Салмо бинти Қайс Нажжория розияллоҳу анҳо

0
114

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага ташрифлари билан ансорлар шарафга эришди. Бу улуғ зотлар Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) меҳмон қилиш учун ўзаро мусобақалашардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ансорлар ва уларнинг уйини мақтаб бундай дедилар: “Ансор хонадонининг энг яхшиси Бану Нажжор, сўнг Бану Абдулашҳал, Бану Хорис ва БануХазраж, сўнг Бану Соидадир. Ансорларнинг ҳар бир хонадонида хайр бордир”.

Тўлиқ исми: Салмо бинти Қайс ибн Амр ибн Убайда ибн Молик ибн Ади ибн Омир ибн Ғанам ибн Ади ибн Нажжор. Куняси: Умму Мунзир.

Таниқли саҳобия Салмо (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оталари тарафидан хола бўлади.

Салмо бинти Қайс (розияллоҳу анҳо) уйидаги янги пишган ва қуритилган хурмолари билан мадиналикларни меҳмон қилиши туфайли шуҳрат қозонган эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам унинг уйига тез-тез келиб, унинг таомларини баракали ва фойдали, деб мақтардилар. Салмо (розияллоҳу анҳо) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меникига Али (розияллоҳу анҳу) билан келдилар. У бетоб эди. Сўрида узумим бўлиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ва Али (розияллоҳу анҳу) ундан ея бошлашди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):”Эй Али, бўлди қил. Сенга мумкин эмас”, дедилар. Али (розияллоҳу анҳу) қайтиб, жойига ўтирди. Мен қандлавлаги ва арпани пишириб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) олдиларига қўйдим. У зот (алайҳиссалом) Алига (розияллоҳу анҳу): “Мана бундан егин, сенга фойдали”, дедилар (Имом Термизий).

Шунингдек, Умму Мунзир (розияллоҳу анҳо) жума куни қанд лавлаги ва арпадан таом тайёрлаб, саҳобаларни меҳмон қиларди. Саҳл (розияллоҳу анҳу) айтади: “Жума намозидан сўнг унинг уйига бориб, салом берардик. У олдимизга овқат қўярди”. Овқатида ёғ бўлмаса ҳам, жума куни бўлгани учун қувонардик”.

“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг