ҚУРЪОНИ КАРИМ ТИЛОВАТИДА ТАҒАННИЙ(2-қисм)

0
52

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ ҳеч бир нарсани Набийнинг Қуръонни тағанний билан ўқиганини тинглаганчалик тингламаган” дедилар[1].

Муслим ривоятида: “Аллоҳ чиройли овозли пайғамбар Қуръонни тағанний билан овоз чиқариб ўқиганини тинглаганчалик бирор нарсани тингламаган”, дейилган[2].

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Эй Абу Мусо, сенга Довуд оиласининг найларидан бири берилган экан” деган эканлар[3].

Ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусонинг овозидаги оҳанг ёқимли бўлгани боис мажозий маънода уни найга ўхшатдилар.  “Довуд оиласининг найи” деганда У зотнинг Забурни қироат қилгандаги овоз оҳанглари кўзда тутилган[4].

Довуд алайҳиссалом жуда чиройли овоз соҳиби бўлган. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг Қуръонни чиройли овозда тиловат қилиши, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг қироатини эшитиб, овозини Довуд алайҳиссаломнинг овозига ўхшатишлари жуда машҳур воқеа. Бу хусусда кўплаб ривоятлар ворид бўлган.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У зот айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда қироатимни тинглабдилар. Тонг отгач, у зот: “Эй Абу Мусо, кеча тунда қироатингга қулоқ тутдим. Сенга Довуд оиласи найларидан бири берилган экан”,- дедилар. Шунда мен: “Эй Расулуллоҳ, агар сизнинг борлигингизни билганимда, сиз учун (қироатимни) янада зийнатлаган бўлардим”,-дедим”[5].

Абу Яъло “Муснад”да келтирган ривоятда айтилишича, ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида Оиша розияллоҳу анҳо онамиз ҳам бўлганлар. Икковлари кетаётганларида Абу Мусо розияллоҳу анҳу уйида Қуръон тиловат қилаётганини эшитиб қолиб, бироз туриб қолишади. Сўнг йўлларида давом этишади. Тонг отганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарийга кечаси унинг тиловатини эшитишганларини айтганларида, у: “Агар сиз эшитаётганингизни билганимда, бунданда чиройлироқ ўқишга ҳаракат қилардим”,-дейди.

Абу Усмон Наҳдий ривоят қилади: “Мен Абу Мусо Ашъарийнинг орқасида намоз ўқидим. Мен унинг овозидан чиройлироқ санжнинг ҳам, барбатнинг ҳам, найнинг ҳам овозини эшитмаганман”[6].

“Санж” мисдан ясалган бир-бирига уриб чалинадиган мусиқа асбоби. Уларнинг бири билан иккинчиси урилади. “Барбат” унга ўхшаш мусиқа асбоби. “Най” қандай экани ҳаммага маълум[7].

Муовия ибн Қурра ривоят қилади: Мен Абдуллоҳ ибн Муғаффалнинг шундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили уловлари устида кетаётганларида Фатҳ сурасини оҳанг билан қироат қилдилар”,- Муовия айтади: Агар атрофимизга одамлар тўпланишини кариҳ кўрмаганимда, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларини ўқиб берардим”. Муттафақун алайҳ[8].

Ушбу мазҳаб соҳиблари яна далил сифатида айтадиларки: “Қуръонни тараннум билан ўқиш кишини ўзига жалб қилади ва уни шу Қуръонни диққат билан тинглашга ундайди. Бу эса ўз-ўзидан унинг тингловчи руҳияти ва қалбига таъсирини бениҳоят оширади”[9].

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Алқама ал-Асваднинг қироатини (овози ёқимли бўлгани боис) ёқтирар эди. Алқама у зотга Қуръонни ўқиб берарди. Қачон қироатни тугатса, у зот унга: ”Ота-онам сизга фидо бўлсин! Яна давом этинг”,-дер эди[10].

Имом Табарий Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳақида шундай ривоят қилади: “Ҳазрати Умар Абу Мусо Ашъарийга: “Бизларга Роббимизни эслатинг”,-деганларида Абу Мусо Қуръонни оҳанг билан қироат қилар эди. Шунда Умар: “Ким Қуръонни Абу Мусонинг оҳангига ўхшаб оҳанг билан ўқий олса, шундай қилсин”,-дер эдилар[11].

Муҳаммад Али ас-Собуний Ўзларининг “Роваи ул-баян фи тафсиру оят ал-аҳком мин ал-қуръон” асарида ҳар икки мазҳабнинг ҳукмлари ва далилларини келтиргандан сўнг хулоса ўрнида шундай дейдилар: “Агар сиз чуқурроқ ўйлаб кўрсангиз, фақиҳлар орасидаги ихтилоф аслий эмас, балки, шаклий эканлигини кўрасиз. Бинобарин, фақиҳлар Қуръонни тажвид қоидаларига  халал етказадиган оҳанглар билан ўқиш ҳаром эканлигига иттифоқ қилганлар. Бунинг мисоли қуйидагича: чўзиш мумкин бўлмаганни чўзиб ўқиш, чўзилиши зарур бўлганни чўзмаслик, ингичка ўқилиши зарур бўлган йўғон қилиб ўқиш, йўғон ўқилиши зарур бўлганни ингичка қилиб ўқиш, идғом лозим бўлган ўринларда изҳор ўқиш ёки изҳор лозим бўлган ўринларда ихфо қилиш ва шу кабилар. Қуръоннинг ҳукмлари ва тиловат одобларига эътибор бермасдан  ўзгаларни қойил қолдириш ва овознинг гўзаллигини бошқаларга намоён қилишни асосий мақсад қилиб олган ҳолда тиловат қилишга келсак, бу ишнинг ҳаромлиги борасида ихтилоф йўқ”[12].

Имом Абу Жаъфар Аҳмад ибн Муҳаммад ат-Таҳовий ал-Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳи: “Қуръонни тағанний билан тиловат қилмаган биздан эмас” ҳадис ҳақида баҳс юритиб қуйдаги сўзни айтганлар: “Ҳадисдаги тағанний сўзидан кўзланган мақсад Қуръон туфайли, ундан бошқа барча нарсалардан беҳожат бўлишдир”.

Барчага  маълумки тажвид қоидаларини назарий жиҳатдан билиш фарзи кифоядир. Унга амал қилиш ҳар бир тиловат қилувчи учун фарзи аъйндир. Уъжб ва риёдан сақланиш ҳам фарз ҳисобланади. Шундай экан Аллоҳ таолонинг ўзи бизларни тўғри йўлга бошласин. Нафсимизга ташлаб қўймасин.

[1] Саҳиҳ Муслим  5024-ҳадис.
[2] Саҳиҳ Муслим 2120-ҳадис.
Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотиб ат-Табризий. Мишкатул масобиҳ Ливан Байрут -1985. 1-жуз Б.495.
Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонда моҳир бўлган киши ҳақидаги сўзлари” бобида зикр қилган.
Ҳадиснинг шарҳини Ибн Ҳажар Асқалоний Фатҳ ул-борий китобининг 13-жузи 444-445-бетларида келтирган.
Бошқа манбалар: Саҳиҳи Муслим 2-жуз Б.192. Сунани Абу Довуд 8-китоб, 200-боб. Сунан ан-Насоий 11-китоб83-боб. Сунан ад-Доримий 2-китоб171-боб.
[3] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.Ал-Жоме ас-саҳиҳ. Байрут-Ливан.: Дор ар-рисола ал-оламийя-2011.6-жуз. Б.195.  Муслим ибн ал-Ҳажжож ал-Қураший. Саҳиҳи Муслим. Байрут-Ливан.: Дор ал-илм-1999..1-жуз. Б.546.
[4] Муҳаммад Ибн Муҳаммад ибн Абдурраззоқ. Тож ал-урус мин жавоҳир ал-қудус. Байрут-2006. 2-жуз. Б.262.
[5] Муҳаммад ибн Ҳиббон ибн Аҳмад. Саҳиҳи ибн Ҳиббон. Байрут-ливан.:Муассаса ар-рисола-1993. 16-жуз. Б. 169. 7197-ҳадис.
[6] Абу Авона Яъқуб ибн Иброҳим. Муснад Абу Авона. Байрут-Ливаб.: Дор ал-маърифа-1996. 2-жуз. Б.486. Имодуддин Исмоил ибн Касир. Фазоилул Қуръон. Байрут-Ливан.: Дор ал-кутуб ал-илмийя-1990. Б. 162.3166-ҳадис.
[7] Имом, ҳофиз Аҳмад ибн Али ибн Ҳажар ал-Асқилоний. Фатҳ ал-Борий би-шарҳ саҳиҳ ал-Бухорий.
Дор ал-ҳадис. Қоҳира 2004. 20-жуз. Б.145.
[8] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий.Ал-Жоме ас-саҳиҳ. Байрут-Ливан.:Дор ар-рисола ал-оламийя-2011. 6-жуз. Б. 135.
[9] Исмоил ибн Мустафо Истанбулий Тафсир руҳ ал-баён.Дор иҳё ат-тирос ал-арабий.  Ж.1.  Б.257.
[10] Муҳаммад Али ас-Собуний. Роваиъ ал-баён тафсиру оят ал-аҳком мин ал-қуръон.Ал-мактабат ул-асрийя. Байрут-Ливан.: 2011. Б. 585.
[11] Имодуддин Исмоил ибн Касир. Фазоилул Қуръон. Байрут-Ливан.:Дор ал-кутуб ал-илмийя-1990.Б.114.
[12] Муҳаммад Али ас-Собуний. Роваиъ ал-баён фи тафсиру оят ал-аҳком мин ал-қуръон. Ал-мактабат ул-асрийя. Байрут-Ливан.: 2011. Б. 586.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Абдусамад Тожиддинов 

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг