ДИҚҚАТ, янги нашр! Йўлинг очиқ бўлсин, «МЎМИНАЛАР»!

0
106

Юртимизда муборак Рамазон ойи шукуҳи кезиб юрган айни кунларда кўнгилларга сурур, қалбларга ҳузур, кўзларга нур улашувчи яна бир нашр – янги «МЎМИНАЛАР» журнали чоп этилди.

Аёл – мураббий, насллар давомийлигини таъминлашдек шарафли вазифага масъул зот. Муқаддас динимиз аёлнинг маънавий хазинасини бойитиш, уни маърифатга ошно қилиб, кўнглини меҳр жавоҳирлари билан тўлдиришга амр этади.

Шуни инобатга олиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси «Мовароуннаҳр» нашриёти муассислигида «МЎМИНАЛАР» журнали чоп этила бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг «Мукаррамлик насиб этсин!» табрик-мақоласи билан очилган журналда динимиз аҳкомлари, аёлларга хос ҳукмлар махсус рукнларда тушунарли баён этилган.

Оилаларимиз чироғи ва чароғбони – мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳақида Аллоҳнинг каломида нималар дейилгани, саҳармардонда уйғонган аёл қандай дуо-илтижо қилиши лозимлиги, аёллар фиқҳи, республикамиз бўйича юқори савияда ўтказилган Қуръон мусобақаларидан лавҳалар, мўминлар онаси – Хадича бинти Хувайлид (роҳияллоҳу анҳо)нинг ибратга тўла ҳаёт йўлларидан ўрнак олиб яшамоқчимисиз?

Динимизда маҳрнинг ҳукми қандай, куёв келинга қанча маҳр бериши керак; мўмина аёл фарзанд тарбиясида нималарга эътибор қаратиши зарур; пойтахтимизда фаолият юритаётган «Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус билим юрти фаолияти сизни қизиқтирадими?

«Фолбинга борса нима бўлади?», Шайх Зиёвуддинхон ҳазратларининг авлодлари, сулолалари бугун қанадй хайрли ишлар билан банд?

Ушбу саволларга атрофлича жавоб олмоқчи, туркум қизиқарли мақолаларни ўқимоқчи бўлсангиз, «МЎМИНАЛАР» журналининг нишона сонини мутолаа қилинг.

«МЎМИНАЛАР» журналининг дастлабки сонини Тошкент шаҳри, Зарқайнар кўчаси 18-берк кўча, «Мовароуннаҳр» нашриётиидан ёки пойтахтимиздаги йирик жоме масжидлардан ёхуд Чорсу бозори атрофидаги китоб дўконларидан сотиб олишингиз мумкин.

ЎМИ Матбуот хизмати

Манба: Muslim.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг