Нозик ҳилқат зийнати

0
62

Эсимни танибманки, негадир акаларим орасида катта бўлганим учунми, доим ўғил болаларга ўхшашга интилаверардим. Тегмаганга тош отар, кимнидир хафа қилиб юрар эдим. Қизларга ўхшаб қўғирчоқ ўйнашни эса умуман ёқтирмасдим. Уларни ўйинчоқларини ҳам олиб қўяр, роса ялинтириб мириқиб кулардим. Ўзим эса акаларимнинг ўйинларини мазза қилиб ўйнардим. Буни оқибатида болаларнинг ота-оналари уйимизга шикоят қилиб келаверишарди, келаверишарди. Бувижоним эса гоҳ койиб, гоҳ куйиниб: “Боламгинам, бу ишинг яхши бўлмабди, қиз бола дегани ҳадеб шўхлик қилавериши ярашмайди. Ахир акаларинг ўғил бола бўлса. Сен одоб-ахлоқда, юриш-туришда улардан ажралиб туришинг, ҳаёли, иболи бўлишинг керак. Дуч келган гапни гапиравериш, тўғри келган ишни қилавериш, хўш қизларга ярашармиди?!”, сингари гапларни айтиб насиҳат қилардилар. Ёш бўлганим учунми бу гаплар бир қулоғимдан кирса, бирисидан чиқар, яна шўхлик қилиб чарчамасдим. Лекин ҳамма нарса ҳам вақтинча экан. Инсон улғая бошлагач оқу қорани, эгри билан тўғрини фарқлай бошларкан. Ёшликдаги шўхликлар ўз-ўзидан босилиб, уларнинг ўрнини ҳаё, камтарлик, вазминлик эгаллай бошларкан. Мен ҳам ёшимга ёш қўшилиб, улғайганим сайин ақлимни таний бошладим. Энди кўчада менсиз ўйналмайдиган ўйинлар қизиқтирмасди. Бувимнинг ёнларидан эса сира кетгим келмас, дилтортар суҳбатларини эшитиб тўймасдим. Уй-рўзғор ишларини эринмай кўрсатиб берар, ҳаётда қиз боланинг вазифаларини, аввало у содиқ рафиқа, меҳрибон она бўлишини уқтириб борардилар. Илгарилари бу қулоғимдан кириб, у ёғидан чиққан сўзлар энди бутунлай қалбимга муҳрланиб борарди. Бир куни сўрида кўрпа қавиб ўтирар эканлар, ёнларига чақирдилар. Қарасам кўзлари ёшланибди. Бирор оғиз сўз айтишга ботинолмай туриб қолдим. Кейин ўзлари гап бошладилар: “Болажоним, қарагин, манави кўрпаларни сенга атаб тикяпман. Қиз бола палахмон тоши, қаерга отса шу ерга тушади, дейишади. Бир қиз бола учун керак бўладиган сепларни йиғиб қўйдик аянг билан. Лекин она қизим, шуни яхшилаб билиб олишинг керак. Қизлар сепининг кўп-камлиги, анжомларининг қимматбаҳолиги, тақинчоқларининг асллиги билан қадрланмайдилар. Аксинча, одоб-ахлоқи, чиройли тарбияси, ширинсуханлиги, сабрли-тоқатли, итоатли бўлиши ила ҳурматланади, эъзозланади. Келинлик катта бир маъсулият ҳам шарафдир. Шу билан бирга унинг одоблари ҳам бор. Аёл киши аввало қаноатли ва  хушфеъл бўлади. Хожаси нима олиб келса мамнуният билан қабул қилади. Айтилган ишларда итоатли бўлади. Ҳаттоки сўзларига диққат билан қулоқ тутади. Рўзғорнинг тинч бўлишида озодалик энг муҳим иш бўлгани учун, яхши аёллар ҳамма ерни саранжом-саришта қилиб қўядилар. Ҳам ўзларининг, ҳам хожаларининг либосларини тоза тутадилар. Ёмон ҳидлар димоғни эмас, балки дилни ҳам хира қилади. Уддабурон бекаларнинг лаззатли овқатлари доим бир вақтда пишади, дастурхонлари ёзиғлик туради. Сабаби, очлик ва толиқиш инсонни ғазабини тез келтиради. Рўзғор ашёлари, уйдаги маҳсулотларни ишлатишда тежамкор ва эҳтиёткор бўлади. Эрнинг мол-дунёсини исроф қилмаслик ишни кўзини билиш ва уни қадрлашнинг белгиси демакдир. Бундан ташқари аёл киши эрининг яқинлари, қариндош-уруғларига чиройли ҳурмат кўрсатади. Уларни асло ёмонламайди. Аёллар орасида эшитган ҳар қандай сўзни айтиб дилини ғаш қилмайди. Шу билан бирга эрининг сир-асрорларини ҳеч кимга фош қилмайди. Уйнинг гапини кўчага олиб чиқмайди. Бу билан унинг ишончини йўқотасан. У хафа бўлса, хурсанд бўлиб, хурсандлигида хафа бўлиб юриш фаҳмсиз ва тарбияси бузуқ одамларнинг ишидир. Унга ёқмайдиган не иш борки, уларни тарк қилади.” Бувим гапларини тугатар эканлар, “уқиб олдингми?” дегандай бир қараб қўйдилар. Мен эса кўзларимни ердан ололмас, индамай ўтирардим…

Мана орадан неча йиллар ўтди, бугун бувим ҳаётда йўқлар, аммо ўзларининг насиҳатлари билан ҳамон мен билан яшаётгандай бўлаверадилар. Бувимнинг ўгитлари ҳамон қулоқларим остида жаранглаб туради.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг