Далил келтириш даъвогар зиммасидадир!

0
16

عن ابن عباسٍ رضي الله عنهما: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: ((لو يعطى الناس بدعواهم، لادعى رجالٌ أموال قومٍ ودماءهم، لكن البينة على المدَّعِي، واليمين على من أنكر))؛ حديث حسنٌ، رواه البيهقي وغيره هكذا، وبعضه في الصحيحين

Маъноси: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Агар одамларга (қуруқ) даъволари бўйича (талаблари) берилаверса, ҳеч шубҳасиз, айрим кишилар ўзгаларнинг молларию жонларига даъвогар бўлган бўлур эдилар. Шундай бўлмаслиги учун ҳам даъвогар далил-ҳужжат келтириши, (ўзига қарши қилинаётган даъвони) инкор қилувчи эса қасам ичиши лозим”.

Ушбу ҳадиси шариф ҳасан санадли ҳадис бўлиб, Байҳақий ва бошқалар томонидан ривоят қилинган. Ҳадиснинг баъзи қисмлари саҳиҳайнда ҳам келган.

Мазкур ҳадиси шариф бениҳоя улуғ, шарафли, фойдаси кўп, манфаати мўл бўлган ҳадислар сирасига киради. Ислом ҳуқуқшунослиги соҳасидаги кўплаб қоидалар айнан шу ҳадис устига қурилган ва ундан тармоқланиб чиқади. Баъзи қавлларга кўра, Довуд алайҳиссаломга ато этилган “фаслул хитоб” яъни “даъволашувчилар орасини ажрим қилувчи билим ва қобилият” ҳам айнан шу ҳадис мазмуни бўлган.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “бу ҳадис шаръий ҳукмларга оид қоидалар ичидаги буюк бир қоидадир. Унга кўра, ҳеч кимнинг ўз даъвосидаги бирорта сўзи қуруқ даъвоси туфайли қабул қилинмайди. Балки, бу ишда муддаийдан далил талаб қилинади ёхуд айблаунвчининг иқрори лозим бўлади. Агар даъвочи айбланувчидан қасам ичишини талаб қилса, бу жоиздир”.

Ибн Дақиқ ал-ъийд роҳимаҳуллоҳ айтдилар: “бу ҳадис аҳком асосларидан бири ва тортишув ва даъволашувда мурожаат қилинадиган энг буюк манбадир. Шунингдек у, бирор кимса фойдасига қуруқ даъвоси билан ҳукм қилинмаслигини тақозо этади”.

Ҳадиси шарифга кўра, биров устидан қози ёки ҳокимга бирор мол-мулк, моддий ёхуд маънавий зарар бўйича даъво қилувчи шахс ўз даъвосини исботлайдиган қатъий ҳужжат, далил ёки гувоҳ келтириши лозим. Негаки, у зоҳирдан айбсиз бўлган инсон устидан шикоят қиляпти. Шундай экан, у ўз даъвосини далиллаши, исботлаши лозим.

Шу ўринда жамият вакиллари орасидаги муносабатлардаги жуда ҳам муҳим нуқта зоҳир бўлади. У ҳам бўлса, бировга айблов йўналтирилса, устидан даъво қилинса, айблов ва даъвога дучор бўлган шахс ўзининг айбсизлигини исботлашга шаръан масъул эмас. Ўзининг айбсизлигига далил келтиришга жавобгар эмас. Зеро, унинг айбсизлиги, очиқ-ойдин ва зоҳирий ҳолатдир. Балки, далил ва исбот унга қарши даъво йўналтирган тараф устига тушади. Чунки, бу тараф зоҳирий ҳолатнинг тескарисини даъво қилмоқда.

Ҳеч қачон бировга “қўлингдаги мана бу мол-мулкингни мендан ўғриламаганингни исботлашинг керак, акс ҳолда мендан ўғрилаган бўласан!”, деганга ўхшаш даъво қилолмайсиз. Ҳеч ким сизга тасарруфидаги нарсани ўғриланмаганини исботлашга масъул эмас. Балки, сиз зоҳирга хилоф бўлган даъвоингизга далил ва исбот келтиришингиз керак.

Шундай ҳолатда қози даъвочидан ҳадиси шарифда “баййина” сўзи билан ифода этилган очиқ-ойдин далил сўрайди. Мабодо, у далил келтириб беролмаса, бироқ ўз сўзида исрор этиб туриб олса, қози айбланувчи шахсдан ўз айбсизлиги ва ўзига қарши йўналтирилган даъводан поклиги борасида Аллоҳ номига қасам ичишини сўрайди. У ўзининг поклиги ҳақида қасам ичса, шу билан иш битади. Даъвогарнинг очиқ далилсиз даъвоси рад этилади. Айбланувчи эса айбловдан покланади.

Худди шунга ўхшаб маънавий ҳақ-ҳуқуқларда ҳам бировни ҳеч қандай далил-исботсиз айблаш ёхуд шунчаки, ўзининг шубҳа-гумони асосида  устидан даъво қилиши асло жоиз эмас.

Эътибор беринг, Набий алайҳиссалом: “агар одамларга (қуруқ) даъволари бўйича (талаблари) берилаверса, ҳеч шубҳасиз, айрим кишилар ўзгаларнинг молларию жонларига даъвогар бўлган бўлур эдилар”, деяптилар. Ҳа, инсон табиати шунақа. Баъзи одамлар бўладики, уларни ёмонликдан тўсиб турувчи ҳеч нарса бўлмайди. Уларда на Аллоҳ қўрқувси, на бандадан андиша бор. Шундай бўлгач, нафси аммораси буюрган ҳар қандай разилликни, ҳар қандай шарафсизликни тап тортмай қилавериши табиий. Ўз моддиятни яхшилаб олиш учун ўзгалар устидан ноҳақ даъвогар бўлади. Хасмига зарар етказиш учун туҳмат ҳам қилаверади. Агар шундай инсонлар қуруқ даъволари бўйича талаблари қондирилаверса, жамиятда кўплаб ноҳақликлар юз беради. Молу жонларга зулм ва зарар етади. Айнан шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “даъвогар зиммасида очиқ далил келтириш бордир”, дедилар. Ўн тўрт аср олдин айтилган ушбу ҳадиси шариф мазмуни бугунги кунда кўплаб давлатлардаги адлия тизимида мавжуд бўлган олтин қоидалардан биридир.

Ҳадиси шарифдан олинадиган сабоқлар:

1. Ислом дини кишиларнинг молу жонларини муҳофаза қилишга ҳарисдир.

2. Ҳеч ким устидан қуруқ даъвонинг ўзи билан ҳукм чиқарилмайди. Балки, даъвогар ўз даъвосига далил-ҳужжат келтириши лозим. Агар далил келтиришдан ожиз бўлса, айбланувчи ўзига йўналтирилган айбдан поклиги ҳақида қасам ичишга буюрилади.

3. То очиқ далил ва ҳужжат орқали акси исботланмагунча, асл ҳолат кишининг айбсизлигидир.

4. Ҳадиси шариф қазо ва адлия соҳасидаги асослардан биридир.

5. Ҳаётда Аллоҳдан қўрқмайдиган, бандасидан эса уялмайдиган пасткаш инсонлар учраб туради. Ва қўйиб берилса, улар ўзгаларнинг молу жонларига қуруқ даъволар билан тажовуз қилишади.

“Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
Алишер Султонхўжаев

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг