Бутун олам тортишиш қонуни ёхуд…

0
99

Биз бугун ғарб диёрларида эҳтимом қаратиладиган, ҳадис деб мусулмон уммати қалби ва тили билан ҳам, бир хил бўлиб Аллоҳдан дуо қилиб умид қилинадиган бир ҳадис хусусида ёритмоқчимиз. Фанда бутун олам тортишиш қонунини физик жиҳатдан Ньютон топганини биламиз. Аммо бу қонун фақат физик жиҳат эмас, балки инсонияти ва руҳиятига ҳам боғлиқдир. Унинг асл манбаи бундан 14 аср аввал пайдо бўлган. Аллоҳнинг сўнги мукаммал динига Пайғамбар ўлароқ танланиб, бизга нажот йўлидан таълим берган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидир бу қонуннинг асоси.

Ҳайрон бўлиш мумкин. Аммо, ғарбда бу бутун олам тортишиш қонуниятни инсон нимани қаттиқ истаса барча нарса унга ёрдам беради деб миллионерлар, ўз касбининг мутахассислари жуда яхши биладиган ва ҳаётларига тадбиқ этиб, мақсадларига етишдаги асосий қонундир бу. Бу қонун қайси ҳадисдан келиб чиққан дерсиз. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Исломнинг мадори бўлган ҳадис:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар кишига ният қилган нарсаси бўлади”. Бухорий ва Муслим ривояти.

Албатта, ҳар бир иш ниятга яраша бўлади. Аллоҳ таоло “Мен бандамнинг гумонидаман” дея бандаларини яхши нарсани умид қилишга ундайди. Бугунги кунга келиб мақсадларига ета олмаганлар билсинларки, ғарб дунёси бутун олам тортишиш қонуни асосида ўз мақсадларига етадилар. Яъни, улар амаллар ниятга боғлиқ, нима нарса ҳақида қаттиқ умид қилинса, шу нарсага албатта эришиш мумкин дея таълим беришади. Мақсадларни амалга ошириш учун аввало вақт бошқарувини тузиб чиқмоқ лозим. Буни инглиз тилида “Time managament” деб юритилади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун энг муҳим усуллардан инсон ҳаётида аниқ мақсадлар қўйиб, улар сари илдам ҳаракат қилишидир. Мақсадларсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Мақсад ўзи нима? Мақсад – келажакда амалга ошиши талаб қилинган аниқ натижадир. Савол туғилади, мақсад қилишнинг вақтга нима аҳамияти бор? Аҳамияти жуда муҳим. Чунки, биз яшашда давом этарканмиз, умримиз давомида ҳар куни, ҳар соат маълум мақсадлар, ният- интилишлар сабабидан мунтазам ҳаракатда бўламиз. Мақсад – орзу ҳамда, хаёллардан фарқли равишда фақатгина амалга оширилиши учунгина юзага келади. Мақсад туфайли инсон одатий бемалолчилик ҳамда бекорчиликдан халос бўлади, ўша мақсадлар учун яшайди.

Мақсадни умумий ҳолатда кундалик хоҳиш-истаклардан юксакроқ ва у инсон ҳаётига мазмун берувчи бир йўлланма деб олсак, у ҳар бир кишининг ҳаётдаги муҳим воситадир. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, мақсаднинг борлиги бизни доимий ҳаракатга ундайди. Шу билан биргаликда, мақсаднинг йўқлиги инсон учун мусибат, бахтсизлик олиб келувчи ҳамда умрни беҳуда зое бўлиши учун замин ҳозирлайди. Мақсад воқеийликка қараб катта-ю кичик, ҳамда ҳозирдаги ёки келажакка доир бўлиши ҳам мумкин. Ҳар нима қилганда ҳам мақсад мусулмон киши учун динига манфаат бермоғи ва унинг азми қанчалик қатъий туришига қараб Аллоҳнинг фазли ила амалга ошишини ҳис этиб англамоғи лозимдир.

Бир мисол келтирамиз. Олий ўқув юртига киришни мақсад қилган абитуриентни олайлик. У ушбу мақсадини амалга ошиши учун бор имкониятларини ишга солади, кеча-ю кундуз дарс қилади, шу билан бирга Аллоҳга дуолар қилади. Нияти билан қаттиқ интилади. Ва унга бутун олам тортишиш қонунияти- амаллар ниятга боғлиқлиги сабаб, Аллоҳ унга фазл қилса ниятига етади. Буларнинг ҳаммаси ўқишга киришни жуда хоҳлагани сабабли. Ўқишга кириш бир йил ёки, бир неча ойлардан кейин бўлиши мумкин. Шунга кўра, бу яқин келажакда эришилиши лозим бўлган катта мақсадлар қаторига киради.

Уламолар мақсад қилиш учун қуйидаги шартлар юзага чиқиши лозимлигини таъкидлашади: Қўйилаётган мақсад аниқ, тушунарли бўлиши керак. Инсон нимани мақсад қилаётганини ўзи яхши англамоғи, қўйилган мақсад борасида қатъий фикрга эга бўлмоғи лозим. Инсон ўзи ҳали нима қилаётганини ёки нима қилишини билмаса, ҳаёти издан чиқади, ўзини идора қилолмайди. Бир ишни қилиб кейингисига дарҳол кириша олмай қолади. Мақсад қилаётган инсон ўз мақсадидан қаноат ҳосил қилиши керак. Агар мақсад қилинган нарсадан қаноат ҳосил бўлса, яъни инсон натижадан рози бўлиб, қалбан хотиржам бўлса ўша ишни тезроқ бажаришга ҳаракат қилади. Бор имкониятини ишга солади. Вақтни чўзиб ўтирмайди.

Мусулмон умматида ҳар бир кунимиз, ҳаттоки ҳар бир соатимиз учун мақсадлар олдиндан қилиб қўйилган. Ҳамда уларнинг вақти ва миқдорига белгиланган зикр дуо ибодат ва Қуръон таълими ҳам бор, уларни амалга ошириш учун ҳалиги абитуриент сингари яхшилаб ҳаракат қилишимиз керак. Бизнинг мақсад ўқишга кириш ёки бутун олам тортишиш қонуни ила миллионер бўлган ғарб даҳолари каби тўкин ҳаёт ёки мол-дунё эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати дунё-охират саодати, жаннатда эса Аллоҳнинг жамоли лутфидир.

Энди инсон ҳаётда яшар экан, фақат дунё учун мақсад қилиб қаттиқ ниятлар билан яшамаслиги лозим. Бу ҳаёти дунёда шундай ниятлар қилмоғи лозимки, у икки дунё саодатини ҳам келтирсин ва эришиш мумкин бўлган қадар ҳаракат қилсин. Буларни амалга ошириш учун эса аниқ мақсад қилиниши керак. Баъзилар бекорчи, бўлмағур нарсалар учун умрларини сарфлашади. Аслида, ўзидаги имкониятларни ҳисобга олиб, ҳақиқатда зарур бўлган, эришиш мумкин бўлган нарсаларни мақсад қилиш лозим.

Мусулмон кишининг умри эса ҳисоблидир. Мақсад шариатга хилоф бўлмаслиги лозим. Мақсад қилишдаги энг муҳим шарт аслида мана шудир. Инсон қанчалик ҳаракат қилмасин қилаётган ишларимиз бароридан келиши Аллоҳ ўша ишни бизга насиб қилгани ёки қилмаганига боғлиқ. Шариатга мувофиқ бўлмаган ҳолатда асли маъсият бўлган нарсаларни мақсад қилиш бемаъниликдир. Жамият учун ҳам манфаат келтирадиган мақсад бўлиши керак. Мўмин киши нафақат ўзи балки бутун мусулмон жамиятининг ғамини бирдек елкасига олмоғи лозимдир. Фақат ўзигагина фойда келтириб, бошқаларга зиён эшигини очувчи мақсадлардан холи бўлиш барчамизнинг вазифамиздир.

“Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси
Зафар Маҳмудов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг