Вақтнинг қиймати

0
71

Ҳар бир тонги ёришадиган кун борки, инсон боласига нидо қилади: “Мен янги яратилдим, ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, Қиёматга қадар қайтмайман”.

(Ҳасан Басрий)

Вақт мусулмонлар ҳаётида энг аҳамиятли масалалардан биридир. Аммо, афсуски, Ислом динининг вақтга нисбатан мавқеи билан бугунги мусулмонларнинг ҳаётларида тутган ўрни ўртасида жуда катта фарқ бор. Ислом дини вақтга катта аҳамият беради, унга бир неъмат сифатида қарашга ва ундан унумли фойдаланишни уқтиради. Бугунги кун мусулмонлари эса кўпинча уни фойдасиз елга совуришади. Натижада икки яхшиликдан, яъни дунё ва охират ноз-неъматларидан махрум бўлмоқдалар.

Қуръони Карим вақт қадрининг буюклиги ҳамда Аллоҳнинг инсонга қаратган фазлу-карамининг кенглиги ҳақида баён қилиб:

“У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйин сундирди. Яна У Зот кеча ва кундузни сизлар учун бўйин сундирди. Шунингдек сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар”, (Иброҳим-33,34) дейди.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунича, бир қадам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси умрини нима билан ўтказгани, иккинчиси ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани, учинчиси-мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нимага сарфлагани, тўртинчиси-ўрганган илмига қандай амал қилгани сўралади”.

Шу ўринда ислом олимлари инсон бир дақиқада нималарга қодир экани ҳақидаги тадқиқот натижалари билан танишсак:

  • Инсон олтмиш сония ичида уч маротаба Фотиҳа сурасини ўқий олади. Ваҳоланки, бир маротаба айтилган бу сурага олти юз ҳасанот ваъда қилинган.
  • Бир дақиқада ўн марта Ихлос сурасини айта олади. Бу сурани 3 марта ўқиган бандага Қуръонни тўлиқ ўқиган савоби ваъда қилинган. Демак инсон бир дақиқада 3 марта хатм қилган савобига эга бўлиши мумкин.
  • Бир дақиқа ичида Қуръоннинг бир сахифасини ўқиш ёки кичик бир оятни ёдлаб олиш мумкин.
  • Бир кунлик гуноҳларнинг барчасига каффорат бўлгувчи “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи”  калимасини 60 марта айта олади.
  • “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини 50 марта қайтариш мумкин.
  • 120 марта “Субҳаналлоҳ”, 110 марта “Алҳамдулиллаҳ”, 130 марта “Аллоҳу акбар” калимасини айта олади.
  • Яхши ниятлар ила дуо қилишга ҳам дақиқа етади.

Хуллас, инсон ҳар бир ўтаётган сониялари учун қандайдир ажрларга эга бўлиши, бир дақиқа айтган калимаси туфайли жаннат аҳллари қаторидан жой олиши мумкин. Сўзим давомида бир ибратли қиёсни келтирсам. Бундан барчамиз ўзимизга хулоса чикариб оламиз:

Банда уйқудан кўзини очди. Тонг ёриша бошлаганини кўрди-ю, дарҳол таҳорат ола бошлади. Бомдод намозини ўқиб, Аллоҳга ҳамду-санолар айтди.Сўнг ўз ишига жўнади. У ерда ҳам Аллоҳ зикрини ёдидан кўтармагани сабабли харомга қўл чўзмади, бугунги кун учун режалаштирган ҳамма ишлари осонлик билан ҳал бўлгани учун Аллоҳга шукрона келтирди. Сўнг уйига-оиласи бағрига қайтди. Ота-онаси, аёли, фарзандлари билан дастурхон атрофида суҳбатлашиб ўтириш унга хуш ёқарди. Кун сўнгида хуфтон намозини ўқиб бўлгач, таҳорат олдида, уйқуга ётишидан олдин шундай дуо қилди: “Эй Аллоҳим, сенга беадад ҳамду-санолар бўлсин. Мендек ожиз бир бандангни ҳам аҳли оиламни ҳам, тўғри йўлингдан адаштирмагин. Охиратда ҳам жаннат аҳллари қаторидан жой олишимизни Ўзинг мушарраф айлагин, Аллоҳим! Эй Аллоҳим, умримнинг яхшисини охир пайтлари. Амалимнинг яхшисини тугалланиши ва кунимнинг яхшисини сенга йўлиққан кун қилгин”.

Шу куни Аллоҳнинг яна бир бандаси уйқудан кўзини очди. Очди-ю, энди тонг ёришаётганини кўриб, яна қайта уйқуга кетди. Вақт алламаҳал бўлгандагина кўзини очди. Негадир боши қаттиқ оғрир, ҳеч нарсага қўли бормасди. Шу йўсинда ишга жўнади. Кун бўйи ланж бўлиб юрди, лекин бирор марта Аллоҳнинг зикрини қилмади. Нима сабабдан ишлари орқага кетаётганини у ғофил банда тушунмас эди. Чала қолган ишларини ташлаб, улфатлари билан маишатини қилди ва кечга яқин ширакайф ҳолда уйга қайтди. Кунлик одати бўйича жанжал кўтариб, уйдагиларни қистови билан уйқуга кетди.

Кун ўтди. Сониясига қадар ўлчаб берилган КУН. Умр саҳифаларидан яна бир кун ортда қолди…

  • Ким вақтини тоат-ибодат билан ўтказса, унинг натижаси Аллоҳдан унга келадиган неъматни кўришдир.
  • Кераксиз нарсалар билан шуғулланган кишидан керакли нарсалар кетади.
  • Ким вақтини маъсият билан ўтказган бўлса, унинг йўли тавба ва истиғфордир.
  • Кимнинг вақти бало-мусибат билан ўтган бўлса, унинг йўли ўша мусибатга сабр қилиб рози бўлишдир.
  • Кимнинг бугуни кечаги куни каби бўлса, у алдангандир. Кимнинг бугуни кечасидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир.
  • Банданинг Аллоҳга энг яқин бўлган вақти саждада турган вақтидир.
  • Чаққон киши нафсини жиловлаб, ўлимдан кейинги ҳаёт учун ишлаб қўйган, ожиз (киши) ҳавою-нафсига эргашиб, орзу-ҳаёлларини Аллоҳга ташлаб қўйган кишидир.
  • Тўрт нарсани қайтариб бўлмайди: айтилган сўзни, ўтган ишни, отилган ўқни, кечган умрни.
  • Қуёш ботиб, куним ўтиб ва менга берилган муҳлат қисқариб, унда амалим зиёда бўлмаганига ачинганим каби бирор нарсага ачинмадим.
  • Эй одам боласи, аслида сен кунлардан иборатсан. Агар бир кунинг ўтса, сенинг бир бўлагинг кетибди.
  • Ким фароғатни эзгулик ва яхшилик билан тўлдирган бўлса, нақадар роҳат ва ким уни ёмонлик ва бузғунчилик билан тўлдирган бўлса, нақадар надоматдир.
  • Вақт гўё бир қиличдир, сен уни кесмасанг у сени кесади.
  • Бекор тургунча бекор ишла.

Айтишларича, Абу Шурайҳ пиёда юрар, ўтирса, тўнига ўраниб олиб йиғлай бошлар эди. Ундан: Нега йиғлаяпсиз, деб сўрашса, у: “Умрим ўтаётгани, амалим озлиги ва ажалим яқинлиги эсимга тушиб қолди”, дер эди.

Ҳақиқат шуки, молини ўйламай-нетмай исроф қилиш вақтни беҳуда сарфлашчалик хатарли эмас. Вақтлар исроф қилаётганлар молларини исроф қилаётганлардан беш баттарлар. Чунки мол зое кетса, унинг ўрнини тўлдириш мумкин, лекин вақт зое кетса, унинг ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайди.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг