Намозни бутунлай тарк этган одам, Pасулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларига кўра, Ислом динидан чиққан кофирдир: «Биз билан у (мушрик ва кофир)лар ўртасидаги фарқ – намоздир. Ким уни тарк этса, кофир бўлади» (Имом Термизий, ҳадис № 2623, Насоий: 1/ 231, 232 ва бошқа ривоятлар).

Бошқа бир ривоятда Pасулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «(Мўъмин) киши билан ширк ўртасидаги аҳд – намозни тарк этишдир»- дедилар (Имом Муслим, ҳадис № 82, Абу Довуд, ҳадис № 4678, Термизий, ҳадис № 2622).

Вақтидан кечиктириш, ёки ухлаб қолиш ёҳуд буюрилганидек адо этишда камчиликларга йўл қўйган намозхонларга ҳам, гарчи улар кофир бўлмасаларда, жазолар белгиланган.

Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳу тарафидан ривоят қилинган узун ҳадисда шу сўзлар қайд қилинган. «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Биз бириси ёнбошлаган, иккинчиси унинг бошида (қўлида) тош билан тик турган одамларнинг олдига етиб келдик. У (тик турган) ёнбошлаб ётганннинг бошига тош билан урмоқда. Тош унинг бошини мажақлаб, юмалаб кетмоқда. У тош орқасидан бориб яна (қўлига) олар экан, боши аввалги ҳолатига қайтмокда. Кейин ҳалиги одам яна қайтиб келиб, унга аввалги ишини такрорламоқда». Бу ҳадиснинг изоҳида, (боши мажақланган) одам – Қуръонни қўлига олиб (ўрганиб), кейин тарк этган ва фарз намозларидан ухлаб қолган одам экани таъкидланган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло ҳам: «Намозларига бепарво бўлган намозхонларнинг ҳолларига войлар бўлсин!», деган (Маъувн: 4, 5).

Ҳофиз ибн Касир раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида шундай деди: «Улар ё доимо ёки кўпинча намозни (кирган) аввалги вақтидан охирги вақтига қадар кечиктирадилар, ёҳуд намозни буюрилганидек ўз рукн ва шартлари билан адо этиш ёҳуд намоздаги ҳушуъ ёҳуд намознинг мақсадларини тушунишда камчиликка йўл кўядилар. Лафз – бу нарсаларнинг барчасини ўз ичига олади. Буларнинг биронтаси кимда топилса, унга бу ваъийднинг бир қисми берилади. Агар бу нарсаларнинг барчаси бирон кимсада топилса, унга бу жазо тўлалигича ижро этилади ва унда амалий нифоқ (мунофиқлик) камолига етади» (Ибн Касир тафсири: 4/ 554).

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам намоз ҳақида шундай дедилар: «Ким намозни (тарк этмай) риоя этса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлади. Ким намозни (тарк этиб) риоя этмаса, у (намоз) унга Қиёмат кунида нур, ҳидоят ва нажот бўлмайди. У (банда) Қиёмат кунида Фиръавн, Қорун, Ҳомон ва Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад: 2/ 169, Доримий: 2/ 301, ибн Хиббон, «Саҳиҳ», № 1467).

(Изоҳ: юқорида зикри ўтган Фиръавн – Мусо алайҳиссалом даврида яшаб, пайғамбар даъватига қаршилик қилган ҳамда Аллоҳнинг интиқомига учраб, кофир ўлароқ ўлган золим подшоҳдир. Ҳомон – мазкур подшоҳнинг золим вазиридир. Қорун – мазкур подшоҳ даврида, Убай ибн Халаф эса Pасулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган дунёга муккасидан кетган ҳамда Аллоҳнинг таълимотларига бўйсунмай кофир ҳолда ўлган шахслардир. Мутаржим изоҳи).

Чунки, бу тўрт шахс ё бойлиги ё подшоҳлиги ё вазирлиги ёҳуд тижорати сабабли намоз ўқимаган эдилар. Шунинг учун ҳам намозни бойлиги сабабли ўқимаса Қорун, подшохлиги сабабли ўқимаса Фиръавн, вазирлиги сабабли ўқимаса Ҳомон, тижорати сабабли ўқимаса Мака савдогари – Убай ибн Халаф билан бирга Қиёмат куни бирга тирилади (Имом Заҳабий, «ал-Кабаир»: 16). Аллоҳ таолодан ёрдамсиз қолиш ва бундай ҳолатлардан паноҳ сўраймиз.

4-курс талабаси
Худойкулов Муродбек

88300cookie-checkНамоз- ислом устини
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting