Илм сўқмоғига йўл

0
93

Фарзандни кўзага қиёслайдиган бўлсак,

уни лой ҳолатида тўғри шакл берилмаса,

офтобда тобланган кўзани тўғрилаш

фақат унинг синишига олиб келади.

Илм шундай беқиёс неъматки, уни жисмонан ҳис қилиб, таъмини тотиб кўриб, қўл билан миқдорини аниқлаб бўлмаса-да, унга эришиш оқибатида онгда юзага келадиган роҳат ва қаноатни бу дунёдаги ҳеч бир жисмоний роҳат билан қиёслаб бўлмайди. Инсон ана шундай неъмат билан неъматланган-ки, унинг заррасини ҳам йўқотмасдан ўз вақтида тўғри англай олиши ва қадрига ета олиши, уни ҳам моддий ҳам маънавий юксакликка олиб чиқади. Аксинча, бу неъматни ҳис қила олмаслик, уни қадрига етмасдан, моддий неъматлар қаърига шўнғиб кетиш охир-оқибат инсонни жарликка юзтубан қилади.

Инсон тафаккурининг илмни қандай қабул қилиши, шубҳасиз унинг ёшига боғлиқ. Илм ўрганишнинг йўллари ва усуллари кўплиги, инсон учун унинг ёшига мувофиқ эгаллашда енгиллик туғдиради. Бунда услуб ва ёшни тўғри мувофиқлаштириш муҳим ўрин тутади. Илмни эгаллай олмаслик ва уни тафаккур қила олмаслик аксар ҳолда ана шу мутаносибликнинг йўқлигидан юзага келади.

Ўқув муассасаларида ўқувчининг ёш меъёрига қарамасдан дарсликлар танланиши ва нотўғри услублардан фойдаланилиши илм савиясининг тушиб кетишига ҳамда ўқувчиларда у ёки бу фанга қизиқишнинг сўнишига олиб келади. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида бу муаммо анча сезиларли даражада кўзга ташланади. Бу икки даргоҳ боланинг илм олиш дебоча манзили бўлиб, таълимнинг тўғри йўлга қўйилиши шу даргоҳлардан бошланиши лозим. Бунинг учун ҳар бир фаннинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ёндашиш муҳим ўрин тутади.

Хорижий тилларни ўрганиш ҳам ўзича услуб ва ёндашувни талаб этади. Бу соҳа илмини эгаллашда ҳам инсоннинг ёшини ҳисобга олиш ўта муҳим ўрин эгаллайди. Агар ёндашув тўғри бўлса, ҳали она тилида гаплашмайдиган боланинг нутқини ҳам ўз тили билан баробарида хорижий тилга ҳам йўналтириш мумкин.

Боланинг тафаккурида кўриш, тинглаш ва эслаб қолиш томонлари кучли бўлади. Кўриш деганда, у катта ва рангли шаклдаги ҳарф ва суратларни яхши қабул қила олади. Бунда у ҳарфни ҳам суратни ҳам сурат деб қабул қилади ва қулоғи орқали эшитиб уларнинг номларини эслаб боради. Боланинг тафаккурида турли тилларни фарқлаш ҳали ривожланмаганлиги учун, у бир неча тилни (таъкидлаш жоизки, бир неча тилни бола чалкаштириб юбормайди) баробар эгаллаб бориши мумкин. Албатта, бола кўрган ва эшитган нарсасинигина олиб қолади ва юздан ошиқ сўзларни эслаб қолиши мумкин. Тажрибаларда бундан ҳам кўп натижалар кузатилган. Муҳими шундаки, бу узвийликни тўхтатмаслик керак. Чунки, кўрмаётган ва эшитмаётган нарсасини унутиш бола учун кўп вақтни олмайди. Қанчалик тез эгаллаган нарсасини, шунчалик тез унутади. Албатта, бу машаққатли йўлда илк устоз боланинг ота-онаси ҳисобланиб, илм саройининг илк ғиштларини улар қўядилар.

Мактаб боланинг қандай шаклланишида асосий ўрин тутадиган восита бўлиб, у ерда эришилган ютуқ ёки йўл қўйилган ҳар бир камчилик боланинг шаклланишида ўз натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунда устоз, белгиланган дарслик ва қўлланиладиган услубнинг ўрни беқиёс. Устозда ўз фанига ва ўқувчиларига муҳаббати бўлмаса, дарслик ўқувчининг ёшига ва халқ менталитетига мос бўлмаса ҳамда услуб тўғри танланган бўлмаса, ўқувчи мактабни тамомлаганда, худди бўш хонанинг у эшигидан кириб бу эшигидан чиққандек ҳолатда бўлади. Оқибатида, бошланғич таълимни ололмаган боланинг ўрта-махсус ва олий таълим даргоҳларида таҳсил олиш сифатини тасаввур қилиб кўриш қийин эмас.

Хорижий тилларга келсак, болалигида тилларнинг фарқига бормай онгсиз ёдлаб бораётган бола мактаб ёшига етганда, она тили ва хорижий тиллар ҳақида тасаввур ҳосил бўлгандан кейин, албатта, чўчиш пайдо бўлади. Энди уларга нисбатан бошқа услублардан ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, бошланғич синфларнинг дарсликлари назарий маълумотлар тўпламидан йироқ бўлиши ҳамда рангли ва ёрқин суратли бўлиши ва берилган сўзлар катта ҳарфлар билан ёзилган бўлиши муҳим. Бу даврда уларга хорижий тил оғзаки тарзда берилиши, ёзиш вазиятдан келиб чиққан ҳолда оз-оздан қўшиб борилиши муҳим. Муҳими, боланинг тафаккурига маъқул келадиган енгиллик ва ўйин жараёнини йўқотиб қўймаслик керак. Акс ҳолда, болада бу фанни ўзидан итариш ҳаракати уйғониши мумкин, чунки бу зерикиш оқибатида келиб чиқади.

Бошланғич синфлардан сўнг дарс секин-аста жиддийлашиб боради. Дарслик муҳим манба бўлганлиги сабабли ҳар бир синф босқичи учун уни тўғри танлай билиш ютуқ даражасини белгилаб беради. Дарслик танлашда, албатта, бу хорижий тил эканлигини ва у она тилининг қабул қилинишидан тубдан фарқ қилинишини эътиборга олиш муҳим. Афсуски, мактабларда ана шу томонлар ҳисобга олинмай, хорижий тил эгасининг она тили китоби каби дарсликлар танланиб, оқибатида бизнинг ўқувчиларнинг хорижий тилни эгаллай олмасликларига сабаб бўлаётган ҳоллар ҳам йўқ эмас. Оқибатида, мактабни битирган болада хорижий тил бу қандайдир эгаллаб бўлмайдиган довон деган тушунча ҳосил бўлмоқда. Ўрта-махсус ўқув юртлари тилни давом эттириш ўрнига, аввал ўқувчида шу қўрқувни бартараф этиш ва сўнгра тилни ўргатишга вақт сарфлашларига тўғри келаяпти.

Илм олишда узвийлик бўлса, ҳар бир илм даргоҳи бериши лозим бўлган илм даражасини беришга эришса, болада илмга муҳаббат уйғота олинса, албатта, илм боғидаги ниҳоллар барг очиб, улкан мевали дарахтларга айланиши шубҳасиз.

Имом Бухорий номли ТИИ ва

Ҳадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти

ўқитувчиси Саодат Валиева

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг!

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг