Қонга беланган масжид

0
176

Ўтган ҳафта 24 ноябр жума кунида Мисрнинг Синай ярим оролида мудҳиш теракт амалга оширилди. Жума намози ўқилаётган пайтда, бир нечта машинада келган қотиллар масжид ичида бомба портлатди ва ташқарига қочиб чиқаётган кишиларни ўққа тутди. Натижада, 305 киши ҳалок бўлди, шулардан 27 таси болалар ва 130 га яқин кишилар жабр кўрди (жароҳатланди). Бу даҳшатли жиноятни ИШИД аъзолари амалга оширгани гумон қилинмоқда…

Бу хабарни ўқиган ҳар бир соғлом табиатли кишида авваламбор, бегуноҳ жабр кўрган мусулмонларга нисбатан ачиниш, шафқат, ҳамдардлик ва бу жирканч ишни амалга оширишган қотилларга нисбатан чексиз нафрат, ғазаб пайдо бўлади. Одам ҳам шунчалик ақлсиз, жоҳил ва қалби қаттиқ бўладими. Ахир ҳужум қилинган жой қадим қадимлардан бери дахлсиз ҳисобланган жой; ибодатхона бўлса, ундаги инсонлар; ибодатгўй одамлар бўлса, шундай жойга ҳам босқин қилинадими!? Шубҳасиз, бу босқинчилар учун ҳеч қандай диний, инсоний қадриятларнинг аҳамияти йўқ.  Қуръони каримда тасвирланганидек: “Аллоҳ уларнинг қалбларига ва қулоқларига муҳр урди. Уларнинг кўзларида парда бор ва улар учун улуғ азоб бордир”[1]. Яъни уларнинг қалби яхшилик нима эканлигини тушунмайди, қулоғига тўғри гап кирмайди ва кўзи ҳақиқатни кўрмайди. Қўлида қурол бор, ўзини қудратли деб, ҳисоблайди. Одамларнинг улардан қўрқиши уларга завқ бағишлайди. Одамларга озор бериш, ўлдириш уларга одатий ҳол бўлиб қолган, балки табиатга айланган. Ўта гуноҳкорлигидан охиратни ўйламайди, инкор қилади, қалби тош қотган. Бунинг тасдиқи Қуръони каримда ҳам зикр қилинган: “Сўнгра (Аллоҳнинг оят мўжизаларини кўргандан кейин ҳам) қалбларинг қотди. У тошдек ё унданда қаттиқроқдир…”[2].  Яъни, қалбни юмшатувчи сон саноқсиз оят мўжизалар бўлса ҳам, бааъзи одамлар ибрат олишмайди. Қалблари қотади; панд насиҳатни қабул қилмайди, қалбига яхшилик, иймон кирмайди.

Аслида инсон нима учун яратилган эди?  Аллоҳ таоло фаришталарга: “Мен ерда (ўзимга) ўринбосар яратаман”[3], демаганмиди!? Аллоҳнинг ердаги ўринбосари ер юзини гуллатиб яшнатиши, адолат ўрнатиши, одамлар ўртасида эзгулик уруғини сочиши керак эмасмиди!? Аллоҳ таоло: “Жин ва инсонни фақат менга ибодат қилишлари учун яратдим”[4], деб марҳамат қилади. Яъни,  Аллоҳ таолони бир деб билиш, унинг динини маҳкам тутиш, буйруғу қайтариқларига қулоқ солиш учун яратилганмиз, ахир. Энди ўйлаб кўрайлик, бу вахшийлик, қонхўрликни ерни обод қилиш деб бўладими, ёки масжидда ибодат қилиб турган одамни портлатиш, ўққа тутишни ибодат деб бўладими? Демак бу ишни устида турганлар ҳам, бажараётганлар ҳам инсонийлик табиатидан чиқиб кетган одамлар, улар шу ҳолатларида ҳайвонлик даражасига тушганлар. Кўрмайсизми, йиртқич ҳайвонлар олдидан келганни тишлайди, ортидан келганни тепади. Нафси нимани хоҳласа, шуни қилади.

Ҳадиси шарифларда “Ҳар бир дилозор дўзахдадир”[5], дейилади. Дилга озор бериш бир оғиз сўз билан ҳам, ишора билан ҳам бўлиши мумкин. Энди, қисқа муддатда юзлаб одамларни қириб ташлаганларни ким деб, атаймиз? Яна, “Афзал амаллардан бири мўмин (қалби)га хурсандчилик киритиш…”[6], деб марҳамат қилинган бошқа ҳадиси шарифда. Мана бизнинг қоидамиз, мезонимиз, ҳаёт йўлимиз. Энди мана бу ҳадисга эътибор қаратинг: “Модомики банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ таоло бандасининг ёрдамида бўлади”[7]. Мана динимиз тарғиб қиладиган умуминсоний қадриятлар. Бир муҳтожга қилинган кўмакнинг мукофотини қаранг. Аллоҳ таолонинг ўзи ёрдамчи бўлади дейилмоқда. Агар бунинг тескариси бўлса, нима бўлади. Бир бегуноҳни қонини тўкиш мақсадида юрса, нима бўлади. Албатта, бир куни хору зор бўладику!   Бу мавзудаги ҳадисларни санаб адоғига етиш қийин аслида. Лекин шу билан кифояландик.

Хўш энди терактни амалга оширганлардан нима қолди. Авваламбор уларни жумъа кунида  юзлаб одамларнинг қарғиши урди. Дуо ижобатига яқин соатларда оҳу зорлар кучини кўрсатди. Расмий хабарларга кўра босқинчилардан 30 га яқини Миср ҳарбийлари томонидан йўқ қилинди. Улар шу гуноҳлари учун тавба қилишга ҳам улгурмаган бўлса керак. Энди улар қиёмат кунида юзлаб бегуноҳ мўминларни қасддан ўлдиргани учун жавоб беради. Бу жавобгарлик жуда оғир масала. Юзлаб одамлар эмас, битта одам бегуноҳ ўлдирилса ҳам, Аллоҳ таоло жазосиз қолдирмайди. Бунинг устига, вайрон бўлган масжид, юзлаб қонга беланган бегуноҳ инсонлар, қанчадан қанча бева, етим есирлар, зор қақшаган қариндошлар қолди.

Қотиллар ўлди, кўмилди, тамом номи ўчди. Уларни энди ҳеч ким эсламайди. Эсласа ҳам лаънат билан эслаши мумкин. Чунки улар инсон номига лойиқ бўла олмади. Икки дунёсини ҳам хароб қилди. На ота онасининг хизматини қилди, на бир фарзанд тарбия қилди. Фарзанд қолган бўлса ҳам умрбод отаси сабабли ҳижолат остида қолди. Улардан на бир обод боғ қолди. Қаранг қанчалик бадбахтлик ўраб келган уларни.

Лекин шундай инсонлар борки, уларнинг номи орамизда, ҳеч қачон эсдан чиқарилмайди. Улардан дин диёнат, илм маърифат, обод шаҳарлар, кашфиётлар ва боғу роғлар мерос қолган. Ана уларни одаммисан одам, деса бўлади.

Сўзимизнинг охирида мана шундай қўпорувчилик ҳаракатларига, зўровонлик ва қўрқитишга мойиллиги бор одамларга айтамизки, қўйинг шу охири йўқ йўлни, дунё ва охиратингизни вайрон қилманг, аслингизга; инсонийликка қайтинг, йиртқич ҳайвон даражасига тушманг. Агар инсон астойидил ҳаракат қилса, фаришталар даражасига етиши мумкин, ўзини ҳам ўзгаларни ҳам бахтли қилиши мумкин. Қўйинг, қўрқоқлик қилиб қуролга ёпишманг, агар ростдан дин учун курашмоқчи бўлсангиз, ҳозир бўш турган илм маърифат майдонида ўзингизни кўрсатинг, амалингиз, ҳусни хулқингизни кўриб одамлар мусулмон бўлсин. Аксинча мусулмонлар қўлингизда жувонмарг бўлиб, ўлиб кетмасин. Сизу биз Аллоҳ ёрлақаган одамлармиз, мусулмон юртда туғулганмиз, ота онамиз мусулмон, ҳақ динни топганмиз, ҳақ мазҳабни тутганмиз яратганга беадад шукр…

Аслингизга қайтинг, дунёни яхшилик, мардлик, саховат ва меҳр мурувватга тўлдиринг…

ТИИ 4 курс талабаси

Тоштемиров Ҳикматуллоҳ

[1] Бақара сураси 7 оят.

[2] Бақара сураси 74 оят

[3] Бақара сураси 30 оят

[4] Зариат сураси 56 оят

[5] Хатиб ривояти, Али р.а.дан Ибн Асокир ривоят қилган

[6] Шуубул имон да Ибнул Мункадирдан ривоят қилинган

[7] Мўжамул авсат, Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг