Мунозара ва ундан келиб чиқувчи ёмон ахлоқларнинг офатлари баёни

0
203

Мунозара юзма-юз амалга оширилади. Унда мақсад ҳақни аниқлаш кўзда тўтилган бўлади. Ҳамманинг олдида бир кишини айблаш ва уни  ҳақоратлаш динсиз фосиқлар амалидир. Айниқса интернет орқали бировни айблаш номард одамларнинг иши ҳисобланади. Юзма-юз мунозарада очиқлиқ ва ростгуйлик намоён бўлади. Қуйида мунозара ҳолатлари ҳақида батафсил баён қиламиз. Мунозара иккига бўлинади олимларники ва жоҳилларники. Биз бу ерда жоҳилларнинг мунозараларини келтириб ўтамиз.

Билгилки, бошқани мағлуб этиш, мот қилиш, одамлар олдида фазилат ва шарафни кўрсатиш мақсадида мунозара қилиш Аллоҳнинг ҳузурида ёмон кўрилган, шайтон наздида эса, мақталган барча ҳулқларнинг манбаидир. Ушбу мунозаралар кибр, манмансираш, ҳасад, нафсни улуғлаш, мансабпарастлик ва шу каби ботиний бузуқликларнинг биридир. Ичкилик ичиш ёки фаҳш иш қилиш орасида ихтиёрли бўлган киши ичкилик ичса, маст бўлиб фаҳш ишларни ҳам бажаришига олиб келади. Шу каби бошқаларни мот қилиш, мунозарага олиб келиш, мансабпарастлик ва манмансираш муҳаббати кимгаки ғолиб келса, уни тубанликлар ичига бошлаб боради, қалбида ёмонликларнинг жамланишига восита бўлади. Бу ёмон ахлоқларнинг барчаси далиллар, оятлар ва  ҳадисларга асосланган ҳолда «Рубъул муҳликот» бўлимида зикр этилади. Ушбу ўринда эса, салбий мунозарани келтириб чиқарувчи ярамас ҳулқларнинг бир кисмини айтиб ўтамиз.

     Ҳасад.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Олов ўтинни егани каби ҳасад ҳам яхшиликларни ейди», деганлар. Тортишувчи ҳасаддан ҳоли бўлолмайди. Чунки гоҳида ғолиб бўлса, гоҳида мағлуб этилиши муқаррар. Баъзида унинг сўзи мақталиши, баъзида эса, бошқанинг гапи мақтовга сазовор бўлиши мумкин. Модомики, дунёда бирор кишининг илми ва қарашлари бошқаникидан кучли эканини зикр қилиш ёки «фалончи сендан яхшироқ қарашга ва тўғрироқ фикрга эга», дейилиш эҳтимоли бор экан, тортишувчи, албатта, рақибига ҳасад қила бошлайди ва ундаги неъматнинг завол топишини, одамларнинг муҳаббати ва ҳурмат-эҳтиромлари ўзи томонга кўчиб ўтишини чин дилдан ҳохлайди. Ҳасад – олов ва оташ. Бас, кимки ҳасадга мубтало бўлса, бу дунёда азобга, изтиробга гирифтордир. Охиратдаги азоби эса, бу дунёдагидан бир неча баробар зиёдадир. Шунинг учун хам Ибн Аббос: «Илмни топган жойингизда олаверинглар! Фуқаҳоларнинг бир-бирларига қарши айтган сўзларига қўлоқ солманглар! Чунки улар оғилдаги такалар каби ўришаверадилар», деганлар.

Такаббурлик ва ўзини одамлардан устун қўйиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисларида: «Ким ўзини буюк санаса, Аллоҳ уни кичрайтиради. Ким ўзини тавозеъ қилиб кўрсатса, Аллоҳ уни юксалтиради», деганлар. Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадисларида эса: «Азамат Менинг изорим, кибриё эса, ридоимдир. Бас, ким бу икки нарсада Мен билан талашса, унинг белини синдираман», дея мархамат килганлар.

Тортишувчи тенгларидан ўзини устун қўйиш ҳасталигидан ҳеч қачон қутулолмайди. Чунки у қадри керагидан ортиқ бўлишини хоҳлайди. Ҳатто мажлисларда ҳам юқорини, давра турини талашиб, ғавғо кўтаради. Ўзидан бошқаларни юқори ўринларга муносиб кўрмагани учун, мажлисларда бақир-чақир қилиб юради. Агар бирор тор йўлакдан юриб қолишса, ким биринчи юришини ҳам талашишади. Ушбу қилмишлари билан пасткаш, айёр мунозарачилар «илмнинг иззат-обрўсини сақламоқчи» эканликларини рукач қилиб, жанжалли хорлик ва тубанликни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари мақтаган тавозеъ билан адаштириб юборишди. Шунингдек, Аллоҳ наздида ёмон, жирканч бўлган кибрни дин иззати деб номлашди ва натижада Аллоҳ ва Расули кўрсатмаларига зид иш қилишди, «ҳикмат» ва «илм» каби сўзларни ўзгартириб, халқнинг залолатга кетмоғига сабабчи бўлишди.

Ғийбат. Аллоҳ таоло уни ўлимтик ейишга ўхшатган. Мунозарачилар «ўлимтик ейиш»дан ҳеч тийила олмайди. Чунки доимо рақибини ёмонлаш, мазаммат қилиш, сўзларини келтиришдан тўхтамайди. Ғийбатдан имкон даражада сақланганида ҳам, рақибининг сўзларини ҳикоя қилаётиб, ёлғон кушмаса-да, унинг нуқсонларини, ожиз тарафларини айтиб ўтади. Бу айни ғийбатнинг ўзидир. Ёлғон эса, бўҳтондир. Шунингдек, ундан юз ўгириб, рақибининг сўзига қўлоқ тутган кишини жоҳил, аҳмоқ, фаросатсиз ва ақли паст деб обрўсини тўкишдан тилини тия олмайди.

Ўзни оқлаш. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда: «Бас, сизлар ўзингизни оқламай қўяқолинглар! У тақводор кишиларни яхши билгувчидир», дейди. Бир донишманддан: «Ўзи тўғри бўлатуриб, жирканч кўринган нарса нима?» деб сурашди. Шунда ҳаким зот: «Киши ўзини ўзи мақташидир», деб жавоб берди. Мунозарачи қўвватли, ғолиб ва рақибларидан пешқадам эканини айтиб, ўзини кўкларга кўтаради. Ҳеч бўлмаганда, гап орасида: «Бунақа ишларни билмайдиганлардан эмасман, мен илмда анча пешқадам, ўз услубига эга кишиман, ҳадисларни ҳам ёд олганман», дейди. Бунга ўхшаш сўзлар билан ўзини мақтайди ёки фикрларини ёйиш учун ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Маълумки, мақтаниш, ўзини оқлаш шаръан ҳам, ақлан ҳам ёмон ишдир.

Жосуслик қилиш ва одамлардан айб қидириш. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ўзгалар айбини қидириб, жосуслик қилманглар…» (Ҳужурот сураси, 12-оят) Мунозарачи рақиблари айбини қидиришдан, нуқсонини излашдан ҳеч чарчамайди. Ҳатто унга: «Сенинг шаҳрингга бир мунозара қилувчи келди», деган хабар етса, дарҳол унинг ботиний ҳолатини, қабиҳ жиҳатларини билиб олиш учун жосуслар ёллайди, токи эҳтиёж бўлганида уни ҳижолатга қўйсин. Ҳолат шу даражага етадики, у рақибининг ёшлигини, ўша пайтдаги ҳолатларини ёки танасидаги камчилик ва касалликларни, масалан, каллигини аниқлайди. Агар рақибининг ўзидан устун жиҳатлари кўриниб  қолса, айбларини юзига солади.

Одамларнинг ночор ҳолга тушиб қолганидан севиниб, шодлигига ғамгин бўлиш. Ким мусулмон биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўрмаса, мўминлар ахлоқидан йироқдир. Фазилатда баробар бўлган яқинлари ва танишларини кўролмаслик, даражалари баробар мунозирлар орасидаги адоват ҳудди кундошлар орасидаги адоватга ўхшаб кетади. Кундошлар бир-бирини ўзокдан кўрган заҳоти титраб, ранглари ўзгара бошлайди. Шунинг каби мунозарачи ҳам рақибини кўрганида фикри изтиробга тушади. Шайтон ёки йиртқич ҳайвонга дуч келган кишидай довдираб қолади. Дин олимлари бир-бирларига йўлиққан пайтларида кўрсатилиши лозим илтифот шуми?! Машаққат ва енгиллик вақтларида ўртада бўладиган ўзаро ҳамкорлик, ёрдам ва биродарлик қаёққа кетди?! Имом Шофеъий (р.а.): «Илм фазилат ва ақл соҳибларини боғлаб турувчи риштадир”, деганлар. Энди илм туфайли орасида адоват уйғонган бир жамоа қандай қилиб, у зотнинг мазҳабларига иқтидо даъвосини қилишяпти, билмайман?! Фаҳр ва улуғворлик талашадиганлар орасида унс улфатлик ва хотиржамлик бўлиши мумкинми? Асло мумкин эмас! Бу сифатнинг ёмонлигига мўминга мунофиқлар ахлоқини сингдириб, муттақийлар ахлоқидан ўзоқлаштириши етарли далилдир.

Нифоқ (иккиюзламачилик). Мунофиқликнинг мазмум ҳулқ эканига далил келтириш шарт эмас. Мунозарачи эса, нифоққа дучор бўлмай иложи йуқ. Улар рақиблари ёки уларнинг тарафдорлари, дўстлари билан юз кўришиб туришади, шу пайтда уларга нисбатан тилида зоҳиран муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром изҳор қилишга ва рақибларининг даража ва ҳолатларини эътиборга олишга мажбурдирлар. Ушбу ҳолнинг ёлғон, нифоқ, фожирлик ва ёлғон гўвоҳликдан ўзга эмаслигини барча яхши билади. Тортишувчилар фақат тилларидагина самимият изҳор қилишади, қалблари эса, бир-бирига қарши адоват ўчоғига айланган. Виз бундай нифоқдан буюк Аллоҳнинг паноҳига қочамиз! Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар илм ўрганиб амални тарк қилганларида, тиллари ила севишиб, қалблари ила адоватда бўлсалар ва силаи раҳмни ўзсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қўлоқларини кар ва кўзларини кўр қилиб қўяди», деганлар. Бу гапни Ҳасанул Басрий ривоят қилганлар. Ушбу сўзларнинг ҳақлигини биз шоҳид бўлаётган ҳолатлар исботлаб турибди.

Ҳақдан юз ўгириш, уни ёктирмаслик ҳамда ноҳақ нарсада бардавом бўлишга харислик. Тортишувчи ҳамиша душманлик иштиёқи ила яшайди. Мунозарачининг энг ёмон кўрган, ёқтирмаган нарсаси – ҳақиқатнинг рақиби тилидан зоҳир бўлишидир. Тортишувчи бор кучи, ҳаракатини рақибига қарши сафарбар қилади. Бунда уни ҳақ ёки ноҳақ экани мутлақо қизиқтирмайди. Унинг учун тортишувнинг бардавом булиши муҳимроқдир. Бирор сўзни эшитиши биланоқ, унга эътироз билдириш унинг машғулотига айланиб қолган. Ҳолат шу даражага бориб етадики, қалбидаги эътироз Куръон далилларидан ёки шаръий лафзлардан ҳам устун бўлиб қолади, Қуръон далилларини бир-бирига зид қўя бошлайди. Ваҳоланки, ботилни ҳимоя килиш учун тортишиш жуда қаттиқ манъ этилгандир. Чунончи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақ ила бўлса-да, ботилга қарши мунозарани тарк қилишга бўюриб: «Ўз хатосини англаб, тортишувни тарк қилган кишига Аллоҳ жаннат ўртасида бир қаср бино қилади. Ҳақ бўлатуриб, тортишувдан ўзини тийганга эса, жаннатнинг энг юқорисидан қаср қўради», деганлар. Аллоҳ таоло ўзига нисбатан уйдирма тўқувчилар билан ҳақни ёлғонга чиқарувчиларни баробар қўйган:

«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақ (Қуръон) келган чоғда, уни ёлғонга қўйган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!» (Анкабут сураси, 68-оят). Шунингдек, бошқа ояти каримада:

«Ахир Аллоҳ шаънига (шерик ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва рост (Қуръон) ўзига келган пайтидаёқ ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирор кимса борми?!» (Зумар сураси, 32-оят) дейди.

Риё (халқнинг мулоҳазасини қилиш, уларнинг қалбини ўзига мойил этиш ва ўзи тарафга қаратиш учун ҳаракат қилиш). Риё инсонни катта гуноҳларга олиб борувчи қўрқинчли хасталикдир. Мунозара қилувчи халқ олдида ўзини кўрсатишни, уларнинг мақтов-олқишларига сазовор бўлишни тортишувнинг асосий сабаби қилиб олади.

Юкорида биз айтиб ўтган ўнта ҳолат ботиний бузуқликларнинг асосидир. Булардан ташқари, яна бир қанча разил ҳислатлар ҳам борки, улар туфайли мунозара қилаётганлар ўзларини тия олмай, мунозара охирида мўштлашиш, ёқалашиш, кийим-бош йиртиш, соқол юлиш, ота-онасини сўкиш, устозларини ҳақорат қилиш, бир-бирларига бўхтон ағдаришгача боришади. Бу турдаги тортишувларни инсон номига лойиў кўрмаганимиз боис, уларнинг сабабчиси бўлган ҳислатларни айтиб ўтирмадик. Аммо оқил ва буюк олим ҳисобланмиш тортишувчилар ҳам мазкур айблардан ҳоли эмаслар. Тўғри, баъзилар рақибининг даражасидан анча паст ёки юқори бўлишига, яшаб турган шаҳри ёки яшаш ҳолатларига кўра, бу хатоликлардан йироқ бўлиши мумкин. Аммо ўшалар ҳам даражаси баробар бўлганлар орасига кирган вақтларида ёмон ҳислатларини намойиш қилишади. Ўзини мудофаа қилиш, адоват, тамаъ, мол орттириш севгиси, ғолиб бўлиш учун мансабга интилиш, манмансираш, мутакаббирлик, бошқаларни менсимаслик, бойлар ва амалдорларга ҳушомад қилиш, уларни тез-тез зиёрат этиш, уларнинг ҳаром молларидан олиш, шаръан манъ килинган кийимлар, фаҳр ва кибр билан одамларни таҳқирлаш, кераксиз амал ва сўзларга шунғиб кетиш, қалбдан Аллоҳ қўрқуви ва меҳр-шафқат кўтарилиб кетиши, намозда нима ўқиганини, унинг моҳияти ва кимга муножот қилаётганини унутиш даражасида ғафлат эгаллаб олиши, мунозарада ёрдам берадиган, лекин охиратда фойдасиз бўлган чиройли ибора, гўзал қофия ва нодир масалаларни ёдлаш каби саноқсиз илмлар билан умрини ўтказган киши қалбида асло хушуъни ҳис қилмайди. Тортишувчиларнинг юқоридаги разолатлардан насибадорлик даражалари турлича бўлади. Дини юксак, ақлли мунозарачилар ҳам ўша ахлоқлардан бўтунлай ҳалос бўлолмайдилар. Фақат имкон қадар яширишга ва унга қарши кўрашишга ҳаракат қиладилар.

Билгилки, ушбу разолатлар тазкира ваъз-насиҳат айтиш билан шуғулланувчиларга тегишлидир. Агар халқ орасида ном қозониш, мансабга эришиш ёки бойлик-иззат орттиришни мақсад қилган бўлса, воизларга ҳам тегишли. Мазҳаб ва фатволар илми билан шуғулланаётганларда агар қозилик мансабига эришиш, вақфлар доирасида валий бўлиш ёки ёнидагилардан ўзиб кетиш ғоялари ўйғонса, уларда ҳам бўлиши мумкин. Умуман олганда, илм билан охиратда Аллоҳ савобидан бошқа нарсаларни талаб қилаётганларнинг ҳар бирига тегишлидир.

Илм олимни ўз ҳолига қўймайди. Ё уни абадий ҳалокатга олиб боради, ёки абадий ҳаётга. Шунинг учун хам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланувчи Аллоҳ илмидан фойдалантирмаган олимдир», деганлар. Унинг илми нафақат бефойда, балки унга зарар ҳам келтиради. Кошки, у нажот келтирмайдиган илмдан қўтилиб қолса эди. Афсуски, ундан нажот тополмайди. Илмнинг ҳатари жуда ҳавфлидир. Илм толиби абадий мулк, доимий неъмат толиби ҳисобланади. Илм толиби учун абадий мулк ёки абадий халокат пешвоз туради. Олимнинг ҳолати дунёдаги мулк толибига ўхшайди. Агар у мол-дунё орттириш орқасида ижобий-тўғри натижага эришмаса, ўзини ҳорликдан сақлаб қололмайди. Балки ҳорликдан ҳам бадтарроқ, шармандалироқ ҳолга тушиб қолади.

Агар: «Мунозарага рухсат беришда фойда бор, у туфайли одамлар илмга тарғиб қилинади. Агар мансаб севгиси бўлмаганида, илм инқирозга учрар эди», десанг, сўзинг бир жиҳатдан ҳақ, болалар ҳам копток ёки чўмчуқ уйини орқали мактабга тарғиб қилинади. Бу тарғиб мақталгандир. Аммо, бу мансаб севгиси бўлмаганида, илм зоеъ бўларди, дегани эмас, мансаб ошиқлари нажот топишади, деган маъно ҳам чиқмайди. Балки улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло бу динни ундан бенасиблар билан ҳам қўвватлайверади», «Аллох таоло бу динни фожир киши билан ҳам қўвватлайди», деган ҳадисларидаги «бенасиб» ёки «фожирлар»дан бўлади. Демак, биз ишимизни динимиз орқали яхши билиб, ўрганиб кейин савоби кенг амалларга машғул бўлишимиз керак бўлади.

Мансаб талаб қилгувчининг ўзи аввал ҳалок бўлади. Гоҳида у тарки дунёга чақиргани туфайли бошқалар салоҳият топиши мумкин ва бу эса, зоҳирини салаф уламоларига ўхшатиб, ботинида мақсади обру бўлган кишига тегишлидир. Бундайларнинг мисоли шамга ўхшаб кетади. Шам бошқаларга ёғду таратгани ҳолда, ўзи ёниб тўгаб кўл бўлиб бораверади. Соҳта олим ҳам шундай. Ўзгаларни ислоҳ қилса-да, ўзи халокат йўлида давом этаверади. Мол-дунё топишга тарғиб қилувчилар эса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ёндириб тўгатадиган оловга ўхшайди.

Олимлар уч хил бўлади:

  1. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам халок этувчи олимлар. Улар очикдан-очик дунё талаб қилганлар ва унга юз тутганлар.
  2. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам саодатга элтгувчи олимлар. Улар ҳалкни зоҳиру ботинда Аллоҳга даъват қилади.
  3. Ўзларини халок қилиб, бошқаларни саодатга йулловчи олимлар. Улар зоҳиран одамларни охиратга чорлайди, ташқаридан дунёни тарк килганга ўхшаб кўринади, лекин ботини, асл мақсади халқни ўзи томонга оғдириш ёки бирор обрўга эга бўлишдир.

Бас, ҳолат шундай экан, сен ўзингнинг қайси тоифадан эканингга эътибор бер! Кимлардан ибрат олаётганингга ҳолис қара. Аллоҳ ўзи учун қилинганидан бошқа бирор илм ёки амални қабул этмаслигини ҳотирингдан чиқарма. Бу ҳақда далиллар «Риё» китоби ва «Рубъул муҳлиқот» бўлимида етарлича келади, иншааллоҳ.

Мунозара масаласини баён этдик. Кейинги мақоламизда мунозара тартиби ва у қай усулда бўлиши уломалар мисолида баён қилиб ўтамиз.

“Диний фанлар” кафедраси кабинет мудири ва

Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жомеъ масжиди

имом ноиби Урол Назар Мустофо тайёрлади.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг