Абу Музаффар Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб Оламгир

0
32

1526 йилда ташкил топган Бобурийлар[1] (Ҳиндистон) салтанати XVI-XVII асрларда жуда катта давлатга айланди.[2] Айниқса, Аврангзебнинг ҳукмронлик даври (1658-1707) Ҳиндистонда бобурийлар салтанати қуёшининг қиёмга чиққан даври бўлди. Агар бошқачароқ қилиб ифодалайдиган бўлсак, том маънода бу давр Бобурийлар салтанатининг 14 кунлик тўлин ойига айланган эди.

Султон Аврангзеб Заҳириддин Муҳаммад Бобур авлодидан бўлиб, Шоҳ Жаҳоннинг учинчи ўғлидир. Аврангзеб 1619 йил 24 сентябрда (ҳижрий1028 йил 15 зулқаъда ойида) Ҳиндистоннинг Гужурот вилоятидаги Давҳад шаҳрида туғилган. Онаси Мумтоз Маҳал бегимдир. Шоҳ Жаҳон тахтни эгаллагандан сўнг ёш Аврангзебни имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий тарбиясига олади ва унга бор эътиборини қаратади. Натижада Қуръони каримни ёд олади, ҳанафий мазҳаби фиқҳини ўрганади ва етук олим бўлиб етишади. У хаттотлик илмини ҳам мукаммал эгаллайди. У араб, форс ва турк тилини ҳам билимдони эди. Аврангзеб ёшлигиданоқ ака-укаларига нисбатан анча қобилиятли, совуққон, уддабуронлиги билан ажралиб турарди. Аврангзеб ўқимишли ва билимдон киши бўлиб, талайгина ғазалларни ёддан ўқир, ўзи ҳам ғазаллар ёзарди. Аммо қаттиққўл, кучли, иродали киши эди. У шу билан бирга кучли саркарда ҳам эди. У ёшлигиданоқ уруш сирларини, жумладан камон отиш, қиличбозлик ва филлар билан жанг қилиш маҳоратини мустаҳкам эгаллади.

У хулқ-атвори жиҳатдан жуда ажойиб инсон сифатида ҳар доим кишиларни қойил қолдириб турарди. Унинг қатъиятлилиги, жасурлиги, ниятлари ҳалоллиги ва тўғрилиги, бурчига садоқати, Исломга муҳаббати, камтаринлиги ва билимдонлиги барча томонидан эътироф этилган. Декан подшоҳига вазир бўлган пайтидаёқ у ўзининг маъмурий қобилиятини кўрсата билди. Тартиб-интизомли ва синчковлигидан ташқари у жуда кўп нарсага қизиқарди. Бу ниҳоятда адолатли инсон ўзини ҳам, ўғилларини ва қарамоғидаги кишиларни ҳам аямасди. У давлат бошлиғи сифатида ўз идорасининг юксак ҳурматига сазовор эди, қонунга адолатли риоя этилишига ҳеч қандай монелик қилмасди. Унинг ҳукмронлиги даврида мадрасалар, масжидлар, карвонсаройлар ва кўзи ожизлар (мискинлар) учун уйлар сони кўпайди. Авлиёлар ва мутасаввифларни ўз қарамоғига олиб уларга ҳомийлик қилди. Шу сабабли у олим ва илмига амал қилган подшоҳ эди. У маърифат ва мурувватни кенг ёйди. У ислом оламида энг катта масжидлардан бири ҳисобланадиган Лоҳурдаги Подшоҳ масжидини қурдирди.[5]

Аврангзеб даврида олимлардан Зафихон “Мутаҳаб ул-лубоб“ асарини ёзиб тугатади. Мирзо Муҳаммад Козим “Оламгирнома“, Муҳаммад Соқий “Маосири Оламгирий“,  Сужан Рай Хатри “Хулосот ул-таворих“, Бхемсен “Нушкаи  дилкушо“, Ишвар Дас “Футуҳоти Оламгирий“ асарларини ёзганлар. Уларда Аврангзеб даври билан бирга Бобурийлар салтанати тарихига оид қизиқарли маълумотлар берилган.

Устозлари. Шоҳ Аврангзеб ўз даврининг буюк уламолари қўлида таълим олди ва илмига амал қилувчи олим бўлиб етишди.Хоссатан, “Мужаддиду алфис сони” номи билан машҳур имом Раббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсум Сарҳандий ва “Нур ал-анвор” асари муаллифи Мулло Жийван номи билан машҳур Аҳмад ибн Абу Саид сингари олимлар унинг устозларидан эди.

Жумладан, Аҳмад ибн Абу Саид Мулло Жийван Аврангзеб ҳақида ўзининг “Ат-Тафсийрот ал-аҳмадиййа фи байан ал-айат аш-шаръийя маъа таърифат ал-масаил ал-фиқҳийя” асарининг муқаддимасида шундай деган: “Муҳйиддин Муҳаммад Аврангзеб  фазилат ва неъматларга ҳирс қўймаган кишидир. У ислом динини ҳимоя қилувчи зотдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишиниинг аҳли оилаларига салом бўлсин. Бизнинг бу мақтовимиз дунёга эришиш ёки тамаъ ва бойликни қўлга киритиш учун эмас, балки динни ривожи учундир”[6].

Абулҳасан Надавий ўзининг “Маза хосаро ал-алам бинҳитотил муслимин” китобида Шоҳ Аврангзеб ҳақида: “У темурий подшоҳларнинг энг кучлиларидан бири эди. Уларнинг ичида кўплаб фатҳларни амалга оширгани, мамлакати кенгроғи, диёнатдорроғи ва Китоб ва Суннатни билувчироғи эди”,[7]-деб ёзади.

Аврангзеб иниси Муродбахш билан иттифоқ тузиб, 1658 йил Деҳлида тахтни эгаллаган[8].

Аврангзеб “Тахт зийнати”, “Тахт безаги” ва Оламгир эса “Оламнинг Саййиди”, “Оламни ислоҳ қилувчи” дегани.[9] Иккаласи ҳам унинг лақаби ҳисобланади.

Аврангзеб 49 йил ҳукмронликдан сўнг, 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этади. У ҳаёти давомида жуда тақволи бўлганидан ўлими ҳозир бўлган вақтда яқинларига ўзини мусулмонларнинг энг яқин қабристонига олиб бориб кўмишларини ва бу борада ҳаддан ошмай, кафанига кетадиган сарф-харажатларни беш рупиядан зиёда қилмасликларини васият қилади.

Асарларда ёзилишича Аврангзебнинг беш ўғли ва беш қизи бўлган. Ўғиллари-Муҳаммад Султон, Муаззам Шоҳ (кейинчалик Баҳодиршоҳ), Аъзам Шоҳ, Муҳаммад Акбар ва Ком Бахш, қизлари-Зубдатуннисо, Зебуннисо, Зийнатнисо, Бадриннисо ва Меҳринисолардир.


[1]Чет элларда, шу жумладан, Ҳиндистоннинг ўзида ҳам Бобур подшоҳни ва унинг авлодларини “буюк мўғиллар” деб аталган. Бу мутлақо хато. Бобурийлар юртдошимиз, темурийзода Бобурнинг авлодларидир. Улар тарихий ҳужжатларда ўзларини “бобурий мирзолар” деб юритишган. Бобурийларнинг мўғиллар деб хато аталишига европаликларнинг Амир Темурни ва темурийларни мўғиллардан келиб чиққан деб нотўғри ҳисоблашлари сабаб бўлган. Сўнгги йилларда “буюк мўғиллар” деб аталган ибора ўрнида “Бобурий” ибораси қўлланилиши билан тарихий ҳақиқат тикланди.

[2]Қаранг:Турғун Файзиев. Темурийлар шажараси, Тошкент ”Ёзувчи” нашриёти-“Хазина”.1995 й. Б-228.

[3]Доктор Аҳмад Шалабий. Мавсуаъ ат-тарихи ал-исламийя. Қоҳира:1-нашр,1983 й. Б-305.

[4]Жизя (араб. – жон солиғи) – дастлаб араб халифалигида, кейинчалик бошқа мусулмон давлатлари (жумладан, Ўрта Осиё) да мусулмон бўлмаган фуқаролардан олинган жон солиғи. Жизя балоғатга етганларга солинган (қариялар, аёллар, болалар, кул ва ишга яроқсизлар эса жизядан озод қилинган). Жизя, асосан, пул ва натура тарзида ундирилган. Жизя 3 хил бўлиб, йилда бир марта олинган. Ишга яроқли эр кишидан 12 дирҳам, ўрта ҳолдан 24 дирҳам, бойдан эса 48 дирҳам олинган. Зеро, мусулмон давлати, мусулмон бўлмаган фуқароларни ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилиши, уларни ташқи ва ички тажовуздан сақлаши лозим. Шунинг эвазига ундан жизя олинади. 48 дирҳам берувчи ҳар ойда 4 дирҳамдан, 24 дирҳам берувчи ҳар ойда 2 дирҳамдан, 12 дирҳам берувчи ҳар ойда 1 дирҳамдан берадилар. Агар улар исломни қабул қилсалар жизядан озод қилинганлар. Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004 й. Б-81. Зуҳриддин Ҳусниддинов таҳрири остида.

[5]Доктор Аҳмад Шалабий.Мавсуаъ ат-тарихи ал-исламийя. Қоҳира:1-нашр,1983 й. Б-306

[6]Аҳмад ибн Абу Саид Мулла Жийван “Ат-Тафсийрот ал-аҳмадиййа фи байан ал-айат аш-шаръийя  маъа  таърифат  ал-масааил ал-фиқҳийя”.Б. 6

[7]Абулҳасан Надавий, “Маза хосаро ал-алам бинҳитотил муслимин”. Дорул имон. Б-138.

[8]“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. Б-75.

[9]Қаранг: Абулҳасан Надавий. Нузҳатул хавотир. 5-жуз/Б-420.Ал-мактаба –аш-шамила.

Тошкент Ислом институти битирувчиси

Қосимов Аббос

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг