Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги фазилати

0
105

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунида бошқа кунларидан кўра кўпроқ ибодат қилар, у кунларни эътикоф билан ўтказар ва қадр кечасини ушбу кечалардан қидирар эдилар[1].

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ўз  саҳиҳларида  Оиша  онамиз  розияллоҳу  анҳодан ривоят қиладилар: “Албатта Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Рамазон ойининг охирги ўн куни кириб келса, аҳлларини уйғотар,тунларини тирилтирар ва белларини маҳкам боғлар эдилар”[2]

Ҳадиси шарифдаги Оиша онамизнинг: “Белларини маҳкам боғлар эдилар”, дегани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга одатдагидан кўпроқ жидду-жаҳд қилиб ҳаракат қилганларидан киноя. Баъзилар бу аёлларидан четлашганлари, яқинлик қилмаганларидан киноя дейдилар.

“Тунларини тирилтирар эди”деганлари эса, намоз ва бошқа ибодатлар билан туннинг барчасини бедор ўтказар эдилар деган маънода.  Оиша  онамиз  розияллоҳу  анҳодан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “ Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазон ойидан бошқа бирор пайтда бир кечада Қуръони каримнинг барчасини ўқиганларини ҳам, туннинг ҳаммасини то тонггача бедор бўлганларини ҳам, бир ой аввалидан охиригача тўлиқ рўза тутганларини ҳам билмайман”[3] деганлар.

“Аҳлларини уйғотар эди”деганлари эса, аёлларини намозга уйғотар эди деган маънода. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидан маълумки, У зот аҳлларини бошқа кунларда ҳам ибодатга уйғотар эдилар. Витр ўқимоқчи бўлсалар Оиша онамизни уйғотганлари каби.[4] Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли оилаларини Рамазон ойининг охирги ўн кунида уйғотишлари йилнинг бошқа кунларига нисбатан кўпроқ бўлар эди.

[1]Имом Муслим Оиша розиёллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилган(1175)

[2]Имом Бухорий ривояти(1913)

[3]Имом Насаий ривояти(1641)

[4]Имом Бухорий ривояти(952)

ТИИ ўқитувчиси,

Шайхонтоҳур тумани “Ислом нури” жоме масжиди

имом хатиби А. Собиров

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг