Усулул фиқҳ илмининг пайдо бўлиши

0
28

Шариат усуллари 3 тадир: Китоб, суннат, ижмоъ. Тўртинчи асл қиёсдир.[1] Тўртинчи асл, яъни қиёс юқоридаги 3 аслдан истинбот қилиб олинадиган маъносидадир.[2]

Усулул фиқҳ илми тавҳид илмидан кейинги шарафли илмлардан биридир. Бу илмнинг қадри баланд, фойдаси кўп, манфаатлидир. Бу фан шаръий далиллар ва уларнинг аслларига назар солиш ила бино топган, носих-мансух, мутлақ-муқайяд, хос-ом ва шу кабиларни ўз ичига олган. Шунингдек, каломларни ҳукмларга нисбатан таркибини, қиёсларга назар солишни, ҳукмга васфни таълиқ қилишни, иллатнинг йўлларини баён қилишни ва шу кабиларни ўрганади.[3]

Усулул фиқҳ илми хулафои рошидинлар ва улардан кейинги саҳобалар давридаги ижтиҳод ҳаракати пайтида юзага келди. Саҳобалар бир-бирларидан янги пайдо бўлган масалалар ҳақида фатво сўрардилар. Улардан мужтаҳид бўлганлари ана шу масаланинг шаръий ҳукмини Қуръони карим оятларидан ва ҳадиси шарифлардан излашарди. Кейин улар қиёсга юзланишар ёки мувофиқ равишда ўзлари рай билан ижтиҳод қилишарди.

Бу иш тобеинлар ва табаа тобеинлар вақтида ҳам давом этиб келди. Фақат бироз тафовут бор эди. Уларнинг баъзилари қиёсни воқеликда бор ҳукмга таққослашни ушлашарди. Ўхшаши йўқ ҳукмларда тўхтаб қолишарди. Баъзилари эса, кенгроқ йўл тутиб, шариатнинг мақсадларига мувофиқ манфаатлардан фойдаланишарди. Уларнинг барчалари саҳобаларнинг фикрларидан олишарди. Тобеинлар ва табаа тобеинлар давридаги мужтаҳидларнинг кўзга кўринганлари Саъид ибн Мусайяб, Урва ибн Зубайр, Шурайҳ Қозий, Иброҳим Нахаий ва бошқалар мисол бўлади.

Сўнг ҳижрий 2 асрда, мўътабар мазҳаблар имомларининг даврида усулул фиқҳ илми шаклланди, бошқа илмлардан ажралиб чиқди. Уламолар орасида “қиёс”, “истиҳсон”, “масолиҳул мурсала”, “саҳобийнинг сўзи”, “биздан олдингиларнинг шариати”, “Мадина аҳлининг амали” ва шу каби номлар айтила бошлади.

Ана шу мужтаҳид ва уламолар орасида, асосан, икки йўналиш ажраб, кўзга кўриниб қолди. Уларнинг Ҳижоз минтақаси олимларидан иборат бўлганларини “Мадрасату аҳлил ҳадис” дейиларди. Ироқ олимларидан иборат бўлганларини “Мадрасату аҳлир рай” дейиларди.

Олдин ҳам кишилар усулул фиқҳ қоидаларини саҳобаларнинг, тобеинларнинг ва бошқа имомларнинг ижтиҳодларидан олиб ишлатиб юраверишарди. Гоҳида бир-бирига қарама-қарши далилларнинг ораларини мувофиқлашда уларнинг ижтиҳодлари усулий қоида сифатида асос ҳисобланарди.

Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида тарқалиб, араб миллати бошқа миллатлар билан қўшилиб кетгач, ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада, “Усулул фиқҳ” илмига асос солинди. Бу иш мазҳаббоши имомлар даврида, ҳижрий 2 асрнинг охирларида юзага чиқди.

Ибн Надим “Фиҳрист” номли китобида зикр қилганидек, “Усулул фиқҳ”га оид бўлган барча қоидаларни биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ алоҳида рисолада жамлаган. Лекин афсуски, бу рисола бизларгача етиб келмаган.

Усулул фиқҳга бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ таълиф этганлар. Имом Шофеийнинг “Рисола” деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун у киши уламолар ўртасида “Усулул фиқҳ” илмининг асосчиси сифатида машҳурдир.[4]

Мазкур “Рисола” китоби ёзилишига Абдурраҳмон ибн Маҳдийдан келган хат туртки бўлган. Хатда ёзилишича, ўша пайтда баъзи одамларнинг Қуръон ва ҳадисларни нотўғри шарҳлаган ҳолда ҳукм чиқаришлари кўп содир бўлиб турган. Имом Шофеийдан ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича бирор кўрсатма беришини илтимос қилинади. Натижада, имом Шофеий ушбу хатга жавобан бир мактуб ёзади. Ушбу мактубда манбалар, Қуръон ва ҳадисда ишлатилган сўзларнинг омм ва хос, луғавий қоидалар ва насх, Пайғамбаримизнинг хатти­ҳаракатлари ва уларнинг ҳуқуқий аҳамияти, ижмоъ, хабарлар ва уларнинг турлари ҳамда далил сифатидаги ўрни, қиёс, истеҳсон, ижтиҳод ва бошқа масалаларни атрофлича ёритган. Кейинчалик ушбу мактуб усулул фиқҳ бўйича ёзилган илк асар бўлиб, ҳозирги кунда “Рисола” (мактуб) номи билан машҳур.

Маълумки, мазҳаблар ичида ҳанафий ва шофеъий мазҳаби турли соҳаларда етакчилик қилади. Шу билан бирга усул, яъни ҳуқуқ ижодкорликнинг назарий қоидалари ва фуруъ, яъни ҳуқуқий нормалар тўпламини ушбу икки мазҳабдаги ўрнини солиштирсак, шундай дейиш мумкин.

Шофеъий мазҳаби асосчиси имом Шофеъий усул соҳасида ҳам, фуруъ соҳасида ҳам асарлар ёзиб, мазҳаб қоидаларини тўлиқ ишлаб берган. Усул бўйича “Рисола” ва фуруъ бўйича “Умм” асарларини ёзиб қолдирган. Унинг издошлари фақатгина Шофеъийнинг қарашларини ривожлантиришган[5].

Аммо ҳанафий мазҳаби асосчиларидан фақатгина фуруъ китоблари қолган эди. Мазҳабнинг асосий асосчиси Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳ бўйича китоб ёзмаганлар. Унинг шогирдлари Абу Юсуф ва Муҳаммад Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳлар китоблар ёзишган. Булар орасида ҳанафий фиқҳнинг ривожида Муҳаммад Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳнинг ўрни каттадир. Чунки у кишининг “Зоҳирурривоя” асари мазҳабнинг асосий манбаси ҳисобланади. Улардан усул бўйича қўлланма қолмаган. Шу сабабли ҳанафий мазҳаби уламолари ўзлари “Зоҳирурривоя” ва бошқа мазҳаб асосчиларининг асарларини таҳлил қилиб, усул қоидаларини ишлаб чиқишга уринишган. Улар усул қоидаларини ишлаб чиқиш жараёнида фиқҳий қоидаларни кашф қилишади. Уларнинг усул бўйича ишлаб чиққан қоидалари Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ ва унинг издошлари томонидан ўртага қўйилган усул қоидаларидан деярли фарқ қилмас эди. Шу билан бирга ҳанафий мазҳаби фақиҳлари ўзига хос алоҳида қоидаларни ҳам ишлаб чиқишган.

Мана шунинг оқибатида усул илмида иккита йўналиш пайдо бўлади. Шофеий раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашлари ривожлантирилган назарий қоидалар билан шуғулланувчи мутакаллимлар ёки шофеийлар йўналиши ҳамда усул қоидаларини ишлаб чиқишда мазҳабнинг фуруъ масалаларини асос қилиб олувчи фақиҳлар ёки  бошқача қилиб айтганда, ҳанафийлар йўналиши.

[1] Фахрул ислом Алий ибн Муҳаммад Паздавий Ҳанафий. Канзул вусул ила маърифати усул (Усулул Паздавий). Карачи. Мир Муҳаммад кутубхона ором боғи. С. 386. – Б. 8. Маҳмуд ибн Муҳаммад Деҳлавий. Ифозатул анвор фи изоати усулил манор. Т. 1. Риёз. Мактабатур рушд. 2005. С. 605. – Б. 95. Ҳусомиддин Ҳусайн ибн Алий ибн Ҳажжож Сиғноқий. Ал-кофий шарҳул Паздавий. Т. 1. Риёз. Мактабатур рушд. 2001. С. 2950. – Б. 190.
[2]Имом Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорий. Кашфул асрор ан усули фахрил ислом Паздавий. Т. 1. Байрут. 1997. Дорул кутубил илмийя. С. 466. – Б. 33
[3]Доктор Валийюддин Муҳаммад Солиҳ Фарфур. Ал-Мазҳаб фи усулил фиқҳ алал мунтахаб лил Ихсиктий. Т. 1. Дамашқ. 1996. Мактабату дорил Фарфур. С. 670. – Б. 10-11.
[4]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. Тошкент. 2011. Шарқ. С. 572. – Б. 13-15.
[5]Ваҳбатуз Зуҳайлий. Усулул фиқҳил исломий. Сурия: Дорул-фикр. 1986. – Б.  11.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси кабинет мудири
Абдуллоҳ Қосим

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг