Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари

0
488

2018 йилнинг 27 март куни Тошкент ислом институти “Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими” бошлиғи Ў.Собиров Республика маънавият тарғибот маркази “Маънавият тарғиботчиси” ўқув марказида Бухоро вилоятидан ташриф буюрган умумтаълим мактаблари директорлари ҳамда академик лицей ва касб-ҳунар коллежи директорилари учун ташкил этилган тадбирда “Мамлакатимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш” ҳамда “Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашишнинг маънавий-маърифий асослари” мавзусидаги маърузалари билан иштирок этди.

Инсоният яралибдики, тинч, бахтли, саодатли яшашга интилади. Лекин бу интилиш очкўзлик, ҳасад, ҳудбинлик каби иллатлар туфайли баъзиларга орзулигича қолиб келмоқда. Олимларнинг ҳисоб-китобларига қараганда сўнги олти минг йил ичида ер юзида 5700 марта уруш бўлган.  Бу тўқнашувларнинг асосий сабаби ҳудуд талашиш, бойлик орттириш учун бўлса, яна аксарининг сабаби диний келишмовчиликлардир. Ана шундай можароларнинг олдини олиш учун эса инсоният диний бағрикенглик ғояси остида бирлашиши зарур.

Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, деб марҳамат қилганини айтиб, машҳур муфассир олимларимиз  Абуллайс Самарқандий ва Абу Муин Насафийлар ўз тафсирларида ушбу оятни бошқа динга эътиқод қилувчилар билан яхши муносабатда бўлиш кераклигига далил қилган,

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”.

Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.

 

“Бағрикенг” (“толерант”) атамасининг луғавий маъноси лотинча чидамоқ сўзидан олинган. Толерантлик бирор нарсани, ўзгача фикр ёки қарашни, ўз шахсий тушунчаларидан қатъи назар, имкон қадар бағрикенглик ва чидам билан қабул қилишни англатади. Диний бағрикенглик виждон эркинлиги ва маънавий жиҳатдан катта аҳамият касб этади, у бошқа шахс ё динга ҳурматни билдиради. Турли дин ҳамда конфессия вакиллари эътиқодида ақидавий фарқлар бўлишига қарамай, уларнинг ёнма-ён ва ўзаро тинч-тотув яшашини англатади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 32 миллиондан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Аҳолининг 94% ислом динига, 3,5%га яқини православ ва қолганлари бошқа конфессияларга мансубларни ташкил этади.

Республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2242 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Тошкент ислом институти, “Мир Араб” Олий мадрасаси, 9 та ислом ўрта махсус таълим муассасаси, 2 та христиан семинарияларида диний соҳадаги етук мутахассислар тайёрланмоқда.

Шунингдек, 157 та христиан ташкилотлари, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва будда ибодатхонаси мавжуддир. Бундан ташқари, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда

2016 йилнинг 29 октябрь куни Республикада фаолият олиб бораётган диний конфессиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистон Ҳукуматининг диний соҳада олиб бораётган изчил сиёсатга юқори баҳо берган.

Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида келтириб ўтилган хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга қаратилган йўналишнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам сўз юритилиб, ўрта махсус таълим тизими ўқувчилари ҳамда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, муқаддас динимиз софлигини асраш, ўқувчи-ёшларни турли диний оқимлар таъсиридан ҳимоя қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Маънавият, маърифат ва иқтидорли

талабалар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ў.Собиров

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг