Бадандан чиққан қон таҳоратни синдирадими?

0
200

Аллоҳ таолага беҳисоб ҳамду саноларимиз бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг оила аҳлларига ҳамда саҳобаи икромларига солавоту саноларимиз бўлсин.

Муқаддас динимиз мўмин кишини доимо пок бўлиб юришига катта эътибор беради. Зеро поклик динимиз арконларидан бири намознинг калитидир. Шунингдек, Аллоҳ таола покликни ҳуш кўради. Бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

إن الله يحب التوبين و يحب المتطهرين 

(Албатта Аллоҳ тавба қилгувчиларни севади ва покланувчиларни севади)

“Поклик” тушунчаси кенг қамровли тушунча бўлсада, халқимиз “поклик” деганда “таҳорат”ни тушунади. Ҳар бир мўмин намоз ўқишдан олдин таҳорат қилишни ва унга тегишли ҳукмларни тўла-тўкис ўрганиб олмоғи лозим бўлади. Таҳоратга тегишли ҳукмлар фиқҳий китобларда тўла-тўкис баён қилинган. Аммо биз бу мақоламизни фуқоҳолар ўртасида ихтилофли бўлган ва ҳозирги замонимизда бу борада мазҳаббошиларимизга ва улар келтирган далилларга таъна етказилаётган масалага бағишладик. Зероки, биз бу орқали аслида ҳақиқат қандай эканлигини, яъни мазҳаббошиларимизнинг бу борада айтган гаплари ва улар келтирган далиллар кучли эканлигини қўлимиздан келганича ёритиб беришга ҳаракат қиламиз.

Бу “бадандан чиққан қоннинг таҳоратдаги ҳукми” масаласидир. Яъни бадандан қон чиққан пайтда таҳорат синадими ёки йўқми? Бу борада мазҳаб уламолари турлича фикр билдиришган. Қуйида уларни қисқача баён қилиб ўтамиз:

Моликий ва шофеъий мазҳабида бадандан қон ёки шунга ўхшаш нарсаларнинг чиқиши таҳоратни бузмайди. Улар бунга далил қилиб қуйидагиларни келтиришади:

عن أنسرضي الله عنهقال: “أن النبي صلى الله عليه وسلم احتجم فصلى و لم يتوضأ”

1. Анас розияллоҳу анҳудан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижома қилдирдилар, сўнг таҳорат қилмай намоз ўқидилар”.

عن عباد بن بشر أنه رضي الله عنه “أصيب بسهام و هو يصلى فاستمر في صلاته” أخرجه أبو داود و بن خزيمة و رواه البخاري تعليقا

2. Убод ибн Бишрдан: “У киши разияллоҳу анҳу намоз ўқиётганларида камон ўқидан яраландилар. Намозида бардавом бўлдилар”.

Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда икки йўлдан бошқа жойдан нопок нарса чиқса ва баданнинг пок жойига оқса таҳорат кетади. Бунга қон ва йиринг мисол бўлади. Лекин жароҳат катта бўлиб, қон ёки йиринг ундан ташқарига чиқмаса таҳорат бузилмайди.

عن تميم الداري رضي الله عنه قال “قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: ”الوضوء من كل دم سائل

Тамим Дорий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади. “Ҳар бир оқувчи қондан таҳорат (қилинади)”.

Бадандан қон чиқиб атрофига тарқалса таҳорат кетади.

Оқувчи қоннинг кайфиятини қуйидаги ҳадис баён қилиб беради:

عن أبي هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلمقال: “ليس في القطرة و لا القطرين من الدم وضوء إلا أن يكون دما سائلا

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади:

“Бир ёки икки томчи қондан таҳорат (қилиш) йўқ. Магарам оқадиган (кўринган) қон бўлса, (таҳорат қилинади)”.

Ва яна бадандан чиққан қоннинг таҳоратни бузишига қуйидаги ҳадис ҳам далил бўлади:

عن عائشة رضي الله عنه قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم: “من أصابه قيء أو رعاف أو قلس أو مذي فلينصرف فليتوضأ ثم ليبن على صلاته و هو في ذلك ما لم يتكلم

Оқувчи қоннинг таҳоратни синдирувчи эканлигига яна бир далил:

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتِ : اسْتُحِيضَتْ فَاطِمَةُ بِنْتُ أَبِي حُبَيْشٍ، فَسَأَلَتِ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَتْ : يَا رَسُولَ اللَّهِ، إِنِّي أُسْتَحَاضُ فَلَا أَطْهُرُ، أَفَأَدَعُ الصَّلَاةَ ؟ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : “ إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ، وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ، فَإِذَا أَقْبَلَتِ الْحَيْضَةُ فَدَعِي الصَّلَاةَ، وَإِذَا أَدْبَرَتْ فَاغْسِلِي عَنْكِ الدَّمَ، وَتَوَضَّئِي وَصَلِّي، إِنَّمَا ذَلِكِ عِرْقٌ، وَلَيْسَتْ بِالْحَيْضَةِ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Фотима бинт Абу ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деб сўради: “Ё Расулуллоҳ! Мен истиҳоза қони кўраману пок бўлмайман. Намозни тарк қиламанми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У фақат томирдир (ёрилган томирдан чиқаётган қондир). Ҳайз эмас. Агар ҳайз қони кўрсанг намозни тарк қил. Тўхтаган вақтда эса қонни ювгин ва таҳорат қилиб намоз ўқигин. У нарса фақатгина (ёрилган) томир(дан чиққан қон)дир. Ҳайз эмас” – дедилар.

Ушбу ҳадис шарифда Расуллулоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “У фақатгина (ёрилган) томир(дан чиққан қондир)” -дедилар ва уни намоз ўқишга ҳамда мана шу қон сабабли ҳар намоз(нинг вақти) учун таҳорат қилишга буюрдилар. Бу эса баданнинг қайси жойидан бўлса ҳам қон чиқса, таҳоратни кетказишига далилдир.

Ҳақиқатни олиб қарайдиган бўлсак, бу масаладаги ихтилоф бу борада келган ҳадисларнинг турлича эканлигига бориб тақалади. Шунинг учун улар келтирган ҳадисларни далил қилишга яроқли ёки яроқли эмаслиги билан танишиб чиқмоқ керак.

Бизнинг ҳанафий уламоларимиз ва ҳанбалий уламолари далил қилиб келтирган Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис саҳиҳ санад билан мурсал ҳолатда собитдир. Ҳаммамизга маълум, мурсал ҳадис ҳанафий ва моликий мазҳабида ҳужжат бўлади ва унга амал қилинади. Шофеъий уламолари наздида эса қуйидагиларнинг бири билан қувватлансагина унга амал қилинади:

1. Бошқа йўл билан ривоят қилинган бўлиши,

2. Саҳобийлардан бирортасининг қавлига мувофиқ бўлиши.

Шундай экан, бу ҳадисни ҳанафий ва “бадандан чиққан қон сабабли таҳорат синмайди”,- деб айтган моликий уламолари қоидаларига кўра ҳам далил бўла олади.

Шофеъий уламоларининг қоидаларига кўра ҳам бу ҳадис далил бўлишга яроқлидир. Чунки кўплаб саҳобийларнинг бу борада айтган гаплари бу ҳадисга мувофиқдир. Бунинг исботи Имом Косоний “Бадои ус-санои” китобида келтирган қуйидаги сўзларида намоёндир:

“Биз, ҳанафийлар тутган йўл жуда кўп саҳобалар томонидан тутилган йўлдир. Улардан Умар, Усмон, Али, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Аббос, Ибн Умар, Савбон, Абу Дардо розияллоҳу анҳумлар ва Зайд ибн Собит ҳамда Абу Муса Ашъарий розияллоҳу анҳумолар. Бу зотлар фақиҳ саҳобалар бўлиб, уларнинг берган фатволарида эргашилади. Шундай экан уларга эргашиш вожибдир”.

Лекин улар далил қилиб келтирган Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадиси эса заиф бўлгани учун ҳам далил бўлишга яроқли эмас.

Юқоридаги далиллардан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, бизнинг ҳанафий мазҳабимиз тўлалигича Қуръон ва суннатга таянади. Бу борада келтирилган далиллар ҳам барчаси саҳиҳ далиллардир.

Тошкент ислом институти битирувчиси,

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти мударриси

Акмалжон Ғаниев

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг