Ғийбат ҳақида Қуръон ва ҳадисда нималар дейилган?

0
293

Ғийбат қилиш тил офатларининг энг ёмонларидан экан, хўш, у ҳақда Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда нималар дейилган?

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 148-оятида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар, мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир». Қалбида тақвоси, виждонида ҳассослик бўлмаган одам ҳар қандай ёмон сўзни осонгина ошкора қилади, атрофга ёяди. Ёмон гапни ошкор қилиш икки одамнинг бир-бирини сўкишидан, ёмонлашидан ва ғийбат-бўҳтон қилишидан бошланади. Сўнгра, аста-секин катталашиб, жамиятни ҳалокат жари ёқасига олиб келади.

Ҳужурот сурасининг 12-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир».Демак, ғийбат қилиш биродарининг гўштини ейиш билан баробар экан. Ким биродарининг гўштини ейишни истайди, ахир?!

Ҳумаза сурасининг аввалги оятида: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам «ҳумаза» дейилади. Уларнинг айб ва камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади.«Вайл» жаҳаннамдаги бир водий ёки «ҳолига вой» , «ҳалок бўлсин» деган маънода. Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса,обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб, қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганидек, ғийбат қилиб, обрў тўкиб кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади.

Қоф сурасининг 18-оятида: «У бирор сўз айтмас, магар ҳузурида (фаришта) ҳозиру нозир». Али ибн Абу Толҳа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши бу оят ҳақида: «Ҳар бир яхши-ёмон гапи ёзиб борилади», деганлар. Қилган ғийбатлари ҳам, обрў тўкиш учун айтган гаплари ҳам. Сўнгра Қиёмат кунида ҳаммасидан сўроқ-савол қилинади.

Исро сурасининг 36-оятида эса: «Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил – ана ўшалар масъулдирлар», деб марҳамат қилинган.

Ғийбатнинг катта гуноҳ экани кўплаб ҳадисларда ҳам ворид бўлган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларидан сўрадилар: «Ғийбат нима эканини биласизларми?». Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқдир», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У ёқтирмайдиган нарса билан биродаринингизни зикр қилишингиз дедилар», дедилар. “Гапирган нарсамиз ўша биродаримизда бор эканини кўрган бўлсак ҳамми?’, дейишди. «Агар гапирган нарсангиз унда бўлса, ғийбат қилибсиз. Агар бўлмаса, туҳмат қилибсиз», дедилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Меърожга чиққанимда бир қавмнинг олдидан ўтдим.Уларнинг тирноқлари мисдан эди ва у билан юзлари ва кўксиларини тирнар эдилар. «Булар ким ё Жаброил?», деб сўрадим. Жаброил алайҳиссалом: «Улар инсонларнинг обрў-эътиборларини тўкиб, уларга туҳмат қилиб, гўштларини ер эдилар», деди”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга хиёнат қилмайди, алдамайди, уни ёрдамсиз қолдирмайди. Ҳар бир мусулмонга мусулмон биродарининг шаъни,моли ва қони ҳаромдир. Мана шу тақводир. Мусулмон биродарини таҳқирлаш кишининг ёмон эканига кифоя қилади”.

Ҳеч шак-шубҳа йўқки, оламдан ўтган мусулмонни ғийбат қилиш тирик, яшаб юрган мусулмонни ғийбат қилишдан кўра каттароқ ва оғирроқ гуноҳдир. Чунки тирик юрган одам уни ғийбат қилган кишини кечириши мумкин. Аммо вафот этган одам бундай қила олмайди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар бир дўстингиз вафот этса ортидан уни дуо қилинглар. Шаънини булғаб ёмон сўз айтманглар”, деганлар.

Абу Барзо ал-Асламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи васаллам: “Эй қалбида эмас, фақат тилида иймон келтирганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар ва айбларини очманглар. Ким уларнинг айбларини очса, Аллоҳ унинг айбини очиб қўяди. Аллоҳ кимнинг айбини очса, ўша киши уйида ҳам уни беркита олмайди”, дедилар.

Бу ҳадисларда мусулмонни ғийбат қилиш мунофиқларнинг иши эканидан огоҳлантирилмоқда.

Муставрод ибн Шидод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмон кишининг гўштидан еса, Аллоҳ таоло унга жаҳаннамдан бўлган худди шундай нарсани едиради”,дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни мунофиқларнинг иши бўлган ғийбатдан, бировларнинг обрўсини тўкишдан, бошқаларга туҳмат қилишдан сақласин. Куч ҳам, қувват ҳам Аллоҳникидир!

«Офат ул-лисон» китоби асосида
4-курс талабаси Нуриддин Муҳаммаджон тайёрлади

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг