Алишер Навоийнинг динимиз ривожига қўшган ҳиссаси

0
161

Ғазал мулкининг султони, ўзбек адабий тилининг асосчиси Мир Алишер Навоий 1441 йил 9 февралда Ҳиротда туғилган. Замондошлари у ҳақида кўпинча “Низомиддин Мир Алишер” деб ёзадилар. “Низомиддин” – дин, диёнат низоми дегани бўлиб, донишманд мансаб эгаларига бериладиган сифат, “мир” – амир демакдир.

 Навоийнинг 1492-1498 йилларда тартиб қилинган 4 қисм девондан иборат улкан “Хазойин ул-маоний” шеърий куллиёти шоирнинг туркий тилда ёзилган деярли барча лирик шеърларини ўз ичига қамраб олган. Навоийнинг ёзган ғазалларини ўқир эканмиз, аввало инсон Аллоҳ таоло севиши, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббати, уни севиб, фидоий бўлиб хизмат қилишлиги, Ватанини обод қилишлиги, бева-бечоралар ҳолидан хабар олишлиги, етимларни бошини силашлиги, ота-онага бўлган муҳаббатини англаш мумкин. Инсон ҳаётда яшар экан, шу ҳаёти давомида яхши амаллар, ширин сўзли бўлишлиги ва барчага доимо яхшилик қилиб, ҳеч кимга ёмонлик қилмасдан яшашга инсонларни даъват қилади.

Зеро, Абу Мусо (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Ё Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайси бири афзал? Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: “Мусулмонлар унинг тилидан ҳам, қўлидан ҳам саломат бўлганидир”.

Навоий Ҳазрат “Арбаин ҳадис” китобларида ушбу ҳадиси шарифни ўз мисраларида  шундай дейдилар:

Ким мусулмонлиғ айласа даъво,

Чин эмас гар фидо қилур жонлар.

Ул мусулмондурки, солимдур,

Тилию илгидин мусулмонлар.

Бундан ташқари Навоий муҳтожларга ёрдам, олиму-фозилларга қудрати етганича ҳомийлик, эл-юрт фаровонлиги учун хайрия ишлар қиларди. Ўз даврида шаҳар ва қишлоқларнинг ободончилиги, йўллар, ўнлаб мадрасалар, кутубхоналар, работу  кўприклар қурдиришда фаолият кўрсатганлиги барчамизга маълум. Бу ишларни барчаси одамларга, халққа фойда – манфаат келтириш, одамларнинг яхшиси деган номга мушарраф бўлди. Халқ ғаму ташвиши ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир кишининг инсонийлик бурчи бўлишлиги билан бирга имони бақувват ва сийлаи-раҳмни, яъни, қариндош-уруғчиликни маҳкам боғлашликка, ҳақиқий мўмин-мусулмон эканлигига чақиради. Ҳақиқий мўмин киши ҳадисда айтилганидек: “Ўзига раво кўрганни, ўзгага раво кўрадиганидир” – дейилган бўлса, Навоий ўз мисрасида шундай дейди:

Мўмин эрмастур улки, имондин,

Рўзгорида юз сафо кўргай,

Токи қариндошиға раво кўрмас –

Ҳар неким ўзига раво кўргай.

Навоий умри давомида халқ фаровонлиги, инсон манфаатлари йўлида, ўлмас, боқий асарлар яратдики, биз Ўзбек халқи ҳали-ҳанузгача унинг қолдирган бой илмий-меросидан фойдаланиб келмоқдамиз. Унинг ғазалларида одамзот ер юзини обод қилишлиги, ўзидан яхши излар қолдиришлиги, фарзандларини илмли, ҳунарли, таълим-тарбияли бўлишга тарғиб қилади.

Ҳадисда, Ҳазрати Сарвари олам а.с. айтганларидек: “Инсонларнинг яхшиси – инсонларга манфаатлисидир”. Навоий:

“Нафъинг агар халққа бешак дурур,

Балки, бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.”

Инсонни ҳалққа манфаати тегиши, Одамларни оғирини енгил қилиши, инсонни халққа қанча фойдаси тегса, бу нарса унинг ҳам ўзига ҳам фойдаси кўпроқ тегишини баён этади.

Демак, бундан маълум бўладики Навоий Пайғамбаримиз (с.а.в)дан келтирилган ҳадиси-шарифларини ўзларини мисра, рубоий ва ғазалларида халқимизга етиб борадиган даражада таъриф қилган.

Навоий бобомиз ўз умрини элу-юртининг ободлиги, халқнинг фаровонлиги йўлида сарфлаб, барчамизга ўрнак бўлдилар.

Президентимиз Ш.Мирзиёев айтганларидек, Ватанга фидоий бўлиб, унинг манфаати йўлида тинимсиз меҳнат қилсак, бундай улуғ зотларнинг ибратли ҳаёт йўлларини келажак авлодимизга ўқитиб, ўргатсак, халқимиз биздан рози бўлади. 

Миржон Эгамбердиев
Бухоро вилояти Шофиркон тумани бош имоми

 

Манба:bukhari.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг