Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” асарида 3673-ўринни эгаллаган ҳадис ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Абу Саид ал-Ҳудрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Менинг саҳобаларимни сўкманглар, гарчи сизлардан бирингиз Уҳуд тоғидек садақа қилган бўлса ҳам, у улардан бирининг на мудди ва на муёли[1] бўлолмас”.

Ушбу ҳадис “Саҳиҳ Муслим”, “Сунан Абу Довуд” асарларида ҳам зикр қилингандир.

Аввало, “саҳоба” деган тушунчага тўхталиб ўтсак. Уламолар “саҳоба”, деб кимга айтилиши борасида турли фикрлар билдирганлар.

“Манҳал ҳадис” китобида келишича, «саҳоба», деб мусулмонлардан кимки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан пайғамбарлик даврларида бирор бир соат бўлса ҳам суҳбатлашган ёки у зотни бир лаҳза бўлса ҳам кўрган кимсага айтилади.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан суҳбатлашган кўр саҳобий Умму Мактум (р.а) саҳоба саналадилар. Чунки у Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бевосита суҳбат қурганлар. Гўдак саҳобалар Абдуллоҳ ибн Ҳорис ибн Навфал, Абдуллоҳ ибн Абу Талҳа Ансорийлар эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан учрашганлар. Шу сабаб улар ҳам саҳоба, дея эътироф қилинадилар.  Муҳаммад ибн Абу Бакр эса Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг вафотларидан уч ой олдин туғилишларига қарамай улар ҳам саҳобадир. Чунки юқорида айтиб ўтилган шарт уларда ҳам топилди. Кофир ҳолида кўришган, суҳбат қилганлар бундан мустаснодир. Бу Имом Бухорий айтган сўзлар ҳисобланади.

Ҳофиз ибн Ҳажар шайхи Зайн Ироқийга эргашган ҳолатда Имом Бухорийнинг шартларига қўшимча равишда “исломда вафот этсин”, деган таърифни зиёда қиладилар. Шу сабабдан ҳам аввал мўмин бўлиб, сўнг муртадликда вафот этган Абдуллоҳ ибн Хотал, Робиъа ибн Умайя, Қайс ибн Сабоба билиттифоқ саҳоба эмас.

Ибн Мусаййибдан ривоят қилинишича, саҳоба бўлиш шарти Расулуллоҳ   (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан камида бир йил суҳбатда бўлиш ё бўлмаса бирор бир ғазотда у зот (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга чиқишдир.

Бу борада Абу Музаффар Самъаний усулчилардан қилган ҳикояларида: “Саҳоба деб, Расулуллоҳ   (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг суҳбатларига етган, улар билан бир мажлисда ўтирган кишига айтилади”.

Ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг қай даражада мартабалари баланд, фазилатлари юксак, адолатлариниг улуғлигига ишора бор.  Ҳабибуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг “Саҳобаларимни сўкманглар”, дея қайтаришлари – саҳобаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаҳш, ҳақорат сўзларини у зотларга нисбатан қўлламаслик учундир. Сўнг гарчи Уҳуд тоғичалик эҳсон қилса ҳам, бу гуноҳни юва олмаслиги баён қилинди.

Ушбу ҳадисларни далил қилиб, жумҳур уламолар саҳобаларнинг барчалари одил бўлиб, уларнинг ривоятлари ва гувоҳликларида, одилликларида баҳс қилинмайди, дейдилар. Зеро, Бақара сурасининг 143-оятида:  “Шунингдек, сизларни ўрта уммат қилиб қўйдик”. Бундан саҳобаи икромларни одил эканликлари келиб чиқади.

 Оли Имрон сурасининг 110-оятида: “Одамларга чиқарилган умматнинг энг яхшиси бўлдингиз”, деб саҳобалар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг умматлари назарда тутилган.

Қуръони каримда: “Улар Аллоҳдан фазл ва  ризолик истайдилар ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ёрдам берадилар. Айнан ўшалар (иймонларида) содиқдирлар”,  деб айтилади. Ҳашр сураси, 8 оят.

Аллоҳ таоло саҳобаларни “Улардан Аллоҳ рози ва улар Аллоҳдан рози бўлурлар”,  деб таъриф этади. Моида, 119 оят.

Мана шу оятларга биноан, саҳобалар бошқа инсонлардан фарқ қилиши таъкидланди. Имом Нававий “Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳида: “Уламолар энг яхши аср Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларининг асрилигига иттифоқ қилганлар”, деб айтадилар. Бунга далил қилиб, Тавба сурасининг 100-оятини келтирадилар: “Муҳожир ва ансорларнинг дастлабки пешқадамлари ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар”, дейилган.

“Саҳиҳи Муслим” шарҳида келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобаларни яхши кўришни иймонга боғладилар.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: “Иймоннинг аломати ансорларни яхши кўриш, мунофиқликнинг аломати ансорларни ёмон кўришдир”.

Имом Нававий айтадилар: “Саҳобаларни сўкиш ҳаром қилинган фаҳшлар сирасидандир. Агарчи улардан бирлари фитнага аралашиб қолган бўлсалар ҳам. Чунки улар бу урушда мужтаҳиддирлар”, дейдилар.

Ушбу  ҳадиснинг айтилиш сабаби Холид ибн Валид ҳамда Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳум)ларга бориб тақалади. Улар ўртасида низо чиқиб, Холид ибн Валид (розияллоҳу анҳу) Абдураҳмон ибн Авф  (розияллоҳу анҳу)ни сўкиб қўяди. Бундан хабар топган Расулуллоҳ   (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Менинг саҳобаларимни сўкманглар, гарчи сизлардан бирингиз Уҳуд тоғидек садақа қилган бўлса ҳам, у улардан бирининг на мудди ва на муёли бўлолмас”, дедилар.

Саҳобалар шаънига номақбул сўз айтиш, ҳақоратлашнинг ҳукми билиттифоқ ҳаромдир. Аммо бундай иш қилган кимсанинг ҳукми борасида бир неча қарашлар мавжуд.

Жумҳур уламолар саҳобани сўккан ўлдирилмаса-да, унга қаттиқ танбеҳ берилади, деб ҳисоблайдилар. Моликийлардан баъзилари бундай кимсага қатл ҳукми берилади, дейдилар.

Тафтазоний ҳазратлари саҳобани сўкишга журъат этган кимса кофир бўлади, деб ҳисоблайдилар. Бу худди Оиша (розияллоҳу анҳо)ни қазф қилганлар кабидир, дейдилар. Барча уламолар Аллоҳ таоло Оиша (розияллоҳу анҳо)ни поклагани сабабидан уларга айб қўйганларни бўҳтон қилганларни кофир эканликларига иттифоқ қилинди, деганлар.

Сорим ал-Маслумда келишича, Ҳофиз шундай дейдилар: “Аҳли сунна вал-жамоа саҳобаларга бирор таъна етказишдан сақланишга иттифоқ қилдилар. Улар бу ишда мужтаҳиддирлар. Агар ижтиҳодларида ҳатога йўл қўйсалар, Аллоҳ уларни кечиради ва бир мукофот беради. Агар тўғри топган бўлсалар, икки ажр беради”. Ушбу асарда саҳобаларни ҳақорат қилиш уч қисмга бўлинган:

  1. Кофирлар ва муртадлар томонидан бўлган сўкиш. Улар йўлдан озганлари аниқ. Шариатда улар кофир, деб айтилади.
  2. Саҳобанинг дини ва адолатига таъна етказиш мақсадида сўкиш. Бу борада аҳли илм ўртасида икки хил қараш мавжуд:
  3. Бундай киши кофир эмас, фосиқдир. Чунки у кабира гуноҳ қилди. Унга танбеҳ ва одоб берилади. Ҳайтами айтадилар: “Ижмога кўра, саҳобани сўкканга кофирлик эмас, фосиқлик ҳукми берилди”.
  4. Бундай кишини кофир, дейдилар. Чунки гуноҳи кабирага зиёдалик содир бўлди, деб ҳисоблайдилар.

3.Агар ҳақоратлаши саҳобанинг динида бўлмаса. Масалан, қўрқоқ, бахил, илми оз, хотираси заиф, деган сўзлар билан ҳақоратласа, уламолар бу кимсага кофирлик нисбатини бермайдилар.  Унга одоб ва танбеҳ берилади, дейдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  • Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари, деб кимга айтилиши, уларнинг фазилатлари, бошқа инсонлардан фазилатли эканлари;
  • Саҳобаларни яхши кўриш иймонданлиги, ёмон кўриш мунофиқликданлиги;
  • Саҳобаларни сўкиш гуноҳи кабира экани;
  • Имом Таҳовийнинг ақида китобларида келганидек: “Уларни яхши кўриш дин, иймон, эҳсондир, уларни ёмон кўриш куфр, мунофиқлик, туғёндир”.

3-курс талабаси
Гулрух Маҳамедова

[1] Изоҳ: мудд ва муёл-ўлчов бирлиги бўлиб, мудд 900 граммга тенг.

Siz nima deysiz, fikr bildiring!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting