Махсига масҳ тортишлик суннат билан жоиздир.

عَنْ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ :” كُنْت مَعَ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم فِي سَفَرٍ فَقَضَى حَاجَتَهُ ، ثُمَّ تَوَضَّأَ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ ، قُلْت : يَا رَسُولَ اللَّهِ ! أَنَسِيت ؟ قَالَ : “بَلْ أَنْتَ نَسِيت بِهَذَا أَمَرَنِي رَبِّي عَزَّ وَجَلَّ”. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُد .

Муғира ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда эдим. Қазои ҳажат қилдилар сўнг таҳорат олиб, икки маҳсиларига масҳ қилдилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг расули! Унутдингизми?” дедим. У зот: “Балки, сен эсдан чиқардинг, Роббим азза ва жалла мени шунга буюрди” дедилар” (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

“Нажоший Расулуллоҳ (с.а.в.)га бир жуфт қора, содда махси ҳадя қилди. Бас у зот уларни кийдилар, таҳорат қилдилар ва масҳ тортдилар”.

Ҳазрати Али р.а.дан қилинган ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в.):

يمسح المقيم يوما و ليلة و المسافر ثلاثة ايّام و ليالها

“Муқим киши бир кеча-кундуз, мусофир киши эса уч кеча-кундуз масҳ тортади”деганлар.

Ҳасан Басрий (р.а) айтдилар: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг саҳобаларидан етмиш киши Пайғамбар (с.а.в.)нинг оёқ кийимларига масҳ тортганларини кўришганлигини ривоят қилади”. Махсига масҳ тортишни жоиз эканлигини тасдиқлашлик аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодидандир. Шунинг учун Абу Ҳанифа Нўъмон ибни Собит (р.а) “Кимда-ким Махсига масҳ тортишни инкор қилса, унинг куфрга тушиш хавфи бор, чунки Махсига масҳ тортишлик ҳақидаги ривоятлар маънан мутавотир даражага етган”. Абу Юсуф (р.а) “Махсига масҳ тортишлик ривоятларига ўхшаш ривоятлар ҳатто Қуръон оятини насх қилиши мумкин”, деб айтдилар.

Исломда инсонлар учун осонлаштирилган амаллардан бири таҳоратда оёқни ювиш ўрнига оёқ кийимга, яъни махсига масҳ тортишдир. Аммо ғусл вожиб бўлган киши оёқ кийимини ечиб ювади. махси деб оёқнинг ошиғини беркитадиган оёқ кийимга айтилади. Оёқ кийими бўлган махсига масҳ тортиш шариатимизда жоиздир. У эркак ва аёл учун баробар, уларга хоҳ сафарда бўлсин, хоҳ муқимликда қишин-ёзин масҳ тортишга рухсат этилади.

Махсига масҳ тортиш шартлари:

1-Оёқнинг ошиқларини беркитган бўлмоқлиги.

2-Оёқнинг кичик бармоқларидан учтаси кўринадиган миқдорда йиртиқ бўлмаслиги.

3-Юрган вақтда оёқдан ечилиб кетадиган даражада бўлмаслиги.

4-Сув ўтмайдиган бўлиши. Бугунги кундаги пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас.

5-Камида бир фарсах миқдордаги йўлни босиб ўтиши билан йиртилиб кетмаслиги. Бир фарсах тахминан 8 қилометрни ўз ичига олади.

6-Махсини тўла таҳоратли ҳолда кийган бўлмоқлиги ҳам шарт.

Масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқ учтаси миқдорича икки қадамнинг устига ҳам қўл билан силамоқликдир. Оёқнинг остига ё ёнларига масҳ тортиш дуруст эмас. Муғира (р.а) ” Расулуллоҳ (с.а.в) икки қўлларини икки махсилари устига қўйиб, оёқларининг бармоқларидан бошлаб, тўпиқнинг тепасигача бир марта чўзиб масҳ тортдилар. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг махсилари устида қолган чизиқларни ҳозир ҳам кўриб тургандекман” дедилар. Бу масҳ тортишнинг суннат кўриниши.

Масҳнинг муддати таҳорат бузилган вақтдан бошланади. Муқим учун масҳ ториб юриш муддати юқоридаги пайтдан бошлаб бир кеча-кундуз, яъни йигирма тўрт соат, мусофир учун юқоридаги вақтдан бошлаб уч кеча-кундуз, яъни етмиш икки соат ҳисобланади. Мисол учун бир киши субҳда таҳорат олдида махсини кийди. Ва шу таҳорати пешинда синди. Демак, бунда у янги таҳорат қилади ва оёғига масҳ тортади. Ва кейинги куннинг пешин намозигача оёғига масҳ торта олади, агар мусофир бўлса, учинчи куннинг пешинигача масҳ тортиши мумкин.

Агар муқимнинг масҳ муддати тугамай сафарга чиқса, унинг масҳ тортиш муддати мусофирнинг масҳ тортиш муддатига айланади. Мусофир бир кун ўтиб уйига қайтса, махсини ечиб оёғини ювади. Чунки масҳ тортиш муддатнинг охирги вақтига қараб эътибор қилинади. ҳар таҳорат синганда янгидан масҳ тортилади. Масҳ тортмасдан ўқилган намоз қайтадан ўқилади.

Энди масҳни бузадиган амалларни санаб ўтамиз.

1-Таҳоратни бузувчи ҳар бир амал масҳни ҳам бузади.

2-Ғусл вожиб бўлган кишиларга жунуб, ҳайз ёки нифос ҳолатида масҳ тортиш дуруст эмас.

3-Бир қадамнинг аксар қисми махсининг тўпиққача бўлган еридан чиқиб кетса ҳам икки оёқ ечиб ювилади.

4- Масҳ муддати тугаса ҳам оёқ ечиб ювилади.

Бир махсидаги йиртиқлар жамланади. Лекин икки оёқни йиртиқлари жамланмайди. Бир оёқни махсисини ечилиши иккинчи ечилмаган махсини масҳини ҳам синдиради.

Махсини устидан кийилган журмуққа масҳ тортиш жоиздир. (Журмуқ — пайпоқ каби матодан тиқилган кийим). Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай қилганлар. Бунга имом Шофиий (р.а) хилоф қилганлар. Лекин шарти журмуқ таҳорат бузилмасдан кийилган бўлиши шарт.

Яна жаврабга ҳам масҳ тортса бўлади, агар ўша жавраб сахин бўлса. “Сахин” деб пайпоқни ҳеч бир нарса билан боғламай ўз ҳолида қўйилганда тўпиқдан тушиб кетмаслигига айтилади. Лекин ҳозирги пайпоқларга масҳ тортиб бўлмайди. Саллага, қалпоққа, дўппига, рўмолга масҳ тортишлик жоиз эмас. Чунки буларни ечишда қийинчилик йўқ.

Жабирага (яъни, яра устидан боғланган латтага) масҳ тортишлик жоиздир, гарчи бетаҳорат ҳолда боғланган бўлса ҳам. Чунки, Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзлар ҳам шундай қилиб, ҳазрати Али (р.а) га ҳам шундай қилишни буюрганлар. Жабирага масҳ тортишда унинг кўпига масҳ тортиш кифоя қилади. Жабирага масҳ тортишликка таҳоратда ҳам, ғуслда ҳам рухсат берилади. Унинг масҳининг муддати йўқ. Агар жабира остидаги яра битмай тушиб кетса, масҳ бузилмайди. Агар яра битган бўлса, масҳ бузилиб, ювиш вожиб бўлади.

همام قَالَ: رَأَيْتُ جَرِيرًا رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ تَوَضَّأَ مِنَ الْمَطْهَرَةِ، ثُمَّ مَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ، فَقِيلَ لَهُ: أَتَمْسَحُ عَلَى خُفَّيْكَ؟ قَالَ: إِنِّي رَأَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَمْسَحُ عَلَى خُفَّيْهِ، فَكَانَ هَذَا الْحَدِيثُ يُعْجِبُ أَصْحَابَ عَبْدِ اللَّهِ، لأَنَّ إِسْلامَهُ كَانَ بَعْدَ نُزُولِ الْمَائِدَ.

Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади:

“Мен Жарир розияллоҳу анҳу таҳорат олинадиган идишдан таҳорат олганини, сўнг икки маҳсисига масҳ тортганини кўрдим. Шунда унга: “Икки маҳсинга масҳ тортасанми?” дейилди. У: “Набий саллоллоҳу алайҳи васалламни икки маҳсиларига масҳ тортаётган ҳолларида кўрдим” деди. Бу ҳадис Абдуллоҳнинг шерикларини хайратлантирар эди. Чунки, у Моида (6-оят) нози қилингандан кейин исломни қабул қилган эди”.

Имом Зайлаъий ушбу ҳадисни ўзининг “Насбур роя” китобида зикр қилиб, муҳаддислар наздида, ушбу ҳадис жуда мақбул эканини айтганлар.

МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Шаръий истилоҳда туфуқгача бўлган миқдорни беркитиб турадиган тери ёки тери каби нарсадан ясалган оёқда ўз холича тик турадиган, шаффоф бўлмаган ва сув ўтказмайдиган оёқ кийимга “хуфф” дейилади (Маъорифус сунан. Ж. I. Б. 321).

“Файзул борий”нинг соҳиби Анвар шоҳ Кашмирий: “Хуффнинг таржимаси мутлоқ пояфзал дегани эмасдир” деганлар (Файзул борий. Ж. I. Б. 303).

Шариат истилоҳида мутлоқ пояфзалларга хуфф деб айтилмайди. Балки, тери ёки терига ўхшаш махсус шартлари топилган оёқ кийимга “хуфф” дейилади. Бирор муҳаддис ёки фақиҳ барча оёқ кийим “хуфф” бўлади деган эмаслар (Муҳаммад Руфъат Қосимий).

Араб тилида маҳси деб “хуфф”га айтилади. Ҳадисда “масаҳа аълал хуффайни” деб, “хуфф” сўзини иккиликда келтирган. Чунки, узурсиз фақат бир маҳсига масҳ тортиш жоиз эмас. Маҳсига араб тилида “хуфф” сўзини ишлатилиши маҳси тортувчига енгиллик бўлгани учундир. Чунки, “хуфф” “енгил” деган маънони англатади. Зеро, оёқни ювишга нисбатан, унга масҳ тортиш енгилроқдир. Аллоҳ таоло ушбу енгилликни Ўз пайғамбари орқали бандаларига билдирди. Бу енгиллик уммати Муҳаммадияга хос эканлиги айтиб ўтилган (Дуррул мухтор. Ж. III. Б. 32).

МАҲСИГА МАСҲ ТОРТИШНИНГ ТАЪРИФИ

“Масҳ”нинг луғавий маъноси қўл билан бирор нарсани силаш, артишга айтилади. Масалан, бир киши қўли билан бирор нарсани силаса, унга араб тилида “مسح عليه (масаҳа алайҳи – у фалон нарсани силади ёки артди)” ибораси ишлатилади.

الْمَسْحُ هُوَ الْإِصَابَةُ.

“Масҳ у (намликни) етказишдир” (Жавҳаратун наййира).

Масҳнинг шариатдаги истилоҳий маъноси:

والمسح على الخفّين : إصابة البلّة لخفّ مخصوصٍ في محل مخصوصٍ وزمن مخصوصٍ .

“Муайян вақтда, хос услуб билан махсус маҳсига намликни етказишдир” (Мавсуатул фиқҳия)

Маҳсига масҳ тортиш жоиз амалардандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёлларга муқимликда ҳам, сафарда ҳам маҳсиларига масҳ тортишга рухсат берганлар. “Рухсат” енгиллик ва осонликдан иборатдир.

Совуқ ўлкаларда ёки мавсумларда таҳоратда оёқларни ювиш машаққатдир. Шу боис Шориъ алайҳис салом ўз умматларига енгил бўлсин учун маҳсига маҳси тортишга буюрганлар. Албатта, бу уммат учун улкан шараф ва неъматдир. Бу орқали шахс уммати муҳаммадияликни даъво қилади. Ушбу неъматларни инкор қилган шахс нонкўр ва ношукур бўлиб қолмайдими?

“Ҳидоя”да кимки маҳсига масҳ тортишни инкор қилса, у бидъатчидир. Ким маҳсига масҳ тортса жоиз. Лекин, маҳсига масҳ тортиш ўрнига азимат (оёқ ювиш) амални қилса, ажр олади деб, ёзилган.

Одамлар Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан аҳли сунна вал жамоа аломати ҳақида гапириб беришларини сўрадилар.

Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларни саҳобийлар орасида энг афзали деб тушуниш. Усмон ва Али розияллоҳу анҳумоларни яхши кўриш ва маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билиш. Маҳсига масҳ тортишни инкор қилувчилар аҳли сунна вал жамоадан эмаслар”деди. (Туҳурул муслимийн. Б. 34).

“Икки маҳсига масҳ тортиш жоиз. Уни инкор қилиш фосиқлик. Лекин маҳсига масҳ тортишни инкор қилмай оёқларидан маҳсини ечиб, уни ювиш афзал. Агар маҳсига масҳ тортишни жоиз деб билмайдиган кишилар орасида бўлса, маҳсига масҳ тортиш афзалдир” (Имдодул муфтийн. Ж. I. Б. 204, Дуррул мухтор. Ж. I. Б. 243).

Маҳсига масҳ тортишнинг сири

Одатда таҳорат аъзолари тез-тез кир ва чанг бўлиб қолади. Шу боис уларни таҳоратда ювишга амр қилинган. Оёқга маҳси кийгандан кейин оёқ ботиний аъзога айланади. Араблар маҳси кийишни одатга айлантирган халқ ҳисобланади. Ҳар намозда уни ечиб, оёқни ювиш машаққат ва қийинчилик туғдиради. Шунинг учун маҳсини кийгандан кейин оёқ ювиш соқит бўлади. Маҳси устига масҳ тортиш оёқ ювишни эслатади. Масҳ оёқ ювишни бир намунасидир. Ундан бошқа бирор мақсад йўқ (Асрори шариъат. Ж. I. Б. 79).

Шариат нафсни бефарқ ўз ҳолига ташлаб қўймайди

Шариъат берилган рухсат (енгиллик) билан ибодати матлуба (азимат)ни эътиборсиз тарк қилиб қўймайди. Шу боис Шориъ маҳсига масҳ тортиш борасида учта нарсага эътибор қаратишни белгилаб қўйди.

Биринчиси, муқим (сафарга чиқмаган киши) учун маҳсига масҳ тортиш бир кун, мусофир учун уч кун деб белгиланди. Чунки бир кун ичида ҳар бир ишни тартибга солиш ва уни амалга ошириш мумкин. Зеро, бирор нарсани қилишни хоҳласангиз, уни бажариш учун ҳам муддат керак. Мусофирга уч кун деб белгиланиши машаққат ва таклиф тақсимотида муқим билан бир хил бўлиши учун.

Иккинчиси, маҳсини кияётган вақтда таҳоратли бўлиши талаб этилади. Токи, маҳси кийювчини дилида поклик нақш каби чизилиб, чанг ва ғубордан деярли ҳоли ҳолатда маҳси кийсин. Ушбу поклик билан қалб тасаллий топади.

Учинчиси, маҳсини устига масҳ тортилади, токи оёқни ювишни эслатиб турсин. Ҳазрати Али Каррамаллоҳу” важҳаҳу дедилар: “Шариъатга ақлни аралаштириш мумкин бўлганида, албатта ақл маҳсини устига масҳ тортгандан остига тортиш муносиб деб ҳукм чиқарган бўлар эди”.

Юқорида келган маълумотларга кўра, маҳси устига масҳ тортиш оёқни ювишни эслатиб туриш учундир. Маҳси остига масҳ тортилса, у ёқ бу ёқга юрилганда маҳсининг остки қисми нам бўлиб қолгани боис ифлос, чанг бўлиб қолади. Шу боис ҳам Шориъ маҳсини юқори қисмига масҳ тортишга амр қилди. Али Каррамаллоҳу важҳаҳу ўзларининг юқоридаги сўзлари орқали динга инсонлар таъсири ўтказишга уринмасин демоқчилар. Агар инсонлар динга таъсир ўтказишса, оми қатлам динни изидан чиқариб бузиб ташлайдилар (Ҳужжатуллолҳу болиға. Ж. I. Б. 280. Асрориш шариъа. Ж. I. Б. 80).

Маҳсига масҳ тортишда ақлга ўрин йўқ

وَأَخْبَرَنَا أَبُو عَلِيٍّ الرُّوذْبَارِيُّ ، أَخْبَرَنَا أَبُو بَكْرِ بْنُ دَاسَةَ ، حَدَّثَنَا أَبُو دَاوُدَ ، حَدَّثَنَا مُحَمَّدُ بْنُ الْعَلاءِ ، حَدَّثَنَا حَفْصُ بْنُ غِيَاثٍ ، عَنِ الأَعْمَشِ ، عَنْ أَبِي إِسْحَاقَ ، عَنْ عَبْدِ خَيْرٍ ، عَنْ عَلِيٍّ ، قَالَ : لَوْ كَانَ الدِّينُ بِالرَّأْي لَكَانَ أَسْفَلُ الْخُفِّ أَوْلَى بِالْمَسْحِ مِنْ أَعْلاهُ ، وَقَدْ رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَمْسَحُ عَلَى ظَاهِرِ خُفَّيْهِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Дин райга асосан бўлганида, албатта маҳсининг ости устидан маҳси тортишга авло бўлган бўлар эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни маҳсиларини устига масҳ тортаётганларини кўрдим” (Абу Довуд ривояти).

Шарҳ: Маҳси остига нажосат ва турли ғуборлар ёпишади. Шу боис ақл маҳси остини тозалашни ва унга масҳ тортишни амр қилади. Шариатга хоҳ омиларнинг ақли бўлсин хоҳ олимларнинг ақли бўлсин ҳеч қандай дахли йўқдир. Инсонлар Аллоҳ таоло ҳукмларини идрок қилишдан ожиздирлар. Шу боис ақиллий ва доно шахслар ақлларини четга қўйиб, шариатнинг барча кўрсатмаларига лаббай деб қулоқ тутишлари даркор.

Кофир ва худосизлар ўз ақилларига ҳаддан зиёд эрк бериб юборганлари учун тўғри йўлдан адашдилар. Натижада ақл яхши деб билган нарсаларнинг тузоғига тушиб қолдилар (Мазоҳиру ҳаққ. Ж. I. Б. 468).

Шиша, темир ёки тахтадан ясалган маҳсига масҳ тортиш дуруст эмас. Чунки, ушбу буюмлардан тайёрланган оёқ кийимни кийиб ҳотиржам, бирор такаллуфсиз юриш мумкин эмас (Дуррул мухтор. Ж. III. Б. I. 34, Оламгрия. Ж. I. Б. 65).

Алимардон МирАҳмад

 

87960cookie-checkИкки махсига масҳ тортиш ҳақида
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting