Тинчлик – исломнинг шиоридир

0
25

Инсоният тарихини ўқисак, барча асрларда ва барча маконларда турли хил ўзаро урушлар бўлиб ўтганига гувоҳ бўламиз. Ҳайрон қоладиган томони шуки, инсоният тараққиёт зинасидан қанчалар кўтарилиб боргани сари, ер-ҳудудларини кенгайтириш, кучсиз давлатларни мустамлака қилиш ва ўзгаларнинг бойликларини ўзлаштириш мақсадида уларнинг маҳорати ҳам ошиб, қурол яроғи ва вайрон қилиш усуллари ўзгариб, тараққий топиб борган. Улар қанчалар тинчликка чақирилмасин, нафақат унга амал қилиш, ҳатто уни эшитишни ҳам исташмаган.

Ислом динимизнинг қанчалар улуғ дин экани унинг ўз номига муносиб тинчлик дини эканида намоён бўлади. Ислом дини иносниятни барча соҳада, жумладан илм, ахлоқ, иқтисод, маданият, ижтимоий ва сиёсий жабҳада энг олий даражага олиб чиқди. Ислом – тинчлик динидир. У имкон қадар урушдан кўра тинчликни устун қўядиган диндир. Буни Қуръони Карим тасдиқлайди.

*Қуръони каримда тақводор мўминлар мурувватли, шафқатли, муросали, ўзаро тинчликда ҳаёт кечирадиган бандалар васфи билан васф қилинган:

وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا

“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин!» деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят).

*Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир.

هُوَ اللَّهُ الَّذِي لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ الْمَلِكُ الْقُدُّوسُ السَّلَامُ الْمُؤْمِنُ …

“У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир…” (Ҳашр, 23).

*Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига розилик сўзи ҳам салом яъни, тинчлик-омонлик сўзидир.

وَالسَّلَامُ عَلَى مَنِ اتَّبَعَ الْهُدَى

“Ҳидоятга эргашганларга салом (омонлик) бўлур” (Тоҳа, 47).

*Мусулмон кишиларнинг ўзаро кўришиши ҳам саломдир. Яъни, бир бирига тинчлик сўраб дуо қилишдир.

وَإِذَا جَاءَكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِآَيَاتِنَا فَقُلْ سَلَامٌ عَلَيْكُمْ …

“Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: “Сизларга салом (саломатлик)! …” (Анъом, 54).

*Ҳар бир мусулмон намоз ўқиётиб ташаҳҳудда тинчлик сўраб қуйидагича дуо қилади:

“Эй Набий, сизга салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин! Бизга ҳам салом (тинчлик-омонлик), Аллоҳнинг раҳмати ва барокати бўлсин!”.

*Сўнгра ҳар бир намозхон намозини салом бериш (яъни, тинчлик-омонлик сўраб дуо қилиш) билан тамомлайди.

(Шунда энг камида кунлик беш вақт намознинг ўзида ташаҳҳудда ўн етти марта, ўнг ва чапга салом беришда эса йигирма икки марта, жами ўттиз тўққиз марта тинчлик сўраб дуо қилади).

*Мусулмон уммати пайғамбарига саловату саломлар (яъни, тинчлик-омонлик) билан дуо қилишади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيمًا

“Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” (Аҳзоб сураси, 56-оят).

*Динимизда ўзга кимсанинг уйига келган киши ҳам салом беришга, яъни, уй аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилишга буюрилган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَدْخُلُوا بُيُوتًا غَيْرَ بُيُوتِكُمْ حَتَّى تَسْتَأْنِسُوا وَتُسَلِّمُوا عَلَى أَهْلِهَا ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ لَعَلَّكُمْ تَذَكَّرُونَ

“Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

*Охиратдаги мўминларнинг диёри ҳам Дорус-саломдир, яъни, тинчлик диёридир.

لَهُمْ دَارُ السَّلَامِ عِنْدَ رَبِّهِمْ

“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом сураси, 127-оят).

Ислом дини аввал бошданоқ динга гўзал мавъиза ила даъват қилган. У халқларни тинчликка чақирган. Мушриклар ва диннинг душманлари эса урушдан бошқа нарсани исташмаган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса уларнинг азиятларига сабр қилганлар. Мушрикларнинг туғёни ва адовати зиёда бўлиб бораверган. Шу сабабдан мусулмонлар билан мушриклар ўртасида баъзи урушлар бўлиб ўтган. Мусулмонлар бу урушларда динининг кўрсатмасига кўра ўзларининг жонлари, ақидалари ва тинчликка чақирувчи динларини ҳимоя қилиб урушганлар. Агар уруш қилишдан ўзга чора қолмаган бўлса, Ислом дини мусулмонларни кучли бўлишга, тайёр туришга буюрган:

وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدُوَّ اللَّهِ وَعَدُوَّكُمْ …

“Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни қўрқувга солган бўлурсиз” (Анфол сураси, 60-оят).

فَمَنِ اعْتَدَى عَلَيْكُمْ فَاعْتَدُوا عَلَيْهِ بِمِثْلِ مَا اعْتَدَى عَلَيْكُمْ …

“Ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга ўша меъёрда тажовуз қилинг! …” (Бақара сураси, 194-оят).

Ислом динида урушдан мақсад фақатгина динни, Ватанни ва ҳаётни сақлашдир. Шунинг учун тарихда мусулмонлар тинчликка сулҳ қилишнинг имкони бўлмай, уруш қилмасдан бошқа чоралари қолмагандагина Қуръони карим кўрсатмасидан келиб чиқиб урушганлар:

وَقَاتِلُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ الَّذِينَ يُقَاتِلُونَكُمْ وَلَا تَعْتَدُوا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ 

“Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Бақара сураси, 190-оят).

Уруш Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, Ватанни ва жонни ҳимоя қилиш учун бўлган. Ўзгалар устидан ҳукм юритиш, уларни қул қилиш, уларнинг мол-мулкини талон-тарож қилиш учун бўлмаган.

Ислом дини мағлуб бўлганларга ўз динларида қолиш кафолатини берган. Уларни Исломга мажбуран киритмаган. Аллоҳ таоло пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилган:

لَسْتَ عَلَيْهِمْ بِمُسَيْطِرٍ

“Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз” (Ғошия сураси, 22-оят).

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ … 

(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл сураси, 125-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари йигирма йил Қурайшдан азият чекдилар. Макка фатҳ бўлганида Пайғамбар алайҳиссалом Қурайш қабиласига қараб: “Сизларга нима қилишимни биласизларми?”, деб сўрадилар. Улар: “Сиздан фақат яхшилик умид қиламиз, сиз олийжаноб инсонсиз, олийжаноб инсоннинг фарзандисиз”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бораверинглар, сизлар озодсизлар”, дедилар (ас-Сийра ан-Набавийя. Ибн Ҳишом)

Уруш Исломнинг бутун дунёга кенг ёйилишига асосий омил бўлмаган. Балки мусулмонларнинг олийжаноблиги, гўзал муомаласи, ажойиб ахлоқи ва ўзгаларнинг эътиқодини ҳурмат қилиши каби гўзал фазилатлари бу диннинг кенг ёйилишига асосий омил бўлган. Зеро динимиз Ислом – тинчлик динидир.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Қудратуллоҳ Сидиқметов

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг