“ЖАЛОЛАЙН” НИНГ ИККИТА СОҲИБИ

0
71

Тафсири Жалолайн ҳақида сўз юритишдан аввал тафсир илми ва муфассирлар, бу улкан илмни қаердан келиб чиққанлигини ўрганиб олишлик лозим бўлади.

“Тафсир” сўзи луғатда баён қилиш, очиб бериш ва равшан қилиш маъноларни англатади. Аммо уламолар истилоҳида: “Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони Каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир”. Имом Аз-Замахшарий бундай таъриф берадилар: “Тафсир – шундай илмки, бу билан Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбари Муҳаммад (с.а.в)га нозил қилган китобини унинг маъноларини, шариат амалларини ва бандалар устидан Аллоҳнинг чиқарадиган ҳукмларини ўрганилади”. Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)нинг даврларида юзага келган. Чунки у зот одамларга Қуръони Каримнинг маъноларини ўз суннатлари билан баён қилар, саҳобаларнинг Қуръон оятлари маъноси тўғрисидаги саволларига жавоблар берардилар. Тафсир илми саҳобаи киромларга Пайғамбаримиз (с.а.в)дан мерос бўлиб қолди.

Тафсири Жалолайн тафсирларнинг улуғларидан ҳисобланади. Бу тафсир икки буюк имомлар Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суютий каби замонасининг етук олимларига тегишли. Тафсири жалолайнни у икки имомларнинг қай бирлари қанчасини тафсир қилишгани хақида китобларда олимлар турли хил ихтилофлик фикрларни билдиришган. “Кашфуз -зунун” китобларини соҳибларини айтишларича: “Тафсири Жалолайнни аввалидан “ИСРО” сурасини охиригача Жалолиддин Маҳаллийга тегишликдир. Лекин “ФОТИҲА” сурасини тафсир қилмаганлар. Жалолиддин Маҳаллий вафот қилганларидан кейин Жалолиддин Суютий тафсирни давом эттириб, уни оихирига етказганлар ва шу билан бир қаторда “ФОТИҲА” сурасини ҳам тафсир қилганлар.” деганлар. Лекин хақиқат кўпчилик уламолар айтганларидек, Жалолиддин Маҳаллий тафсирни иккинчи ярмини ва Фотиҳа сурасини тафсир қилган. Жалолиддин Суютий эса биринчи қисмини тафсир қилган.

Жалолиддин Суютий ўзлари айтадиларки: “Жалолиддин Маҳаллий тафсир қилган Қуръони Каримни тафсирини охирига етказишликка қизиқувчиларнинг иштиёқи қаттиқ эди. Жалолиддин Маҳаллий тафсир қилмаган Бақарани аввалидан Исронинг охиригача том бўлди. Ва шу билан мухтож бўлинадиган эъроблар ва машҳур ихтилофлик қироатлар ва танбеҳлар мукаммал бўлди. Рози бўлмаган сўзларни зикри билан тафсирни узайиб кетишини тарк қилинилди.”

Шайх Сулаймон ал-Жамол Жалолайн тафсирига ёзган ҳошияларининг муқаддимасида “Фотиҳа” сурасини Жалолиддин Маҳаллий тафсир қилганлари ва Жалолиддин Суютий уни Жалолиддин Маҳаллийни тафсирларини охирига қўйганлари (Жалолиддин Маҳаллийнинг таълифларига қўшилиш учун), “Исро” сурасини охирида уни 40 кунда таълиф қилганларини зикр қиладилар.

Жалолиддин Суютий Жалолиддин Маҳаллийнинг тафсирларидан фойда олганларини ва муташобиҳ оятларда у кишининг таржималарига эътимод (суянганликлари) қилганларини эътироф этадилар. Бу нарсалар уламоларнинг нақадар олийжанобликлари ва юксак одоблари ва етук хулқ эгаси эканликларига далолат қилади.

Жалолиддин Мухаммад ибн Ахмад ибн Мухаммад ибн Иброхим Ал-Махаллий Аш-Шофиий 791 хижрий йилда Мисрда таваллуд топганлар. Ёшликларидан бошлаб таҳсилга киришганлар ва турли илм-фан соҳалари: фиҳқ, усул, калом, наҳв, мантиқни эгаллай бошлаганлар. Жалолиддин Ал-Махаллий заковат ва фаҳм-фаросатда беназир бўлганлар. Хатто хамасрларидан бири у киши хақларида: “Ал-Маҳаллийнинг зеҳнлари олмосдан хам ўткирроқ”,- деб таъриф берган. Ал-Маҳаллийнинг ўзлари эса: “Менинг ёдлаш қобилиятим пастроқ бўлса ҳам, заковатим хатони қабул қилмайди”,- деган эди.

Ал-Маҳаллий ўз асрининг алломаси, ўта тақводор, жамоат йиғилган жойни ғанимат билиб, дархол одамларни яхши амаллар килишга даъват килар, ёмон ва нолойиқ ишлардан қайтарар, тез-тез ёмон ва зўравон хокимлар хузурига бориб, хақ гапни айтишда хеч кимни риоя қилиб ўтирмас, қаттиқ табиатли киши эди. У кишига бир неча бор қозиликни таклиф этишган, у зот қабул қилмаганлар. Узок йиллар давомида “Ал-Муайядийя” ва “Ал-Баркукийя” мадрасаларида фиқҳдан фанидан дарс берганлар, тирикчилик учун тижорат билан шуғулланганлар. Жалолиддин Ал-Маҳаллийдан бир неча асарларни мерос қолдирганлар. Улардан усулда “Шарху жамъул-жавомиъ”, “Шархул-баракот”, фиқҳда “Шархул-минхож” ва тафсирда эса сиз билан биз ўрганаётган “Тафсирул-жалолайн” китоблари ибораларининг ўта қисқалиги ва пишиқлиги билан алохида аҳамият касб этади. Жалолиддин Ал-Маҳаллий хижрий 864 йилда вафот этган.

Ал-Ҳофиз Жалолиддин Абул-Фазл Абдурроҳман ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад Суютий Аш-Шофеъий ҳижрий 849 йил ражаб ойи Мисрнинг Қоҳира шаҳрида таваллуд топганлар. У кишини “Асют” деган шаҳарга нисбат берилади. У кишининг ёшлари беш ярим ёшга етганда отларидан етим қоладилар. Саккиз ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёдладилар. “Умдатул – Қорий”, Имом Нававийнинг “Минхож”, Ибну Моликнинг “Алфия” китобларини ёдладилар ва бошқа диний илмларни ҳам ёдлаб чиқардилар. Буларнинг хаммасини замоналарининг олимларидан ўтказиб, мустаҳкамлаб олдилар. Жалолиддин Суютийнинг шогирдалирдан бири Ад-Довудий у киши ҳақида шундай дейди: “Жалолиддин Суютий эллик битта олимни ўзларига устоз деб билиб, улардан илм ўрганганлар. Ёзган асарлари беш юзтадан ҳам ошиб кетган ва бу асарлар шарқдаю ғарбда шухрат топиб, одамлар эътиборини қозонган. Суютий шундай тез ва баракалик асар ёзар эдиларки, бир кунда учта рисолани таълиф ва тахрир қилардилар. У кишининг ёзган асарлари 600 тага етган бўлиб, ўтгазган ҳар бир кунлари учун ўттиз саҳифадан тўғри келарди. Жалолиддин Суютий шулар билан бир қаторда ҳадисларни хам имло қилар ва ўзларига мухолиф бўлган масалаларни чиройли услубда ечар эдилар ”.

Жалолиддин Суютий Ҳанафий фиқҳи усули тўғрисида “Муғний”, Тафтазонийнинг “Шарҳул ақоид” китобларидан хам тасҳил оладилар. Ўша замондаги Ҳанафий олимлардан бирлари бўлган Аш-Шамс Ал-Мирзабоний “Кофия”ни, кейинчалик “Кофия”га ёзилган шархини, Аш – Шиҳоб Аш-Шори Масоҳийдан Мерос ва Ҳисоб илмини таълим оладилар. Мисрнинг муҳаққиқ олимларидан бири Сайфуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Ал- Ҳанафийнинг дарсларида бўлиб, у кишидан жамики илмини ўрганадилар. Жалолиддин Суютий тиб илмини хам Румдан Мисрга қайтган вақтларида Муҳаммад ибн Иброҳим Ад–Давонийдан ўрганадилар. Жалолиддин Суютийга фатво ва дарс беришга ижозат берилади. Илм ўрганиш мақсадида Шом, Яман, Ҳижоз ва Ҳиндистон каби шаҳарларга сафар қилганлар ва у ердаги замонасининг етук олимларидан турли фанларга оид илмларни таълим олганлар. Кейинчалик яна Мисрга қайтиб келиб у ерда ўз илмий ижодларини бошлаганлар. Жалолиддин Суютий ўз замонасининг энг билимдонларидан бўлиб, ҳадис илмини, ровийларни, санадини, матнини унданда яхшироқ биладиган ва яхшироқ исбот қиладиган олим йўқ эди. Жалолиддин Суютий ўз эътирофлари билан икки юз минг ҳадисни ёддан билганлар ва яна айтардиларки, “Агар унданда кўпроқ топганимда эди, уларни ёдлаб чиққан бўлардим”.

Жалолиддин Суютийнинг ёзган илмий мерослари катта мужалладлик 300 га яқин китоблари санаб чиқилган. У зот: “Мударрисга хар бор дарс беришликни ирода қилганда сураи “Мулк”ни, “Ихлос” сурасини “Муъаввазатайн”ни, “Фотиҳа”ни ўқишлиги лозим бўлади” – дер эдилар. Буни шайхул ислом Солиҳ ал-Балқинийдан нақл қилардилар. Жалолиддин Суютий: мен илмни 600 кишидан ўргандим, дер эдилар.

Жалолиддин Суютийнинг ёшлари қирққа етганда одамлардан ва дунёдан юз ўгириб, дарс ва фатволарни ҳам тўхтатиб, бутунлай Аллоҳ таолога ибодат билан шуғулланганлар. У зот умрларининг охирига келиб “Равзатул Миқёс” деган жойда яшадилар ва у ердан токи умрларининг охиригача чиқмаганлар. Хижрий 911-йилнинг Жумадул ула ойининг жума оқшомида вафот этганлар. Ва у зотнинг қабрлари Имом Шофеъий (р.а)нинг қабрларига яқин бўлган жойга қўйилган. Мисрдаги “Қарофа” деган қабристонга дафн қилинган.

“Тафсирул Жалолайн”ни бошидан охиригача ўқиб чиққан киши Жалолиддин Суютийнинг ва Жалолиддин Ал-Маҳаллийнинг махоратларига қойил қолмасдан иложиси йўқ. Чунки, икки Жалолиддиннинг ёзган тафсири хамма кўринишда бир хил бўлиб, битта олим ёзганга ўхшайди. Масалан: Жалолиддин Ал-Маҳаллий “Сод” сурасида Рухнинг латиф жисм эканлигини, у билангина инсон ҳаёт бўлишини тафсир қилган. Жалолиддин Суютий хам “Ал-Хижр” сурасида шу гапни такрорлаш билан бирга “Ал-Исро” сурасининг 85-ояти:

وَ يَسْأَلُونَكَ عَنِ الرُّوحِ قُلِ الرُّوحُ مِنْ أَمْرِ رَبِّي

“Эй Муҳаммад, Сиздан руҳ хақида сўрайдилар. Айтинг: “Рух факат Раббимнинг ишидандир”. Сизларга эса оз илм берилгандир” (Ал-Исро, 85) ни далил сифатида келтириб, Рух ҳақиқатан Аллоҳнинг илмига хос нарса, уни таъриф этишдан сақланиш авло эканлигини айтадилар.

Жалолиддин Ал-Маҳаллий “Ал-Ҳаж” сурасида: “Собиийлар (Фаришталарга сиғинувчилар) яхудийларнинг бир фирқасидир”, дейди. Жалолиддин Суютий хам “Ал-Бақара” сурасида шу гапни такрорлаб, унга қўшимча тарзда: “Насронийларнинг хам”,- деган сўзни қўшадилар ва унинг кўшимчаси баён ўрнида ўтади. “Тафсирул Жалолайн”нинг ибораси шундай қисқа ва енгилки, бу хақда “Кашфуз-зунун”да шундай дейилади: “Яманлик баъзи олимлар Қуръон Карим харфлари билан Жалолайн тафсирининг харфларини солиштириб санаб чиққанлар. “Ал-Муззаммил” сурасигача Қуръон Карим харфлари билан тафсир харфлари тенгма-тенг келган ва “Ал-Муддассир” сурасидан бошлаб тафсирнинг харфлари бироз кўпайтирилган. Ушбу тафсир шунчалик қисқа бўлишига қарамасдан, жуда кенг тарқалган тафсирлардан биридир.

Аллоҳ таоло бизларга насиб қилганича “Тафсири Жалолайн” хақида қўлимиздан келганича маълумотларга эга бўлдик. Жалолиддин Суютийнинг илм олишдан аввал бажарадиган амаллари, ўқийдиган суралари бизга етарлича дарс бўлди. Бу нарсани хар бир толиби илм бажариши лозим бўлган нарсалардан экан. У икки имомларнинг хаётларидаги қилган ишлари таҳсинга сазовордир. Нега деганда, Аллоҳ таолонинг уларга берган озгинагина умрлари давомида ёзган асарларини бир киши умри давомида ўқиб тугата олмаса керак. Аллоҳ ҳаммаларимизга ана шундай баракотлик илмларни насиб айласин.

Имом Фахриддин ар-Розий ЎМИБЮ мударриси,

Урганч тумани Ғоиб ота масжиди имом хатиби М.Собиров

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг