ИСТИВО МАСАЛАСИ: САЛАФ ВА ХАЛАФ УЛАМОЛАР ИМОМ АШЪАРИЙ ВА ИМОМ МОТУРИДИЙ БИЛАН ЯКДИЛ БЎЛГАНЛАР (якуний мақола)

0
28

91. Аллома Исмоил ибн Абдулбоқий Ёзжий раҳматуллоҳи алайҳи (1121-ҳижрий санада вафот этганлар) Алий ибн Усмон Ўший раҳимаҳуллоҳнинг “Бадъул-амолий” китобига ўзи ёзган шарҳининг мухтасар шакли бўлмиш «Нурул-маолий ли шарҳи бадъил-амолий» китобида айтадилар:

لا يجوز وصفه تعالى بالاستقرار على العرش أو في مكان أو في جهة ما وتعالى الله وتنزه عن ذلك وهذا مذهبنا أهل الحق

Аллоҳ таолони Арш устида қарор топган деб ёки бирор макон ё қайсидир тарафда деб сифатлаш жоиз бўлмайди. Аллоҳ таоло ушбу нарсалардан пок ва олийдир. Мана шу бизнинг аҳли ҳаққ мазҳабимиздир.

92. Машҳур тасаввуф арбоби Сўфий Аллоҳёр ибн Аллоҳқули Темирёр Деҳнавий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1133-ҳижрий санада вафот этганлар) «Саботул-ожизин» асарида шундай ёзганлар:

إيرور حاضر هميشه يوق مكاني
أنكا قيلغان إيماس سبقت زماني
أوزي بي شبهه دور هم بي نمومه
روا إيرماس أنكا جون جكونه
كونكلده كيجسه كوزكا توشسا هر شيء
إيرور أندين منزه خالق حي

Эрур ҳозир ҳамиша, йўқ макони,
Анга қилғон эмас сабқат замони.
Ўзи бешубҳадир ҳам бенамуна,
Раво эрмас анга чуну чигуна.
Кўнгилда кечса, кўзга тушса ҳар шай,
Эрур андин муназзаҳ Холиқу Ҳай.

93. Исмоил Ҳаққий Бурусавий номи билан машҳур муфассир ва сўфий аллома Исмоил ибн Мустафо Истанбулий Ҳанафий Хилватий раҳматуллоҳи алайҳи (1137-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-баён» номли жуда машҳур ва йирик тафсир китобида шундай деганлар:

قال ابن الشيخ: ومعنى الاستواء عليه الاستيلاء عليه بالقهر ونفاذ التصرف فيه وخص العرش بالإخبار عن الاستواء عليه لكونه أعظم المخلوقات فيفيد أنه استولى على ما دونه

Ибн Шайх айтади: Аршга истиво қилишнинг маъноси ҳукмронлик ва уни буткул тасарруф қилиш ила уни эгаллш деганидир. Арш яратилмиш нарсаларнинг энг буюги бўлгани учун унга истиво қилганлик ҳақида хабар бериш билан хосланди. Бу эса ундан бошқа нарсаларни ҳам эгаллаганини билдиради.

94. Шайх Абдулғаний Набулусий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1143-ҳижрий санада вафот этганлар) «Кифаятул ғулам» номли манзумаларида шундай ёзганлар:

و ليس يحويه مكان لا و لا تدركه العقول جل و علا

Аллоҳни бирорта макон асло иҳота қила олмайди, ақллар ҳам У жалла ва ъалони идрок эта олмайди.

95. Аллома шиҳобиддин Саййид Маҳмуд Алусий Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи (1270-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Руҳул-маъоний» номли тафсир китобида айтадилар:

وحاصله وجوب الإيمان بأنه تعالى استوى على العرش مع نفي التشبيه وأما كون المراد استولى فأمر جائز الإرادة لا واجبها إذ لا دليل عليه وإذا خيف على العامة عدم فهم الاستواء إذا لم يكن بمعنى الاستيلاء إلا بالاتصال ونحوه من لوازم الجسمية فلا بأس بصرف فهمهم إلى الاستيلاء فإنه قد ثبت إطلاقه عليه لغة

Хуллас калом, Аллоҳ таолони халойиққа ўхшатишни инкор этиш билан бирга Унинг Аршга истиво қилганига иймон келтириш вожибдир. Истиводан мурод эгаллади деган маъно бўлиши ирода жоиз санайдиган ишдир, лекин вожиб эмас. Чунки вожиблигига далил йўқ. Агар истиво сўзини тушунмаслик оммага енгил бўлиб, уларнинг тушунчасида эгаллаш деган маъно бўлмай, фақат ўрнашиш ва шунга ўхшаш Аллоҳга жисмни исбот қиладиган маъноларгина бўлса, улар эгалламоқ деган маънога ўз тушунчаларини ўзгартиришларининг зарари йўқ. Чунки истиво сўзини эгаллаш маъносида луғатда ҳам собит бўлган.

96. Муҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Дарвеш Байрутий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (1276-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ад-дурратул вазийя фий тавҳиди Роббил-барийя» номли рисоласида шундай ёзганлар:

وقد أول الخلف الاستواء بالقهر والاستيلاء على العرش

Чиндан ҳам халаф уламолар истиво сўзини ҳукмронлик ва Аршни эгаллаш деб таъвил қилишган.

97. Шайх Иброҳим Муҳаммад Байжурий Шофеий раҳматуллоҳи алайҳи (1277-ҳижрий санада вафот этганлар) «Жавҳаротут-тавҳид»нинг шарҳида айтадилар:

والخلف يقولون: المراد به الاستيلاء والملك

Халаф уламолар истиводан эгаллаш ва подшоҳ бўлиш маънолари ирода қилинган дейдилар.

98. Шайх Муҳаммад Алоуддин ибн Муҳаммад Амийн Обидин Димашқий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи (1306-ҳижрий санада вафот этганлар) ўзларининг «Ал-ҳадийятул-алоийя» китобида ёзадиларки:

مشايخنا أهل السنة والجماعة من علماء السلف والخلف قالو: استوى بمعنى استولى

Салаф ва халаф уламоларидан иборат аҳли сунна ва жамоа машойихларимиз айтганларки, Истиво қилди дегани эгаллади деган маънодадир.

99. Шайх Абу Шарифа Ғиёсиддин Қозоний раҳматуллоҳи алайҳи (1316-ҳижрий санада вафот этганлар) «Тавҳид» шарҳида деганларки:

قال تعالى: «الرحمن على العرش استوي» نؤمن به على ما عليه ولا نكيفه ولا نقول كان الله فوق العرش مستقرا أو كان متمكنا ولا نقول أين الله بل نقول الله تعالى متوحد بجميع أسمائه وصفاته ولا شريك له ولا يشبه شيئا من الأشياء ولا يشبهه شيء لأنه قال: ليس كمثله شيء وهو السميع البصير

Аллоҳ таоло айтди: «Раҳмон Аршга истиво қилди». Биз унга қандоқ бўлса шундоқлигича иймон келтирамиз. Уни қандай деб сўрамаймиз. Яна, Аллоҳ Арш устида қарор топганди ёки макон тутганди деб ҳам айтмаймиз. Ва Аллоҳ қаерда деб ҳам айтмаймиз. Балки, Аллоҳ таоло Ўзининг барча исмлари ва сифатлари билан ягонадир деймиз. Унинг шериги йўқ. У зот ҳеч бир нарсага ўхшамайди, Унга ҳам бирор нарса ўхшамайди. Чунки Ўзи айтганки: «Бирор нарса Унинг мислидек эмас. У барча нарсаларни эшитувчи, кўриб турувчи зотдир».

100. Шайхул-Ислом Абу Лайло Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Фароғий Ҳиндий раҳматуллоҳи алайҳи (1325-ҳижрий санада вафот этган) ўзининг «Кашфул-ҳақоиқ» китобида шундай деб ёзганлар:

من وصف الله تعالى بصفات الخلق فهو كافر به

Ким Аллоҳ таолони яралмишнинг сифатлари билан сифатласа, батаҳқиқ, у Аллоҳга куфр келтирувчидир.

إعلم أن التمكن و التصال صفتان من صفات الخلق والله تقدس وتبارك منزه عن صفات الخلق وهو الله الذي لا إله إلا هو ليس كمثله شيئ وهو السميع البصير

Билингки, маконга жойлашиш, ўрнашиш – яралмишга оид икки сифатдир. (Барча айбу нуқсонлардан, ўзгаришлардан) пок ва буюк Аллоҳ яралмишнинг сифатларидан холидир. У Ўзидан бошқа илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. Унинг мислидек ҳеч нарса йўқ, У ҳамма насрани эшитувчи, кўриб турувчидир.

101. Шайх Халил Аҳмад Цингапурий раҳматуллоҳи алайҳи (1346-ҳижрий санада вафот этганлар) «Ал-муҳаннид алал-муфаннид» номли китобда шундай деганлар:

قولنا في أمثال تلك الآيات: إنا نؤمن بها ولا يقال كيف ونؤمن بأن الله سبحانه وتعالى متعال ومنزه عن صفات المخلوقين وعن صمات النقص والحدوث كما هو رأي قدمائنا وأما ما قال المتأخرون من أئمتنا في تلك اآيات ويؤولونها بتأويلات صحيحة سائغة في اللغة والشرع بأنه يمكن أن يكون المراد من الاستواء الاستيلاء ومن اليد القدرة إلى غير ذلك تقريبا إلى أفهام القاصرين فحق أيضا عندنا وأما الجهة والمكان فلا نجوز إثباتها له تعالى ونقول إنه تعالى منزه ومتعال عنهما وعن جميع سمات الحدوث

Мана шунга ўхшаш оятлар хусусида сўзимиз шуки, унга иймон келдирамиз, уни қандай деб айтилмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло халойиқнинг сифатларидан ҳамда нуқсон ва пайдо бўлганлик белгиларидан пок ва олий Зот эканига иймон келтирамиз. Бу аввалгиларимизнинг раъйидир. Аммо кейинг имомларимизнинг ушбу оятлар ҳақидаги гаплари шуки, бу оятлар, нодонларнинг ақлларига яқинлаштириш учун, масалан, истиводан мурод эгаллаш, яд сўзидан мурод қудрат, бошқаларига ҳам мана шундай, шариат ва луғатда мумкин бўлган тўғри таъвиллар билан таъвил қилинади. Бу ҳам бизнинг наздимизда тўғри йўлдир. Аммо тараф ва маконни Аллоҳ таолога нисбатан исбот қилиш жоиз эмас. Аллоҳ таоло макон ва тарафдан ва пайдо бўлганликнинг барча аломатларидан пок ва олийдир деймиз.

102. Шайх Муҳаммад Зоҳид ибн Ҳасан Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳи (1371-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай деганлар:

والترجيح على تأويل الاستواء بالاستيلاء

Таржиҳ гап – истивони эгаллаш деб таъвил қилишдир («Такмилатур-родди алаа Ибнил Қоййим» китобидан).

103. Шайх Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий раҳматуллоҳи алайҳи (1404-ҳижрий санада вафот этганлар.) «Ал-аятул муҳкамат» номли китобларида қуйидагиларни ёзганлар:

اتفق علماء السنة على ان الله غنى عن كل شيء و كل شيء مفتقر اليه قائم بنفسه لا يحتاج الى محل و لا الى مخصص فهو الذى خلق الزمان و المكان و هو على ما عليه كان

Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, Ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир.

104. Шайх Муҳаммад Жалил Фузайл раҳматуллоҳи алайҳи (1414-ҳижрий санада вафот этганлар) шундай ёзганлар:

وهو لا يستقر في مكان لأنه تعالى القديم الذي ليس له الابتداء والباقي الذي ليس له الانتهاء والخالق الذي خلق الأشياء كلهم وأيضا أن جميع الأمكنة مخلوقاته الذي أحدث ويفنى فاحتياج الخالق لخلقه محال

Аллоҳ маконга жойлашмайди. Чунки У Олий бўлган Зот ибтидоси йўқ Қадимдир, интиҳоси йўқ Боқийдир, барча нарсаларни яратган Холиқдир. Шунингдек, барча маконлар ҳам Унинг кейинчалик пайдо қилган, қачондир яна йўқ қиладиган махлуқидир. Яратувчининг Ўзи яратган нарсасига муҳтож бўлиши эса эҳтимолдан йироқдир («Жаваҳирул-калом» китобидан).

105. Машҳур муфассир шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳи (1419-ҳижрий санада вафот этганлар) «Хавотирий тафсирил-Қуръонил карим» китобида «истиво» оятини тафсир қилиб айтадилар:

وانتهينا إلى معرفة تحديد الاستواء بأنه استواء يليق بالله سبحانه فكل صفة من صفاته يوجد مثلها في البشر فلا تأخذها في الله مثل وجودها في البشر فللبشر وجود ولله وجود وليس وجود البشر كوجود الله ولله علم بالأشياء التي يباشرها وللبشر علم ولكنه ليس كعلم الله ولله فعل في الأشياء ولنا فعل ولكنه لا يناسب فعل الله… إذا فلا تأخذ الاستواء على المعنى الذي معناه استقر على مكان محيز حتى تخرج الله عن أن يكون متحيزا في مكان على العرش…
…إذا ما دام الحق سبحانه وتعالى – ذاته ليست كذواتنا وصفاته ليست كصفاتنا وفعله ليس كفعلنا فخذ استوائه ليس كاستوائنا

Истивонинг чегарасини билиш мавзусига қуйидаги гаплар билан якун ясаймиз: унинг чегараси Аллоҳ субҳанаҳу Ўзига лоиқ бўлган тарзда истиво қилганидир. Аллоҳ таолонинг ҳар бир сифатига ўхшаш сифат инсонда ҳам бор, бироқ Аллоҳ ҳақида инсоннинг сифатига ўхшаш нарсани тушуниб олманг. Масалан, У зотдаги мавжуд бўлиш деган сифат инсонда ҳам бор. Инсонда ҳам мавжудлик сифати бор, Аллоҳда ҳам мавжудлик сифати бор. Лекин инсоннинг мавжудлиги Аллоҳнинг мавжудлиги каби эмас! Аллоҳда У зот ҳукмрон бўлган барча нарсалар ҳақида илм бор. Инсонда ҳам илм бор, лекин Аллоҳнинг илми каби эмас! Аллоҳда барcаҳ нарсаларга доир бажармоқ деган сифати бор. Бизда ҳам бажармоқ деган сифат бор, лекин Аллоҳнинг бажармоқ сифатига муносиб эмас! Шунинг учун ҳам истиво сўзини Аллоҳ таоло бирор чегараланган макон устида қарор топган деган маънода тушуниб олманг, токи Аллоҳни Арш устидаги бирор бир маконда чегараланган ҳолатда бўлишдан ташқарида деб билинг!

…Модомики Ҳаққ субҳанаҳу ва таолонинг зоти бизнинг зотимиздек эмас экан, сифатлари бизнинг сифатларимиздек эмас экан, бажариши бизнинг бажаришимиздек эмас экан, У зотнинг истиво қилишини ҳам бизнинг истиво қилишимиздек эмас деб билинг!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, омийн!

Тошкент ислом институти битирувчиси

Нуриддинов Йўлдошбек Иброҳим ўғли

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг