Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Бану махзумлик бир аёл ўғрилик қилди. Улар: «У ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ким гапиради?» дейишди. Кейин: «У зотга Усома – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳбубидан бошқа ким ҳам журъат қила олар эди?!» дейишди. Бас, Усома у зотга бу ҳақда гапирди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам унга: «Аллоҳнинг ҳаддларидан бирида шафоатчилик қиласанми?!» дедилар. Сўнгра туриб, хутба қилиб: «Эй одамлар! Албатта, сиздан олдин ўтганларнинг ҳалок бўлишлари ичларида шарафлилари  ўғрилик қилса, қўйиб юбориб, заифлари ўғрилик қилса, унга ҳаддни қоим қилишлари сабабидандир. Аллоҳ номи билан қасамки, агар Фотима бинти Муҳаммад ўғрилик қилса ҳам, албатта, унинг қўлини кесурман!» дедилар».

         Арабларнинг машҳур ва обрў- эътиборга эга қабилаларидан бири бўлмиш Бану махзумлик бир аёл ўғрилик қилди. Унинг қилган иши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача етиб борди. Жиноятчи ўз қилмишига яраша жазо олиши лозим. Бу эса Бану махзумликларни ташвишга солиб қўйди. У аёл катта уруғга мансуб машҳур оиладан эди. Шарафга эга араб қабилалари учун ораларидан ўғри чиқиши шармандали ҳол. Бану махзумлик аёлнинг қўли кесилса-я?!

Қабиладошлари аёлга ҳад урилмаслиги ва одамлар бундан хабар топмасликларининг чорасини излай бошладилар. Ягона йўл аёл учун шафоатчи бўлиб, унинг айби кечирилишини сўраб бера оладиган кишини ўртага қўйиш эди. Улар бу учун Ҳабибнинг ўғли Ҳабиб – Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳуни танладилар. Бу борада У зотга ўзларининг ҳабиби Усомадан бошқа ким ҳам гапира олар эди?!

Дарҳақиқат, Усома розияллоҳу анҳу У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бошқалар гапира олмайдиган нарсалар борасида ҳам мурожаат қила оладиган киши эдилар. Боиси Усома Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан исломдан аввал ҳам, исломдан кейин ҳам доимо бирга бўлиб, хизматларини қилган икки энг суюкли инсонлари Зайд ибн Ҳориса ва Набий алайҳиссалом “Онамдан кейинги онам”, деб айтадиган энагалари Умму Айман розияллоҳу анҳумоларнинг фарзанди бўлган. Усома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг эркатойлари эди. Туғилганларидан бошлаб нубувват ҳонадонининг бир бўлаги бўлиб улғайдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Усомани ўз набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳу билан тенг кўрар, икковларини тиззаларига ўтқизиб олиб, бағриларига босар эдилар. Улғайганларида Ҳандақда, Мўъта жангида, Макка фатҳида ва Ҳунайнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ёнма-ён турдилар. Фатҳдан сўнг туяларида “Фатҳ” сурасини ўқиб борар эканлар, орқаларига Усома ибн Зайдни мингаштириб олган эдилар. Усома розияллоҳу анҳунининг ўзларидан ривоят қилинган ҳадисда хабар беришларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирганларида Али ва Аббос розияллоҳу анҳумолар келиб, аҳллари ичида у зотга энг суюклиси ким экани ҳақида сўрадилар. Шунда : “Аҳлимнинг менга энг маҳбуби, батаҳқиқ, Аллоҳ унга Исломни инъом қилган ва мен унга озодликни инъом қилган шахс – Усома ибн Зайддир”, деб жавоб бердилар. Мана шу жавобнинг ўзи Усома розияллоҳу анҳуга ҳар қанча мақтов учун, ҳар қанча шараф учун етарлидир.

 Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу бу борада гап очганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жаҳллари чиқди. Бошқа ривоятда келишича, у аёлнинг қўлини кесишга буюрдилар. Амр адо қилинди. Сўнг одамлар олдига чиқиб Бану Исроилни мисол қилиб, бу ишдан қайтардилар. Улар шариатларида белгиланган жазоларни фақатгина заиф бечораҳоллар ва камбағалларга нисбатан жорий қилар, борди-ю обрўли кишиларидан бири жиноят қилса, унга жазо қўлламаслик учун турли йўлларни қўллашар эди. Аммо адолатли диннинг Ҳақ пайғамбари ҳақнинг олдида ҳеч кимга ва ҳеч нарсага эътибор бермас эдилар. Аллоҳ таоло : “Албатта Аллоҳ адолатга амр этур” (Наҳл сураси, 90 оят), деб марҳамат қилди. Аллоҳнинг амри барча нарсадан устун.

Мазкур ҳадисда уммат учун жуда кўп фойдалар жамланган. Жумладан:

  • Аллоҳ таоло белгилаб қўйган ҳадни қоим қилиш борасидаги иш ҳокимга етиб боргандан кейин афв этилмайди. Жиноятга яраша адолатли жазо берилади. Ҳокимга етиб бормасдан аввалги ҳолат борасида турли фикрлар бўлиб, мақбули шуки, ҳақ эгаси айбдорни ўз хоҳиши билан фазл қилиб кечириб юборса, бу иш ҳокимгача олиб борилмайди.
  • Бу ҳадис “Саҳиҳи Бухорий”да “Саҳобаларнинг фазилатлари” бўлимининг “Усома ибн Зайд зикри” бобида келтирилган. Ҳадисда Усома розияллоҳу анҳуни маҳбуб, деб зикр қилинишлари ва шафоатчи қилиш учун танлаб олинганлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун у кишининг қанчалик қадрли эканликларига ва фазилатлари улканлигига далолат қилади.
  • Набий алайҳиссалом айнан Фотима розияллоҳу анҳони мисол қилиб келтирганларининг ҳам бир неча ҳикматлари бор. Фотима розияллоҳу анҳо аҳли байтнинг энг шарафли аъзоси, жаноби Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг энг суюкли фарзандлари эдилар. Бундан ташқари, бу ишлар содир бўлган вақтда Фотима розияллоҳу анҳодан бошқа фарзандлари ҳаёт бўлмаган.
  • Ҳад қоим қилишда тарафкашлик ва нохолислик тарк қилиниши лозим.
  • Ушбу ҳадисдан бирор ёмон ишдан қайтириш учун қадри баланд нарсалар билан мисол келтириш жиоз эканлиги олинади.

3-курс талабаси
Моҳира Нигматова

90060cookie-checkБир ҳадис шарҳи…
Дўстларга улашинг:

Сиз нима дейсиз, фикр қолдиринг!

Iltimos, sharhingizni kiriting!
Iltimos, ismingizni bu yerga kiriting