Шаръий ҳукмларни олишда оҳод ҳадисларнинг аҳамияти (2-фасл)

0
24

Ислом дини, айниқса ислом ҳуқуқи тўртта асосий манбага таянган. Барча диний таълимотлар, тоат-ибодат ва ҳуқуқий масалалар ўз ечимини ушбу манбалардан олади. Улар Қуръони карим, суннат, ижмоъ ва қиёсдан иборат.

Қуръони карим илоҳий китоб бўлгани учун асосий манба сифатида мусулмонларга ҳаётнинг барча йўл-йўриқларини кўрсатиб беради. Одоб-ахлоқ, илму фазилат билан тинчлик ва барқарорликда яшаш учун дастурул-амал ҳисобланади.

Қуръони каримдан кейин шариатнинг иккинчи манбаси суннати набавийя ҳисобланади. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар доим масжид, бозор, уй ва сафар чоғларида саҳобалар билан яшардилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳатти-ҳаракатлари саҳобалар учун ҳаёт йўлланмаси бўлиб қоларди. Узоқ жойларда туташган қишлоқлар аҳолиси ҳам у зотни кўриш ва учрашишга муштоқ эдилар. Айрим вақтларда улар ўз вакилларини Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига юбориб, ислом дини аҳкомини сўраб олардилар. Баъзида саҳобалар навбат билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига бориб, олган маълумотларини бир-бирлари билан алмаштириб турарди. Масалан, Абу Бакр разяллоҳу ўз қўшниси Ибн Зайд билан кунора навбат билан Ҳазрат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурига бориб, олган илмларини алмаштириб юрар эканлар.
Шунингдек, мураккаб муаммолар туғилганда саҳобалар узоқ масофалардан келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз саволларига жавоб олгандан кейин қайтиб кетардилар.

Аёллар ҳам ўзларига тегишли масалалар бўйича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига, масалан, Ҳазрат Оиша разяллоҳу анҳога ва баъзида ўзларига мурожаат этардилар.

Лекин саҳобаларнинг ҳаммалари ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёти, таржимаи ҳоли, айтган сўзлари ва ҳатти-ҳаракатлари бўйича бир хил маълумотга эга эмасдилар. Улардан айримлари шаҳарда яшаса, баъзилари чўлларда яшарди. Уларнинг баъзилари савдогар ёки ҳунарманд ва баъзилари кўпроқ тоат-ибодатга берилган эди. Ҳаммалари бирдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашиб туриш имкониятига эга эмасди. Шу сабабли улар ривоят қилган ҳадислар сони бир-биридан фарқ қилади. Пайғамбаримиздан энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳобалар, биринчи бўлиб ислом динини қабул қилганлар ва кўпроқ у зотнинг ҳизматларида бўлиб ваҳий котиблиги вазифасини бажарган эдилар. Улардан Хулофои Рошидинлар, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ва бошқаларни эслатиш мумкин.

Шубҳасиз Ҳазрат Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг танланган вакили, буюк элчиси ва тарғиботчиси эди. Қуръони каримда:

يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنْزِلَ إِلَيْكَ مِنْ رَبِّك

“Эй, Расул! Раббингиздан Сизга нозил қилинган нарса (оятлар)ни (одамларга) етказинг!” (Моида 67-оят), дейилади.

Тадқиқотчи ҳуқуқшунос олимлар ҳадисни икки хилга бўлиб ўрганганлар.

1. Исломда бирон иш қилинмоқчи бўлса Аллоҳ таоло томонидан ўша масалага тегишли фикр Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий орқали билдирилади. Бу ваҳий Қуръони карим оятлари бўлмайди. Буни “махфий ваҳий” деб аталади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ўз сўзлари орқали баён этадилар.

2. Мусулмонлар ҳаётига тегишли бирон бир янгилик киритилиши зарурати сезилади. Лекин уни ҳал қилиш учун Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ваҳий келмайди. Бундай ҳолатда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ижтиҳод қилиш, яъни масалани ўз шахсий фикри асосида ечиш учун рухсат берилган ҳисобланади. Ўшанда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ижтиҳод қилиб, саҳобалар билан кенгаш ёки маслаҳат ўтказиб бир тўхтамга келадилар.

Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан қабул қилинган қарор ва билдирилган фикр Қуръони карим оятлари орқали тўғриланса ҳадис Қуръони карим орқали мансуҳ бўлган бўлади. Яъни, бекор қилинади ва Қуръони каримнинг ҳукми амалга оширилади.

Масалан, Бадр урушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар душманнинг етмишта аскарини асир олиб, уруш тугамасдан олдин маълум товон эвазига ўша етмиш асирни бўшатиб юборгандилар. Озод бўлган асирлар душман сафига қўшилиб уларни кучайтиришарди. Ўшанда қуйидаги оят нозил бўлиб, душманлар устидан ғалаба қатъий бўлмагунча, асирларни қўйиб юборишга рухсат йўқлигини таъкидлади:

مَا كَانَ لِنَبِيٍّ أَنْ يَكُونَ لَهُ أَسْرَى حَتَّى يُثْخِنَ فِي الْأَرْضِ تُرِيدُونَ عَرَضَ الدُّنْيَا وَاللَّهُ يُرِيدُ الْآَخِرَةَ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

“Бирор Пайғамбар учун, то ерда (душманларга) зарба бермагунича, асирларга эга бўлиш мумкин эмас. (Сиз – мўминлар) дунё матоҳини истайсиз. Аллоҳ эса, (сизлар учун) охиратни раво кўради. Аллоҳ қудратли ва ҳикматли зотдир.”. (Анфол 67-оят)

Аммо агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир инсон сифатида баъзи бир ишларни бажарса, шариат манбаи ёки шариат қонуни ҳисобланмайди. Масалан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир таомни бошқа бир таомга устун қўйсалар, ёки бир либосни ёқтирсалар, бундай ишлар ташриъ эмас, яъни шариат ҳукмларига кирмайди. Балки суннат амал ҳисобланади. Мусулмонлар шариат қоидалари худудида ҳоҳлаганларидек еб, ичиб, кийинишлари мумкин.

Мусулмонлар Пайғамбаримиз алайҳиссалом учун юз берадиган бундай икки хил холатни билардиларми? Албатта, билардилар. Масалан, Бадр уруши бўлиб ўтадиган жой ҳақида саҳобалардан бири Хубоб ибн Мунзир разяллоҳу анҳу: “Бу Аллоҳдан ваҳий бўлганми ёки ўзингизнинг ижтиҳодингизми?”, деб Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўраганда, жавоб бердилар:
-Ўзимнинг ижтиходим.
-Гап шундай бўлса, менимча Бадр қудуғи ёнида тушсак яхшироқ бўларди.
Бошқа мусулмонлар ҳам Хубоб ибн Мунзирни қўллагандан кейин, Бадр қудуғи ёнида тушиш учун рухсат берилди.

Демак ҳадислар ислом динида муҳим ўринга эга ҳисобланади. Шу билан бирга ҳадисларни шаръий далил сифатида қўллаш учун маълум бир даражадаги илмга эга бўлиш талаб этилар экан. Ҳадисларни бирон бир ҳукмга далолат қилиш даражаси фарқ қилишини ёдда тутиш керак.

Манбалар асосида Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Ҳошимов Ойбек

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг