Қазои қадар ҳақида сўз борар экан, дуонинг қазони қайтариши ҳақидаги ҳадиси шарифлар ва қадарнинг олдиндан белгилаб қўйилгани ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳам қўшиб ўрганилса, қазои қадар ҳақидаги умумий  маълумотлар янада тўлиқроқ бўлади:

عَنْ سَلْمَانَ الْفَارْسِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ الله قال : لا يَرُدُّ القَضاءَ إلا الدُّعاءُ  وَ لاَ يَزِيدُ فِي الْعُمُرِ إِلاَّ الْبِرُّ رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Қазони фақатгина дуо қайтаради, умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади”.Термизий ривояти.

Ҳадиси шарифда “Қазони фақатгина дуо қайтаради” дейилди. Ушбу ҳадисни ўқиганда кишининг хаёлига бирдан қадарнинг тайин қилиб қўйилгани маъносини англатувчи ҳадислар билан, ушбу ҳадис ўртасида қандай мувофиқлик мавжуд деган фикр келиши табиий ҳолдир. Қуйидаги ҳадисда қадарнинг олдиндан белгилаб қўйилганига очиқ-ойдин далилдир бор:

  عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ   يَقُولُ كَتَبَ اللَّهُ مَقَادِيرَ الْخَلاَئِقِ قَبْلَ أَنْ يَخْلُقَ السَّمَاوَاتِ وَالاَرْضَ بِخَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ قَالَ وَعَرْشُهُ عَلَى الْمَاءِ رَوَاهُ المُسْلِمُ

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган ва Арши сувнинг устида бўлган”, деяётганларини эшитганман.     Муслим ривояти.[1]

Келтирилган ҳадисларнинг бирида “Қазони фақатгина дуо қайтаради” дейилмоқда, иккинчисида эса “Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган” дейилмоқда. Ушбу икки ҳадиснинг маъноларига кўра, дуо осмонлару ер яратилишидан эллик минг йил олдин тайин қилиб қўйилган нарсани қайтарадими, деган савол пайдо бўлиши табиийдир. Бу саволга қуйидагича жавоблар берилган:

Мазкур иккала ҳадис бир-бирига зид эмас. Ҳа, Аллоҳ таоло халойиқнинг миқдорларини осмонлару ерни яратишидан эллик минг йил олдин битиб қўйган, Унинг битиб қўйганида асло ўзгариш бўлмайди. Лекин, У зот ушбу рўй берадиган  нарсаларга азалий сабабларни тайин қилган. Яъни, солиҳ амаллар саодатга эришиш учун қўйилган азалий сабаблар бўлса, ёмон амаллар бадбахт бўлиш учун азалий сабаблардир. Шунингдек, яхшилик, гўзал хулқли бўлиш ва қариндошлик алоқаларини боғлаш каби амаллар ҳам азалий сабаблар қаторига киради. Яъни ҳар бир ишга сабаблар тайин қилинган бўлиб, ўша сабаблар юзага чиқарилган пайтда унга боғланган ишлар ҳам юзага чиқаверади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қариндошлик алоқаларини боғлашга тарғиб қилиб, бу ишга қандай натижалар боғлангани ҳақида шундай хабар берганлар:

   عَنِ ابْنِ شِهَابٍ قَالَ أَخْبَرَنِى أَنَسُ بْنُ مَالِكٍ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: مَنْ أَحَبَّ أَنَّ يُبْسَطَ لَهُ فِى رِزْقِهِ وَيُنْسَأَ لَهُ فِى أَثَرِهِ فَلْيَصِلْ رَحِمَهُ  رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Менга Анас ибн Молик хабар берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким ризқи кенг қилинишини ва ажали[2] кечиктирилишини яхши кўрган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин”. Бухорий ривояти.[3]

Шарҳ: Дунёда ҳар бир вужудга келадиган нарса учун унинг сабаблари ва йўл-йўриқлари  Аллоҳ таоло томонидан тайин қилиб қўйилган бўлади. Бирор нарсанинг сабаби рўёбга чиқарилмас экан ўша сабабга боғланган нарсалар ҳам рўёбга чиқмай қолиши сабабият қонуни сифатида жорий қилинган. Шу маънода кишининг бирор манфаатли ишни қилиши бошқаларнинг уни яхши  кўришларига  сабаб қилиб қўйилганидек, қариндошлик алоқаларини боғлаши умрининг зиёда бўлишига ва ризқининг кенг қилинишига сабаб қилиб қўйилган. Уламолар сабаблар ҳақида қуйидаги ажойиб гапларни айтганлар: “Дунёда бирор нарса вужудга келиши учун қўйилган сабаблар иккитадир:

  1. Ҳис этиладиган.
  2. Ҳис этилмайдиган.

Ҳис этиладиган сабаблар ақл билан билинадиган, ҳис қилиш аъзолари орқали идрок этиладиган нарсалардир. Ҳис этилмайдиган сабаблар эса ақл билан билиб бўлмайдиган, ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарса-лардир. Ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйгандир”.

Яъни инсон тоза ҳавода юриши аъзоларининг соғлом бўлиши учун зарур эканлигини ва бу нарса аъзоларининг узоқ муддат ишлашига сабаб эканли-гини ҳис эта олади. Аммо қариндошчилик алоқаларини боғлашнинг соғлом бўлишга ва аъзоларнинг узоқ муддат ишлашига нима алоқаси борлигини ҳис эта олмайди. Охиратга аниқ ишонган мўмин банда ҳар иккаласини ҳам барча нарсага қодир бўлган Зот сабаб қилиб қўйган ва бу бўлиши аниқ, аммо инсоннинг ҳис қилиш аъзолари идрок эта олмайдиган нарсалардандир деган тушунчада бўлади.

Ушбу ҳадисда ҳам қариндошлик алоқаларини боғлаш, ризқнинг кенг қилинишини ва ажалнинг кечиктирилишини юзага чиқарувчи сабабларидан экани баён қилинган. Лекин бу Аллоҳ  таолонинг махлуқотларни яратишидан олдин битиб қўйган қадарини ўзгартиради деган маънони эмас, балки “Бунинг умри қариндошлик алоқаларини боғлагани сабабли зиёда қилинади, агар қариндошлик алоқаларини боғламаганида умри қисқа бўларди, бунинг ризқи дуо қилиши сабабли зиёда қилинади, агар дуо қилмаганида ризқи тор бўларди” деб тақдирнинг азалдан белгилаб қўйилганини ва унинг ҳеч қачон ўзгармаслигини англатади. Яъни бир банданинг қариндошлик алоқаларини боғлаб, умрининг зиёда бўлиш сабабини юзага чиқариши аслида янгидан пайдо бўладиган иш эмас, балки олдиндан белгиланган тақдирдир. Аллоҳ таоло барча нарсаларни билгувчи Зотдир, шунга кўра бу дуо қилади, бу исён қилади, бу итоат қилади, бу яхши амал қилиб бахтли бўлади, дея барча-барчасини азалдан битиб қўйгандир. Аллома Тафтазонийнинг сўзлари бу тушунчани янада ёрқин ифодалаб беради:

“Аллоҳ таоло банда бу тоатни қилмаганда унинг умри қирқ йил бўли-шини, лекин уни қилиб умри етмиш йил бўлишини олдиндан билган. Аллоҳ таолонинг илмига кўра бу тоат бўлмаганида мазкур зиёдалик ҳам рўёбга ошмаслиги эътиборидан бу зиёдалик ўша тоатга нисбат берилган”.

Шу маънода ҳамма нарса олдиндан ҳал бўлган экан, тақдиримда борини кўраман, дея қўлидан келадиган ишни тарк қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Чунки ҳеч ким ўз тақдирига нима ёзиб қўйилганини билмайди, билиш имкони ҳам йўқ.

4 курс талабаси
Хайитбоев Муҳаммадали

[1] «Мирқот ул мафотиҳ”. 1-жуз. 240 – бет. Али ибн Муҳаммад ибн Султон мулла ал-Қори. «Мактаба ар-Рашидийя». 2001.

[2]  Ажал луғатда:, “Кейин келмоқ” “Чегара” каби маъноларни англатади. У ҳаётдан кейин келгани ва унинг чегараси бўлгани учун шундай номланган.

[3] “Ал- адаб ал-муфрад” 20 – бет. Имом Бухорий. «Мовароуннаҳр» нашриёти Тошкент. 2012-й.

89950cookie-checkДуонинг тақдирга таъсири
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting