Аллоҳ таоло Ўз Каломи шарифида: “У (Аллоҳ) қалам билан илм ўргатгандир“,-дея марҳамат қилган. “Алақ” сурасининг дастлабки беш оятлари нозил бўла бошлаши билан Аллоҳ таолонинг Ўзи мўмин-мусулмон бандаларига ушбу мукаммал дастурни ҳаётларига татбиқ қилишларида лутфу иноят кўрсатди. Бу-инсониятнинг камолга етганлиги аломати эди.

Аллома Исмоил ибн Касир роҳматуллоҳи алайҳ ўз тафсирларида бу ҳақида қуйидагиларни ёзадилар: “Қуръондан нозил бўлган аввалги нарса ушбу муборак оятлардир. Улар Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига кўрсатган биринчи раҳматидир. Уларда инсонни халқ қилиш “алақ”дан бўлганига ишора бор. Инсонга у билмаган нарсани таълим бериш У Зотнинг карамидан эканлигига ишора бордир. Аллоҳ таоло уни илм ила шарафлади ва улуғлади. Бу эса Одамни фаришталардан устун қилган нарсадир“.

Ҳа, мана шу оятларда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму ма’рифат воситаси рамзи бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким бимаган ҳам. Лекин Қуръони карим илоҳий китоб бўлганидан бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларида берди.

Аллоҳ таоло бу билан Қуръоннинг илм китоби, Исломнинг илм – маърифат дини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм пайғамбари эканларини далил қилмоқда. Инсонларни илм – фанни чуқур эгаллаб, Парвардигорларини яхшироқ танишга чақирмоқда.

Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илмни китобат (ёзиш) билан боғлаб (мустаҳкамлаб) қўйинглар”, дедилар.Табароний ва Ҳоким ривояти.

Ёзув ўта зарур ва беқиёс нарса. Ёзув – кечамиз, ёзув – бугунимиз, ёзув – эртамиз. Шунинг учун ҳам Беруний бобомиз ёзиш санъатига: “…замонлардан замонларга нафас сингари ўтувчи хат”, ˗ дея баҳо берган эди. Ундан бир аср олдин яшаган Форобий чиройли ёзиш билан шуғулланиб, “Ёзув санъати ҳақида” китобини битгани маълум. Юсуф Хос Ҳожиб:

Битиб қўймасайди доно қалами,

Қоронғи қоларди мозий олами,

 ˗ дея хатнинг аҳамиятини таъкидлаган.

Аллоҳнинг каломини кўчиришда ягона ҳисобланган Ёқутнинг ҳуснихати туфайли подшоҳлар олдида ҳам, дарвешлар олдида ҳам ҳурмати ортгани Алишер Навоий томонидан қаламга олинган. Дарҳақиқат, ҳар бир давранинг машҳур хаттотлари бўлган ва эъзозланган. Уларнинг қаламидан тизилган гавҳарлар саҳифаларни гулзорга менгзатади. Ўз жозибаси билан мафтун этувчи ҳуснихат соҳиби бўлиш ˗ ҳавас! Орзуга айб йўқ. Аммо ҳамиша ҳам тилакларимиз барчаси амалга ошавермас экан-да. Буюк хаттотлардан бирлари: “Менинг хатим Ёқутнинг хатидай эмас, балки шикастароқ…”, –  деган эди.

“Хат чиройли бўлса, кўнгил очар˗ деган ҳикмат бор (“Қутадғу билиг”).

Инсон ўз фикрини бошқа кишиларга оғзаки ва ёзма шаклда етказиши мумкин. Нутқнинг бу икки шаклининг ўхшаш ва фарқли томонлари мавжуд бўлиб, улар ўз ўрнида афзалликларга эга. Оғзаки нутқ товуш чиқариб айтилади ва эшитилиш учун мўлжалланган восита бўлиб хизмат қилади. Ёзма нутқ эса тош, ёғоч, тери, метал, қоғоз кабиларга кўриш асосида идрок қилинадиган доимий белгилар орқали ёзиб қўйилади. Ёзув кишиларнинг ўзаро фикр алмашиш ва билимларни эгаллашнинг қудратли воситаси ҳисобланади. Ёзма нутқ авлодларни бир-бирига боғлайди, узоқ даврлар мобайнида сақланади. Ёзув туфайли кишилар фикри, инсоният қўлга киритган билимлар авлоддан-авлодга етиб боради, узоқ муддат яшайди.

4-курс талабаси
Абдусатторов Абдулҳамид

87990cookie-checkҚАЛАМ – УММАТГА БЕРИЛГАН БУЮК НЕЪМАТ
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting