Ишқингизда йиғлайин…

0
96

Ҳасратлар вужудимни емирганида,
Яқинлар зулмидан бош эгилганида,
Ишонган инсоним юз ўгирганида,
Пинҳона, беркиниб ман йиғлаганим рост.
Ўртаниб аламлардан йиғлаганим рост.

Дунёга гўё сиғмай кетганимда мен,
Асл қолиб, сохтасини қучганимда мен,
Дунёнинг ёлғонларин тотганимда мен,
Пинҳона, беркиниб ман йиғлаганим рост.
Ўртаниб аламлардан йиғлаганим рост.

Энди ҳеч йиғламайман бехуда бекор,
Чекмайман бу дунёнинг ишидан озор,
Топдим-ку ҳақиқатни, ахийри абгор,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Ҳаёт ситамларига келганимда дуч,
Гар бардош бермоқликка тополмасам куч,
Тирнасин юрак-бағрим ажиб бир соғинч,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Ўқисам сийратингиз, юракда титроқ,
Доимо ўйладингиз умматни, бироқ,
Мен сизни ўйладимми ўзимдан кўпроқ,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Оламлар учун расул бўлдингиз барҳақ,
Одамлар учун ибрат эдингиз ҳар вақт,
Бу сўзларимнинг бари чиндир, бари ҳақ,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Бу таним тоатда-ю, хаёл паришон,
Уммат ҳам мен каби ҳеч бўларми нодон,
Розиман, майли оқсин кўзларимдан қон,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Маъшуқнинг ошиғига меҳр қўёлмадим,
Қалбан қўйсам ҳамки, жисман қўёлмадим,
Дардларим бўзлайин кимга, билолмадим,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Розиман, бу дунёда бўлай сарсона,
Майлига бўлай мажнун, майли девона,
Тушимда кўрсам бўлди сизни бир бора,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Гар озор берганида қариндошларим,
Дегайман: тугамасин сабр-бардошларим,
Кўзларим, оққизавер дард-кўзёшларим,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Менинг-да бу оламда ўкинчим битта,
Мен сизни кўролмадим фоний ҳаётда,
Шул сабаб сиздан ҳар вақт ўтинчим битта,
Ишқингиз бу қалбимга жойлансин абад!
Расулим, ишқингизда йиғлайин фақат!

Имом Бухорий номидаги Тошкeнт ислом институти 2-босқич талабаси Оятуллоҳ Ҳамидий

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг