Жаннатда қадам товушлари эшитилган саҳоба

0
52

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни эрталаб Билол розияллоҳу анҳуни ҳузурларига чақирдилар:

– Эй Билол, нима туфайли жаннатга мендан илгари кирдинг? Кеча мен жаннатга кирганимда, олдинда сенинг қадам товушларингни эшитдим, – дедилар.

– Ё Расулуллоҳ! – деб жавоб бердилар Билол. – Мен ҳар доим азон айтганимда икки ракат намоз ўқиб оламан. Таҳоратим бузилиши билан, дарҳол таҳорат оламан.

– Мана шу туфайли! – дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Ибн Хузайма ривоятлари).

Чунки банданинг таҳорат олган-олмагани фақат Аллоҳга ва ўзига аён. Ҳеч ким ёнидаги биродарининг таҳоратли ёки таҳоратсиз эканини билолмайди. Покланмоқ кишининг нияти ва ҳаракати билан амалга ошади. Аксарият ҳолларда амал ҳам худди мақсад каби бировлар кўзидан пинҳон қолади. Шу боис, таҳорат олиб нопокликдан халос бўлмоқ омонатни адо этиш таркибига киритилди.

Таҳорат иймоннинг кўзга кўринмас хислатларидан ҳисобланади. Уни муҳофаза қилиш фақат мўминда топилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Фақат мўмин кишигина таҳоратни муҳофаза этади”. (Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари). Чунки таҳорат махфий амал. Устига-устак нафсга оғирлиги ҳам бор. Шу боис, таҳоратни сақловчи мўмин жаннатга киришда илғор бўлади.

«Кўкалдош» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

Шамсиддинхўжа Сулаймонов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг