БАХТЛИ ИНСОН КИМ?

0
248
БАХТЛИ ИНСОН КИМ?

Кўпинча маросимларда, тадбирларда одамлар йиғилиб қолишганда, кимдир ўзининг бахтсизлигидан нолиса, яна кимдир ўзининг бахтли, омадли инсон эканлигидан мағрурланиб гапирганлиги қулоққа чалиниб қолади.

Айрим қизлар турмушга чиқа олмаса, ёки йигитлар уйлана олмаса, домлага бориб, “Бахтимни очиб қўйсангиз”, дейишади. Йигит учун уйланиш, қиз учун турмушга чиқиш, улар учун бахт саналади. Агар оила қуришса‑ю, қўша қариб кетишса, чиндан ҳам бахт, борди‑ю, муросалари келишмасдан ажралиб кетишса, бу бахтсизликдир.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш нарса инсоннинг дунёдаги бахтидандир: биринчи, ҳовлиси кенг бўлмоғи; иккинчиси, итоат қиладиган солиҳа аёли бўлмоғи; учинчиси, бемалол мина оладиган улови бўлмоғи; тўртинчиси, дилкаш, яхши қўшниси бўлмоғи; бешинчиси, ризқи (касб-кори, иши) ўз шаҳрида бўлмоғи”, деганлар.

Дарҳақиқат, чуқур тафаккур қилиб қарасак, шу беш нарсага эга бўлган кимса чиндан ҳам дунёда бахтлиман деса арзийди. Энди дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтли бўла оладиган ҳақиқий бахтли инсон ким, дейилган саволга Аллоҳ таъоло Зориёт сурасининг 56 оятида:

“Мен жинлар ва инсонларни Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим”, деб жавоб берган.

Аллоҳ таъоло ушбу оятда яратган махлуқотлари ичида ақл берилган жинлар ва ашрафул махлуқот (яратилганларнинг энг улуғи) бўлган инсонларни Ўзининг ибодати учун танлаганлигини билдирмоқда. Зеро, инсондан бошқа барча махлуқотлар ақлсиз бўлиб, улар ашрафул махлуқот бўлган инсоннинг у ёки бу манфаати учун яратилгандир.

Шарҳ: Махлуқот – “махлуқ” сўзининг кўплиги бўлиб, “яратилган” маъносида. Махлуқот дейилганда, махлуқларнинг асли, асосийси ва энг улуғи бўлган одамдан бошлаб, энг паст қурту қумурсқалар, зарралар ҳам киради.

Аллоҳ таъоло Ўзининг чексиз қудрат эгаси ҳамда жами мавжудотларнинг яратгувчиси эканлигини билдириш учун ашрафул махлуқот бўлган Одамни яратди ва уни ақл, фаҳм-фаросат, нутқ, зеҳн ато этиб, емишини қўли билан тановул қилиш, тик туриб юриш, кийиниш, ўзини нажосатлардан поклаш ва шунга ўхшаш гўзал фазилатлар билан зийнатлантирди.

Демак, Аллоҳ таъоло инсонни барча махлуқотлардан устун қилиб, кўркам шаклда яратди. “Ват-тийн” сурасининг 4-оятида:

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” деб таърифлаган.

Имом Байҳақий Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таъоло Одам ва унинг зурриётларини яратгандан кейин фаришталар: “Эй Раббимиз! Одамзотни яратдинг. Улар ейдилар, ичадилар, уйланадилар, уловга минадилар, кийим киядилар, ухлайдилар ва роҳатланадилар. Буларнинг биронтасини ҳам бизларга насиб этмадинг. Шундай экан дунёни уларга бергину, охиратни бизларга насиб этгин”, дейишди.  Шунда Аллоҳ жалла жалолуҳу, яъни буюк ва қудратли Аллоҳ таъоло: “Йўқ! Қудрат қўлим билан яратиб, Ўз руҳимдан дам урган бандамни “кун” яъни “бўлгин” деган сўзим билан пайдо бўлган фаришталарга тенг қилайман” деди.

Шунинг учун, Имом Байҳақий Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўъмин киши Аллоҳнинг наздида фаришталардан улуғроқдир”, деганлар. Фаришталар табиатан тоату ибодатли қилиб яратилганлар. Чунки уларда фақат ақл мавжуд бўлиб, нафсониятдан ҳеч нарса берилмаган. Ҳайвонларга эса фақат шаҳват берилиб, ақл берилмаган. Одамга эса ақл ҳам, шаҳват ҳам берилган бўлиб, кимнингки ақли шаҳватидан ғолиб бўлса, у фаришталардан улуғроқдир. Кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб келса, у ҳайвонлардан ҳам пастроқдир. Чунки Аллоҳ таъоло дунёдаги ҳамма нарсаларни инсон учун яратган ва уларни инсонга бўйинсундириб қўйган. Ўзи учун яратилиб қўйилган нарсаларга бўйинсунган инсонлардан ҳам пастроқ нарса бўладими?!

Одамни эса кўп ҳикмат асосида бошқа махлуқотлардан устун қилиб яратди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таъоло Исро сурасининг 70-оятида:

“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” деб марҳамат қилганлиги шу маънони ифода этади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло ўз илму ҳикмати билан биз инсонларни яратмаганда, унинг чексиз қудратли Зот, Холиқи мавжудот эканлигини ҳеч ким билмасди. Шунинг учун Аллоҳ таъоло Ўзининг беназир донолиги билан барча мавжудотларнинг султони бўлмиш одамзотни Ўзини танитмоқ учун яратди.

“Руҳул Баён” тафсирида айтилган ҳадиси қудсийда: “Мен яширин хазина эдим. Ўзимни танитмоқ учун махлуқотни яратдим” дейилган.

Демак, Аллоҳ таъоло одамзотни барча махлуқотлардан устун қилиб, ақл билан зийнатлантирган экан, ақлли, фаросатли, зийрак бўлган инсон тафаккури ва ақлини чуқур ишлатиб, ўзининг кимлигини билиб, яратган Эгасига минатдорчилик юзасидан қулчилик, яъни ибодат қилиши лозим бўлади.

Ибодат учун яратилган инсон балоғат ёшидан бошлаб умрининг охиригача имтиҳонда эканлиги Мулк сурасининг 2-оятида баён қилинган:

“У сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафур (кечиримли)дир.

Аллоҳ таъоло бу ояти каримаси билан инсонларга ўлимни унутмасликни эслатмоқда. Чунки инсон бу фоний дунёга келар экан, вақти соати келиб, бир куни ҳақиқий боқий дунёга қайтиши ҳам бор. Шунинг учун ўлимни эслаб, уни кўз олдига келтириб юрган киши инсонларнинг энг яхшиси, энг ақллиси ва энг доноси саналади. Зеро, ўлимни эслаган киши барча ёмонликлардан тийилиб, умрини беҳуда ишлар билан зое қилмасдан, яхши амаллар қилиб, имтиҳон майдони бўлган бу фоний дунёдан муваффақият билан ўтади ва абадий дунё бўлган охиратини обод қилади.

Бу дунё фоний бўладиган вақтинчалик имтиҳон майдонидир. Абадий қоладиган қўним жой эмас.

Имом Аҳмад, Термизий ва Ибн Можалар Саҳл бин Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳнинг наздида дунёнинг чивин қанотичалик қадри бўлганида кофирга бир қултум сув ҳам бермас эди” деганлар.

Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дунё мўъминнинг зиндони, кофирнинг эса жаннатидир” деганлар.

Аллоҳни танимайдиган имонсиз кимсаларнинг шу дунёдан бошқа ғам-ташвишлари йўқ. Чунки улар – инсон ўлса йўқ бўлиб кетади, қайта тирилмайди деб эътиқод қилишади ва шу эътиқодлари билан бу дунёдан ўтиб кетишади. Аллоҳ уларнинг эътиқодига биноан сўраган нарсасини бериб, дунёсини обод қилади. Шу сабаб бу дунё улар учун жаннат кабидир. Ўлишлари билан жаннатлари тугаб, дўзахий ҳаётга тушиб қоладилар. Мўъминлар эса Аллоҳни рози қилиш учун Унинг қил деган ишларини қилиб, қилма деганларидан четланадилар. Шунинг учун уларнинг ҳаётлари зиндондаги кишининг ҳаётига ўхшатилди.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси

ҲОЖИ АҲМАДЖОН БОБОМУРОД

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг