Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 450-505 йилларда яшаб ўтганлар. Бу зотнинг илмдаги нуфузини бутун ислом олами уламолари эътироф этадилар. У зот ҳадис, фиқҳ, ақида, мантиқ, фалсафа, тафсир соҳасининг етук олими ҳисобланадилар. У барча илмларда имом ва 200 дан ортиқ исломий китобларга муаллифлик қилган таниқли олимдир. У зот шариат, тасаввуф ва ҳақиқат илмларида уммон эдилар.

Имом Ғаззолий умрларининг сўнгида сўфийлик ҳаётинин ихтиёр қилганлар ва “Сўфийлик – нубувват дарчасидан тушаётган нур”, деганлар. Шунингдек, яна “Агар барча олимларнинг илми, доноларнинг донолиги, ақллиларнинг ақллари жамланадиган бўлса ҳам, улар тасаввуф илмига қилчалик зиёдалик кирита олмайдилар”, деб айтганлар. Одамлар имом Ғаззолий эгаллаган шариат илмларининг поёнини илғашга ожиз бўла туриб, қандай қилиб сўфийликни қоралашларига тушунмайсан киши.

Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу[1], 470-561 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот ҳанбалий мазҳаби имоми бўлиб, уларнинг баракотидан 5000 киши Исломни қабул қилишган ва 100 минг мусулмон тавба қилиб, гуноҳларини ташлашган. Бағдоднинг майдонида у зотнинг ваъзларини эшитиш учун келган одамларга жой етмай, шаҳар ташқарисигача чиқиб кетар эдилар. У зот ваъз қилган пайтларида 400 нафар олимлар уни ёзиб турар эдилар. Абдулқодир Жийлоний қуддиса сирруҳу Қодирия тариқати имоми ҳамда энг буюк сўфийлардан бир бўлганлар.

Иззуддин ибн Абуссалом раҳимаҳуллоҳ, 577-660 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зотни “ўз замонаси олимларининг султони” ва “олимлар учун шамчироқ”, деб атаганлар. Аллоҳ таоло у зотга жуда кўп илм ато қилган эди. Иззуддин ибн Абуссалом ўзларини назарда тутиб: “Қизиқ, биз олмаган яна қандай илм бор экан?”, деганлар. У зот тариқатни Нақшбандия тариқатининг машҳур имоми Шиҳобиддин ас-Суҳравардий ва Шозилия тариқати имоми Абулҳасан аш-Шозилийлардан қабул қилиб олганлар. Имом Шозилийнинг ажойиб ваъзларини эшитганларида: “Сўфий шариатнинг мустаҳкам асосида, қолганлар эса одат ва номларнинг устида ўтиради”, деганлар.

Имом Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳ, 544-606 ҳижрий йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот улуғ имом, таниқли олим, энг забардаст тафсир билимдонларидан бўлганлар. Уларнинг Қуръони каримга ёзган 30 жузли тафсирлари бўлиб, унда кўплаб яширин ҳикматлар мавжуд. Шунингдек, у зот усул илмида ҳам етук илмга эга эдилар. Имом Фахриддин ар-Розий билан 500 га яқин китоб ёзган машҳур олим Муҳйиддин ибн Арабий ўрталарида илиқ муносабат бўлган. Бу икки улуғ олим бир-бирларига мактублар ёзишган. Имом ар-Розий сўфийлар ҳақида: “Сўфийлар доимий тафаккур юритадиган кишилардир. Улар ўз қалбларини нафс истакларидан тозалаб, Аллоҳнинг зикрини қилишга ва доимо Аллоҳга нисбатан одоб сақлашга боғлаганлар”, деб ёзадилар.

Ибн Қудома ал-Мақдисий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 540-620 йилларда яшаб отганлар. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида қуйидагиларни ёзадилар: “У – ўзининг замонасида унга тенг келадигани топилмайдиган улуғ олим, имом ва шайхул Ислом. У зот Бағдодда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларини ўрганиб, у бўйича фатволар берган. У ҳар хил илмларни чуқур ўрганган, дунёдан юз ўгирган, кўп ибодат қилувчи ва гўзал хулқ соҳиби эди. У кибрдан холи, сахий, гўзал, ҳаёли, Қуръонни кўп тиловат қилувчи, тунлари қоим, кундузлари соим ва салафи солиҳларнинг йўлларини тутган зот эди. У кўплаб мақомотлар ва кашф соҳибидир”.

Ибн Қудома Қодирия тариқати имоми Абдулқодир Жийлоний қаддаса сирруҳунинг муридлари бўлганлар. У зот дунё матосидан юз ўгиришнинг зарурлиги ҳақида васиятнома ёзганлар. Васиятнома тасаввуф аҳлининг мадҳи, тарихи ва уларнинг йўлларига эргашишга бўлган чақириқ билан тўладир. У зот солиҳ кишилар ва уларнинг китоблари орқали таббурук қилиш мумкинлиги ҳақида гапирганлар.

Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 631-676 йиллари яшаб ўтганлар. Бу зот ҳадис ва фиқҳ илмининг имомидир. Уламолар “У зотдан кейин унга тенг келадигани бўлмаган”, дейдилар. Бутун дунё мусулмонлари ҳадис ва фиқҳ соҳасида у зотнинг китобларидан фойда оладилар. Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ тасаввуфни қўллаб-қувватлаганлар. У зот тасаввуфдан сўзлайдиган иккита китоб ёзганлар: “Бўстонул орфийн” ва “Ал-Мақосид”.

Имом “Ал-Мақосид”да ёзадилар: “Сўфийлик беш асосдан иборат: биринчиси, ошкора ва махфий тақво; иккинчиси, сўз ва амалда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш; учинчиси, инсонларга улар билан бирга бўлганда ҳам, фироқда бўлганда ҳам боғланиб қолмаслик; тўртинчиси, бойликда ҳам, йўқчиликда ҳам Аллоҳдан рози бўлиш; бешинчиси, хурсандчиликда ҳам, мусибат етганда ҳам Аллоҳга юзланиш”.

Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 727-771 йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот ҳам барча мусулмонларнинг эҳтиромига сазовор, шофиий мазҳабининг имоми, кўплаб фойдали китоблар муаллифи ва исломий илмлар уммони бўлган машҳур олимдир. Мана у киши тасаввуф ҳақида нима деганлар: “Қисқача қилиб айтганда, сўфийлар – улар зикр қилинганида раҳмат нозил бўладиган ва уларнинг дуолари билан ёмғир ёғадиган Аллоҳ таолонинг муқарраб бандалари. Аллоҳ улардан рози бўлсин ва уларнинг баракотидан бизлардан ҳам рози бўлсин”.

Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 790 йилда вафот этганлар. Моликий мазҳабининг имоми ва усулул фиқҳ илмида кўзга кўринган энг улуғ олимлардан. Бу муборак зот янги пайдо бўлган нарса – бидъатлар билан ўта фаол курашган бўлсалар-да, сўфийликни буддавийлик ёки насронийликдан келиб чиққан деб айтмаганлар.

Имом Шотибий ўзларининг “Ал-Иътисом” номли китобларида ёзадилар: “Сўфийлар, аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эътимод қиладилар. Сўфийлар аҳли суннанинг хос кишиларидандир”.

Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу китобларида сўфийлик Исломнинг асл моҳиятидан узоқлашиб бораётганини ёритиб берганлар.

Ибн Халдун раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 732-808 йилларда яшаб ўтганлар. Бу зот таниқли ислом олими ва энг ишончли тарихчилардан бири ҳисобланадилар. “Муқаддима” номли китоблари бутун дунё аҳолиси томонидан тан олинган асарлардан биридир.

Муаллиф мана шу китобда: “Тасаввуф бу Исломда пайдо бўлган шариат илмларидандир. У инсонларни ҳақиқатга чорлайдиган саҳобалар, тобеинлар ва табаа тобеинларнинг йўлларидир.”, деб ёзганлар.

Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ, ҳижрий 849-911 йилларда яшаб ўтганлар. Мусулмонлар орасида бу муборак зотни танимайдиган киши топилмаса керак. Ҳадис, фиқҳ, усул, улумул Қуръон, ақида ва бошқа илмларда энг улуғ олимлардан бири. У зот ислом илмларига оид 500 га яқин китоб ёзганлар. “Ал-Жомеъ ал-Кабир” номли кўп жилдли китобларида ўн минглаб ҳадисларни алифбо бўйича тартиблаб чиққанлар. Тасаввуф ҳақида “Таъйид ал-Ҳақиқат” номли китоб ёзиб, унда қуйидагиларни айтадилар: “Тасаввуф бу – улуғланган илм. Унинг асоси – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ва янги пайдо бўладиган ишлар (бидъат)лардан четлашиш”.

Мана гувоҳи бўлганимиздек, умматнинг энг илмли кишилари тасаввуф ёки сўфийлик ҳақида ўз фикрларини билдирибгина қолмай, балки бу соҳада алоҳида китобларни таълиф этганлар. Тўғри, улар тасаввуфнинг Қуръон ва суннат моҳиятидан оғиб кетаётганлигини танқид қилган бўлсалар-да, ҳақиқий, суннатга мувофиқ тасаввуф қандай бўлиши кераклигини асослаб, унга эргашиш салафи солиҳларнинг йўли эканлигини ҳам сўз, ҳам амал билан кўрсатиб берганлар. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин ва уларга берган фазлу марҳаматидан бизларни ҳам баҳраманд айласин!

405-гуруҳ талабаси
Холназаров Азизбек

[1] Қуддиса сирруҳу (араб: – “Руҳи муқаддас бўлсин”) – бу арабий ибора тасаввуф аҳлидан бирор шайх ёки пир-муршиднинг номи зикр этилганда дуо сифатида айтилади. Баъзан “Қаддасаллоҳу руҳаҳу”, яъни “Ул зотнинг руҳини Аллоҳ муқаддас қилсин”, тарзида ҳам келади.

87830cookie-checkОЛИМЛАРНИНГ ТАСАВВУФ ВА СЎФИЙЛАР БОРАСИДАГИ МУЛОҲАЗАЛАРИ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting