Саломлашиш одоби ҳақида

0
28

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар».

Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда саломлашишнинг улкан аҳамияти баён этилмоқда. Салом бериш билан бошланадиган хайрли ишнинг охири жаннатга кириш билан ниҳояланиши айтилмоқда. Ўзаро бир-бирлари билан саломлашиб юрган кишилар бир-бирларига муҳаббат ҳосил қиладилар. Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган кишилар эса мўмин бўладилар. Ўзаро саломлашиб, ўзаро муҳаббатда юрган мўминлар эса жаннатга кирадилар. Шунинг ўзидан ҳам саломнинг қанчалар аҳамиятли нарса эканини билиб олсак бўлади.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб:

«Ассалому алайкум», деди.

У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ўнта», дедилар.

Кейин бошқа бири келиб:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», деди.

У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.

Сўнгра у зот:

«Йигирмата», дедилар.

Кейин бошқа бири келиб:

«Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деди.

У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди.

Сўнгра у зот:

«Ўттизта», дедилар».

Шарҳ: Бундан саломни тўлиқ айтган ва аликни тўлиқ қайтарган кишилар савобни тўлиқ олишлари келиб чиқади. Ким салом беришдан тўлиқ савоб олишни истаса, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб, тўлиқ салом берсин.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг