Динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган инсон ёди

1
276

2018 йил 25 январь куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам Ислом Каримовнинг 80 йиллигини нишонлаш мақсадида талаба қизлар иштирокида “Ислом Каримовнинг динимиз ривожига қўшган улкан ҳиссаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси биринчи Президентининг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, 2006 йилдан буён Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари сифатида хизмат қилиб келаётган улуғ устоз Шайх Абдулазиз Мансур иштирок этди.
Дастлаб тадбир Қуръон тиловати билан бошланди ва унинг савоби Биринчи Президентимиз Ислом Каримов руҳи покларига бағишланиб, дуои хайрлар қилинди.

Сўнг Шайх Абдулазиз Мансур мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат арбоби бўлган Ислом Каримов раҳбарлиги остида дин соҳасида, хусусан, ислом дини ривожи йўлида амалга оширган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб бердилар.
Дарҳақиқат, истиқлол шарофати ва Биринчи Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг маънавий қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Муқаддас ислом дини таълимоти, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, бебаҳо тарихий меросимизнинг тикланиши ва ривожланиши учун барча шарт-шароит яратилди.
Мустақиллик йилларида мўмин-мусулмонлар ўз кундалик диний ибодатларини бехавотир ва эмин-эркин адо этиш имкониятга эга бўлдилар. Бу борада тегишли қонун ва фармонлар қабул қилинди. Диний байрамларни нишонлаш, муқаддас жойларни зиёрат қилиш анъанаси қайта тикланиб, бу борада зиёратчиларга қулайлик ва шарт-шароитлар яратилди. Конституциямизга биноан халқимиз ўз диний эътиқодларини яширмайдиган, миллий удумларини бамайлихотир амалга оширадиган бўлди.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Абу Мансур Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланди.
Истиқлол исломий илм масканлари эшикларини ёшларга кенг очиб берди. Мустабид тузум даврида фақатгина иккита – Тошкент ислом институти ва Бухорода «Мир Араб» мадрасаси чекланган шароитларда фаолият юритишига рухсат этилган бўлса, истиқлол шарофати ва Биринчи Президентимиз раҳнамолигида пойтахтимизда «Кўкалдош» ва «Хадичаи Кубро», Китоб шаҳрида «Хожа Бухорий», Наманганда «Ҳидоя», Андижонда «Саййид Муҳйиддин махдум», Урганчда «Имом Фахриддин Розий», Нукусда «Муҳаммад ал-Беруний», Бухорода «Мир Араб» ва «Жўйбори калон» ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият кўрсатишни бошлади.
Биринчи Президентимизнинг ташаббуси билан 1999 йили Тошкент ислом университети ташкил этилиб, бу олий таълим муассасасида талабаларга диний ва дунёвий билимлардан сабоқ берилмоқда.
Қайд этиш лозимки, биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йилдаги икки ҳайит байрами кунларини дам олиш кунлари деб эълон қилиш ҳақидаги фармонлари асосида мана йигирма беш йилдирки, икки ҳайитнинг биринчи кунлари диний байрам – дам олиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда.
Суҳбат якунида Шайх Абдулазиз Мансур Пайғамбаримиз алайҳиссалом «Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди» деб марҳамат қилган ҳадиси шарифни эслатиб ўтдилар. Шу билан бирга, тадбир давомида савол-жавоблар ҳам бўлиб ўтди. Умуман олганда, учрашув барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди ва таассуротларга эга бўлди.
ЎМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур Тошкент ислом институтида Ислом Каримов асарларига бағишланган “Ислом Каримов – мустақиллигимиз асосчиси” мавзусида ўтказилаётган кўргазма билан ҳам танишдилар.

З.Суярова,
ТИИ талаба қизлар билан ишлаш бўйича услубчи

1 ТА ШАРҲ

  1. […] Шайх Абдулазиз Мансур иштирокида давра суҳбати. Институт талаба қизлари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур иштирокида “Динимиз ривожига улкан ҳисса қўшган инсон ёди” деб номланган давра суҳбати бўлиб ўтди (25.01. 2018). […]

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг