Нуҳ алайҳиссалом ўғиллари

0
59

(3-қисм)

Тадқиқотларга кўра, Нуҳ қавми тош асридан бронзага ўтиш даврида Дажла ва Фурот дарёларининг ўртасида жойлашган Месопотамияда яшаган. Бу одамлар қишлоқ хўжалигига асосланган жамиятнинг бой ва фаровон вакиллари эдилар. Нуҳнинг неча йил умр кўрганлиги тўғрисидаги эҳтимолларни юзага чиқаришда Қуръони каримнинг “эллик йил кам минг йил” (Анкабут,14) деган изоҳи ёрдам беради. Бу археологлар томонидан Нуҳ қавми яшаган даврни милоддан аввалги 3500-4500 йиллар оралиғида деган таҳминларига мос келади.

Нуҳ алайҳиссалом ёшлигиданоқ яхши инсон бўлиб тарбия топди ва Аллоҳнинг ибодатида бўлди. У қишлоқ хўжалиги ишлари билан шуғулланиб, чорвачилик ва ҳунармандчилик касби билан тирикчилик қилар эди. Эллик ёшида, Аллоҳ уни ўша замонда яшаган барча халқлар ва қабилалар учун пайғамбар қилди. Унга Аллоҳ таоло томонидан илоҳий китоб туширилмаган.

Нуҳ қавми ўз ерларида хурмо дарахтлари, дон ва сабзавотларнинг барча турларини экиб ҳосил олганлар. Нуҳ аҳолиси дарё орқали савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйган бўлиб, ўз ҳудудларига ёндош диёрлардан темир ва тош олиб келишар, шаҳар атрофларида гўзал иморатлар қуриб, у ерда дон сақлаш учун омборлар қурганлар.

Вад, Суваг, Ягус, Ягук, Наср деб номланган бутларга сиғинишиб уларга атаб қурбонликлар қилишарди. Ушбу бутларнинг баъзилари эркак ёки аёл, баъзилари ҳайвонлар шаклида ясалган. Бойлар камбағалларни талон-тарож қилиб, гуноҳ ишларни тинмай қилишарди. Нуҳ қавми ўз авлодлари Од ва Самуд қавмларидан ҳам баттарроқ бузғунчи қавм бўлган.

Шаҳарларда матолар ишлаб чиқариш ва ҳунармандчиликнинг кўплаб турлари ривожланган эди. Фаровонлик шу даражага етган эдики, савдогарлар маҳсулотларни бойларга етказиб беришга улгура олмас эдилар. Одамлар ҳашамат ва кайфу сафонинг чегарасини билмас, пулларни ўйин-кулги ва ортиқча нарсаларга сарфлашарди, лекин иш камбағал ва муҳтожларга ёрдам беришга келганда, уларга ўз моларидан заррача бермай, ҳақоратлаб қувиб соларди:

«Унинг қавмидан куфр келтирган зодагонлар: «Биз сени ҳам фақат ўзимизга ўхшаган одам эканингни кўряпмиз, сенга ичимиздан эси паст пасткашларимизгина эргашаётганини кўряпмиз, сизларнинг биздан устун фазлингизни кўрмаяпмиз, балки сизларни ёлғончи деб ўйлаяпмиз», дедилар» (Ҳуд, 27).

Қуръон тафсирчилари бу воқеаларни баён қилишда Нуҳ алайҳиссаломнинг хотини ва болаларининг исмларини китобларига киритдилар. Тўфонда қолиб ҳалок бўлган ўғлини Канъон ва бошқаларларнинг исмлари ҳам келтирилди.

Нуҳ алайҳиссалом ясаган кемага ундан ташқари 80 киши чиққан бўлиб, унинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфаслар ҳам бор эди. Нуҳнинг мана шу 3 ўғилларидан янги авлодлар келиб чиқди: Сомдан араблар, форслар ва европаликлар; Ҳомдан ҳиндлар ва африкаликлар, Ёфасдан турклар ва бошқа осиёликлар тарқалди.

Интернет маълумотлари асосида

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг