Муаллимларга насиҳат (3 қисм)

0
60

Мукофотлаш ва жазолаш йўлларини бир меъёрда қўллаш. Шунда тиришқоқ ўқувчининг ғайрати ва рағбати ошади, дангасалар эса жон куйдиришга мажбур бўлади.

Мукофатлашнинг қуйидаги турлари бор:

1. Моддий мукофот, масалан, китоб ёки нақд пул. Ота-она фарзандига билдирмасдан муаллимга бирор ҳадя олиб келиб бериб, талабалар олдида фарзандини мукофотлашни илтимос қилиши мумкин. Талабаларга гўё бу ҳадя муаллим тарафидан берилгандек туюлиши керак.

2. Мақтов сўзлар билан тақдирлаш. «Аъло»«тасанно», «баракаллоҳ» каби сўзлар билан мақташ. Бу мақтовлар талабани янада юксакларга чорлайди, бошқаларни ҳам муаллимдан шундай мақтов эшитишга ундайди.

3. Баракот ва муваффақият тилаб дуо қилиш. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга таҳорат суви тайёрлаб берганида у зот: «Аллоҳим, уни динда фақиҳ қилгин», деб дуо қилганлар».

Лоқайд, дангаса талабага фойда бўладиган, ҳаддан ошмасдан, ўч олмасдан жазолаш туркумига қуйидагилар киради:

1. Дўқ-пўписа. Сиртдан қараганда қаттиққўллик, негизида эса панд‑насиҳат бўлган услубда, сўкмасдан дўқ-пўписа қилиш.

2. Талабанинг ёлғиз ўзига танбеҳ бериш, насиҳат қилиш. Кўпчилик  олдида койиш болани шарманда қилишдир.

3. Норози эканини билдириб қўйиш, қовоғини солиб муомала қилиш.

4. Ёмон иш қилган талаба ўша ишидан тавба қилмагунича ундан юз ўгириш. 

5. Жазо сифатида уйга қўшимча вазифалар бериш. Масалан, дарсни бир неча марта ёзиб келишни талаб қилиш.

Аллоҳим, бизни розилигинга муваффақ айла!

Муҳаммад Али МУҲАММАД ЮСУФ таржимаси

Манба: Islom.uz

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг