» ёки «Катта Мабсут» дейилади. Шамсул аимма Сарахсий (1009- 1090) ва устози Шамсул аимма Ҳаловоний (вафот 456/1063) нусхалари мавжуд. Зоҳир ривоя масалаларини жамлаб, Ҳоким Шаҳид (вафот 334/945) «Китобул Кофия» асарини ёзган ва у ҳам «Асл» деб аталади. Унга Шамсул аимма ва Шайхул ислом Исбижобийлар (вафот 535/1140) шарҳлар ёзишган.

«Мабсут» Қоҳирада 1954 йилда, сал кейинроқ Карачида 5 жилд қилиб нашр этилган. «Фасод» бўлаги немис тилига тарижима қилинган.[1]

«Кашфуз зунун»да айтилишича, бир ғайридин олими «Мабсут» ни ўқиб, мусулмон бўлади ва «Кичкина Муҳаммадингизнинг китоби шундай бўлса, катта Муҳаммадингиз китоби қандай экан?!» деган;

2) «Ал-Жомеъ ас-сағир» (кичик тўплам). Бу китобда муаллиф Абу Юсуф воситаси билан Абу Ҳанифадан ривоят қилган масалаларни зикр этган. Шунинг учун ҳар бир боб «Муҳаммад Яъқубдан, у эса Абу Ҳанифадан ривоят қилди…» жумласи билан бошланади.

«Ал-Жомеъ ас-сағир» гарчи Муҳаммад Шайбонийнинг асари экани аниқ бўлсада, аслида у тартибга солинмаган бўлган. Уни икки шахс – Абул Ҳасан ибн Аҳмад Заъфароний (Х аср) ҳамда Абу Тоҳир Муҳаммад Даббос (Х аср) тартибга солиб, мавзулар бўйича бобларга ажратиб чиққани манбаларда зикр этилади.

«Жомеъ ас-сағир» да 1532 та масала баён этилган бўлиб, 170 масалада ихтилофлар кўрсатилган. Асарда қиёс ва истеҳсон масалалари йўқ, фақат икки масала мерос масаласида улар кўрсатилган.

Абу Юсуф ушбу китобни ёзишни Муҳаммадга тавсия қилган. Абу Юсуф ҳатто сафарга чиққанида ҳам мазкур китобни ёнидан қўймаган. «Кимки ушбу китобни ўқимаса, фатво беришга ҳаққи йўқ» деб уни мадҳ қилган.

Абу Жаъфар Таҳовий (853-933), Абу Бакр Жассос  (918-980), Абу Лайс Самарқандий (вафот 393/1003), Абулқосим Розий (вафот 474/1081), Шамсулаимма Сарахсий (1009-1090), Садрул Ислом Паздавий (вафот 493/1099), Абул Муъин Насафий (вафот 508/1114), Абу Бакр Балхий  (553/1158 ), Абу Наср Аттобий (вафот 586/1190), Имом Қозихон (вафот 592/1195) каби машҳур фақиҳлар унга шарҳлар битишган.

«Жомеъ ас-сағир» Мисрда «Амирия» матбаасида 1884-йили «Китобул харож» билан бирга нашр қилинган. Шунингдек, асар Ҳиндистонда беш карра тошбосмаларда нашрдан чиққан. Унинг немисча таржимаси мавжуд.

3) «Жомеъул Кабир» (катта тўплам). Бу муаллифнинг энг аҳамиятли асарларидан бири бўлиб, унинг икки таҳрир варианти бор. Биринчи вариантини Абу Ҳафс Кабир (767-831) ва Абу Сулаймон Жузжоний (вафот 200/815) ҳамда Муҳаммад ибн Самоа каби шогирдлари ривоят қилганлар. Кейинчалик муаллиф бу асарга яна мурожаат қилиб, қайта  ишлаган баъзи боб ва мавзулар қўшган жумлаларни таҳрир қилган, ихчамлаштирган. Бу вариантни шогирдлари яна қайта ривоят қилганлар.

4) “Сиярус сағир”. Муаллиф мазкур асарида жиҳод ҳукмларини баён қилган, унда нима мумкин, нима жоиз эмас, сулх, дипломатик муомала, ўлжа ва жанг вақтида бўладиган бошқа масалаларнинг ҳукмлари зикр этилган. Бу масалаларни муаллиф Абу Юсуф воситаси орқали Абу Ҳанифадан ривоят қилган.

5) “Сиярул Кабир”. Бу муаллифнинг охирги асарларидан бўлиб, унда Абу Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)нинг номи умуман тилга олинмаган. Агар унинг ривоятига эҳтиёж сезилса, “Ишончли одамнинг менга хабар қилишича, деб унга ишора қилиб кетилган, холос.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг мазкур икки асар “Ас-Сияр ас-сағир” ва “Ас-Сияр ал-кабир” инсоният тарихидаги давлатлараро қонунларнинг, дипломатик муносабатининг назарий қоидалари ишлаб чиқилган, исломий халкаро ҳуқуққа оид илк асарлар ҳисобланади.

Муҳаммад Шайбоний мазкур асарида ҳар бир масалани  ҳадисдан далиллар келтириб исботлаб кетади. Баъзи қиёсий далиллар билан ўз фикрини қувватлайди.

“Сиярул Кабир”га бир қанча шарҳлар ёзилган бўлиб энг машҳур шарҳи шамсул аймма Сарахсий (1009-1090) томонидан битилган. Мазкур шарҳ Ҳайдарободда 1916-1917-йилларда 4 жилд, Қоҳирада 1957-1960-йилларда ва 1971- йили яна Қоҳирада 5 жилд ҳолида нашр қилинган. Асарнинг туркча ва французча таржималари ҳам чоп этилган;

6) “Зиёдот” (Зиёда масалалар). “Зоҳирур ривоя китоблари”га киритилган мазкур олтинчи асарни, гарчи баъзи тадқиқотчилар “наводир”дан ҳисоблашса-да, лекин ривоятининг машҳурлиги жиҳатидан “Зоҳири ривоя китоблари”га киришга ҳақлидир.

                                                                                                   4-курс  талабаси
Нурматов Бекзод

 

87200cookie-check“Зоҳири ривоя” китоблари
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting