XIX асрнинг охири ХХ асрнинг биринчи ярмида Наманган шаҳридан етишиб чиккан улуғ уламолардан бири Саййид Собитхон тўра Абул Маонийдир. Собитхон тўра хақида маълумотлар жуда кам бўлиб, борлари ҳам қониқарли даражада эмас. Чунки Собитхон тўра яшаган давр мустамлакачилик сиёсатининг ватанпарвар маҳаллий кучларга ва зиёлиларга қарши кураши авж олган вақтга тўғри келади.

   Келтирилган маълумотларга қараганда, Собитхон тўра саййидлардан, яъни пайғамбар авлодларидан бўлган. Шунинг учун ҳам унинг номи олдига саййид ибораси қўшилиб, Саййид Собитхон тўра тарзида ифода этилган. Унинг тўлиқ номи — Шайх Мавлоно Саййид Собит Абул Маоний ал-Ҳанафий ибн Саййид Файзхон ан-Намангонийдир. У ҳижрий 1283/1866 йилда Наманган шахридаги энг таниқли илм аҳлларидан бири бўлган Саййид Файзхон тўра хонадонида таваллуд топган.

   Ёшликдан бошлаб илму ирфон жўш урган хонадонда ўсиб улғайган ва биринчи ўринда отасидан таълим олган. Сўнг Намангандаги Азизхожа на Саййидқулибек мадрасаларида ўқиб, шаҳарнинг кўзга кўринган олимларидан, жумладан Ҳазрат Иноятхон Лангарийдан сабоқ олган. Шундан сўнг илмини янада чуқурлаштириш мақсадида Қўқонга жўнаган. У ерда бир неча йил туриб, Мадрасаи Хон мударрисларидан таълим олган. Ўша пайтларда бу мадрасада Фарғона водийсининг энг йирик олимлари дарс беришган. Саййид Собитхон тўра мадрасани аъло тугатиб, она шаҳрига кайтган.  Ёши улғайгач, бир неча маротаба ҳаж қилган. Охирги ҳаж сафарида уч йил Мадинада муқим яшаб қолади. Бир кеча тушида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни кўришга муяссар бўлади. У зот олимга “ватанга кайтинг” ишорасини қиладилар. Шундан сўнг у бутун умрини Наманганда дарс ўқиш ва дарс бериш билан ўтказган. XIX асрнинг сўнгги йилларида Наманган ҳудудидан етишиб чиккан илм аҳлларининг кўпчилиги ундан сабоқ олганлар. Собитхон тўра очиқ чеҳрали, ширин сўз, пархезкор ва тақводор инсон бўлиб, Аллоҳ таоло ва эл-юрт ризоси учун хизмат қилган. Шунинг учун ҳам улғайгач, у сўфий ва орифин биллоҳ бўлиб етишган.

   Изланишлар натижасида шу нарса аён бўлдики, Собитхон тўра Абул Маоний бир канча муддат Фарғона водийси муфтийси лавозимида фаолият кўрсатганлар. Қирғизистон Республикаси Жалолобод шаҳрида истиқомат қилаётган кўплаб фатволар билан мусулмонларга илм-маърифат тарқатаётган ҳозирги кунда юз ёшдан ўтган Зуҳриддин маҳдум бува шундай деб айтадилар: – “Менинг қиблагоҳим Қўқон хонлиги диний идорасида уламолар илмий кенгаш мажлисига таклиф қилинган эканлар. Отам мени ҳам улуғларнинг зиёратига олиб бордилар. Биз Қўқон шаҳрига поезд билан бордик. Кенгаш раиси Собитхон тўра Абул Маоний эканлар. Ўша даврда фатво берувчи муфтий лавозимида хизмат қилар эканлар. Қиблагоҳим у зотдан мени ҳаққимга дуо олиб бердилар. Ўша вақтларда 9-10 ёшларда эдим”.

   Албатта, бу биринчи навбатда, отаси – Файзхон тўранинг ўз фарзандларига берган таълим-тарбияси самарасидир. Файзхон тўра оиласида ўн ўғил бўлган. Лекин уларнинг тўрттаси оламдан ўтиб кетган, олти нафари қолган. Ака-укаларнинг ҳаммаси хам диний, ҳам дунёвий илмлардан яхши хабардор зиёли кишилар бўлганлар. Уларнинг ҳар бири ўзига хос нуфуз ва фазилатларга эга бўлган.

   Шунинг учун ҳам нафақат Наманган, балки бутун Фарғона водийси илм аҳлларининг ҳурматини козонган.

     Ака-укалари. Устознинг ўн ака-укалари бўлган. Яҳёхон тўра, Икромхон тўра, Довудхон тўра, Камолхон тўра ва Жунайдхон тўралар, қолганлари эса ёш оламдан ўтишган. Айниқса, Собитхон тўранинг катта акаси Яҳёхон тўра ўз даврининг воизи, муфассири ва тақводор кишиси бўлган. Унинг қўлида кўп кишилар илму маърифат ўрганганлар. Собитхон тўра доимо акасининг илму фазилатини, ёшининг катталигини ҳурмат қилар, эҳтиром кўрсатар ва мукаддам тутарди. Яҳёхон тўра вафот этгач, унинг шогирдлари Собитхон тўридан акасининг ўрнини эгаллашни, ваъз ила мухлисларга йўл кўрсатиб, иршод беришни қаттиқ талаб қилганлар. Собитхон тўра рози бўлиб, акасининг ишини давом эттирган. Ваъз ила элу юртни тўғри йўлга даъват этиб, камолга етган мухлисларга иршод берган.

    Илм йўлидаги ҳаракатлари. Собитхон тўра Абул Маоний илм бобида улкан муваффақиятга эришган эдилар. У зот доимо ўз устида ишлашга вақт топар, мадрасадан қайтиб келиши билан китоб варақтар, ёзаётган асарларига қимматли маълумотлар тўплар эдилар. Устоз дарс бошлашдан аввал бомдод намозидан сўнг, то чошгоҳгача «Тафсири Жалолайн»ни ўқир эди. Дарсларда икки юздан ошиқроқ одам иштирок этар эди. Маъруза қилган пайтда эса тингловчилар унинг сўзидан таъсирланиб йиглаб ўтиришар, ҳатто баъзилари “ох-воҳ”, дея бақириб юборишарди. Унинг таъсирчан сўзлари тингловчилар қалбини эритиб юборар эди.

    Иршод бериш, ҳидоят қилиш мақомига чиққандан кейин у ҳар жума бомдод намозидан кейин омма учун махсус йиғин ташкил этиб, маърузалар ўқир эди. Унинг ваъзу насиҳатларини тинглаш учун шаҳар ва қишлоқлардан келган минглаб одамлар тўпланишарди. Уларнинг орасида олимлар, мударрислар ва ҳунармандлар бўлар эди.

   Энг муҳим асарлари. Собитхон тўра илоҳиёт, тасаввуф, тафсир, ҳадис, қонуншунослик, тил ва адабиёт, тарих, жуғрофия, мантиқ, фалсафа, психология, математика ва бошқа илмлардан хабардор бўлиб, бир канча китоблар ёзган. У араб, форс – тожик ва ўзбек тилларида ижод қилган.

   Асарларидан бири — «Ал-Фатҳ ар-Раҳмоний» фатволар тўпламидир. Китобни Собитхон тўра Намангонийнинг яқин шогирдларидан бири Ҳомид Мирзо ал-Фарғоний Намангоний тузган. У мазкур тўпламда устозининг қуйидаги асарларини алоҳида қайд этган:

  1. «Башорат ан-нажот фи ишорат ас-салот»- «Намоз ишоратида нажот башорати» асари араб тилида ёзилган бўлиб, тош босма усулида нашр этилган.
  2. «Тажҳиз ал-амвот» — «Мурдаларни дафнга тайёрлаш» асари ўзбек тилида ёзилган.
  3. «Кашф ан-ниқоби фи масъалат ал-ҳижоб» — «Ҳижоб масаласида Ниқобнинг очилиши».
  4. «Рисолаи китоб ат-талок» – «Талоқ китобига бағишланган рисола».
  5. «Ал-Фатво» – «Фатволар китоби» асари араб тилида ёзилган. Бундан ташқари, оила аъзоларининг айтишича, Собитхон тўранинг яна «Маориф ал-булуғ» ва «Ийғоз ал-ғофил би қиями ал-мавлид» деган китоблари ҳам мавжуд. Мазкур асарлардан ташқари кўплаб рисола ва китоблар таълиф қилган.

 

4-курс талабаси
Нишонов Улуғбек

89180cookie-checkФарғона водийси муфтийси Саййид Собитхон тўра Абул Маонийнинг ҳаёти ва ижоди
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting