Нақшбандия машойихлари(7) Шайх Абу Али Ал Фармадий (Қоддасаллоҳу сирруҳу)

0
38

Силсилаи Нақшбандиянинг еттинчи ҳалқасидир. Ҳижрийнинг 433 йили (милодий 1042) да туғилди. Хуросонда яшади. Ҳижрий 478 (милодий 1085) да вафот этди, қабри Тус, яъни Машҳад шаҳридадир.

Даврининг олимлари орасида ягона эди. Зоҳирий илмларни Абул Қосим Қушайридан ўрганган эди. Тасаввуфда иккита муаллими бор эди: Абул Қосим Гургоний ва Абул Ҳасан Ҳарқоний ҳазратлари.

***

“Ёшлик йилларимда Нишобурда илм талаби билан машғул эдим. Шайх Абу Саид Абул Хайр ҳазратлари келганда мен унинг хизматига кетдим. Унинг нурли жамолига ошиқ бўлдим.

Шундан кейин илм билан машғул бўлдим. Бир куни қаламни сиёҳга ботирдим. Қоп-қора сиёҳ оппоқ бўлди. Таажжуб ичида ҳазрати Устознинг ёнига бордим, ҳодисани айтдим.

Устоз:

– Модомики, қалам сенинг қўлингдан қочибди, сен ҳам уни тарк айла, бошқа иш билан машғул бўл, – деди Устоз ҳазратлари”.

***

Абу Али Фармадий ҳазратлари шундай хотирлайди:

“Бир куни ғаройиб бир ҳол ичига тушдим. Ҳушимдан кетдим. Бу ҳол ичида гўё йўқ бўлдим, кўзга кўринмас бўлдим. Бу ҳолимни Устозим Абул Қосим Қушайрийга айтдим.

– Эй Абу Али, менинг кўнгил қушим бу ердан юқорисини билмайди, –деди.

Мен: “Мени бу мақомдан юқори олиб бора оладиган бир муршидга эҳтиёжим бор”, – деб ўйладим.

Кунлар ўтди. Кун сайин ўша юқорида эътироф этганим ҳол кучайяр эди.

Мен Абул Қосим Гургонийнинг исмини эшитган эдим. Ва Тус шаҳрига қараб йўлга чиқдим. Шаҳарга келиб, у зотни яшайдиган жойини сўрадим. Айтишларича, у талабалари билан бир масжидда ўтирганмиш. Мен ҳам икки ракат намоз ўқиб, қаршисида тиз чўкиб ўтирдим. Шайхнинг боши эгик эди.

Бошини кўтариб:

– Кел, эй Абу Али!  – деди.

Унга яқин бориб, салом бердим ва ўтирдим. Маънавий ҳолларимни айтиб бердим.

– Бошланғичинг муборак бўлсин! Ҳозирча бир даражага эришибсан, агар тарбия кўрсанг, юксак даражаларга кўтариласан, – деди Шайх.

Абул Қосим Гургоний ҳазратлари мени тасаввуфда етиштирмоқ мақсадида нафсимни тарбия учун турли риёзиётларга бошлади. Ниҳоят, исталган даражага етдим, кейин дўстларимдан Абу Бакр Абдуллоҳ билан мени Абу Саид ҳазратлари ёнига Миҳан тарафга йўллади.

Абу Саид ҳазратлари менга бир парча без бериб, деворларнинг чангини артишни буюрди. Биродарим Абу Бакр Абдуллоҳга эса меҳмонларнинг оёқ кийимларини тузатиш вазифасини берди. Уч кун бу хизматни қилдим.

Тўртинчи куни мени Абул Қосим ҳазратларининг ёнига қайтариб юборишди. Кейин ҳар иккала муаллимим ҳам вафот этдилар. Уларнинг ўрнига суҳбатларни мен қила бошладим. Талабаларим кўпайди. Исмим ҳар ерга ёйилди.

Биродарим Шайх Абу Бакр Абдуллоҳ буюк зот бўлишига қарамасдан, исми ҳеч кимга эшитилмади. У камина ҳақда шундай деган эди:

“Шайх Абу Саид Абу Алига без билан деворнинг чанггини артки, сўнгра Аллоҳ таоло қулларининг кўнгил деворларидан гуноҳларни артгайсан”, деган эди.

Менга эса дарвешларнинг оёқ кийимларини тузатишни буюрди. Мен бу вазифада қолдим. Ва ҳеч ким мени танимади, исмимни айтмади”. Абу Али Фармадий ҳазратлари ўз замонининг йўлбошчиси эди.

У Низом ул-Мулкнинг саройига келганда, буюк вазир эҳтиром билан оёққа турарди, уни ўз мақомига ўтирғизар эди. Аммо бошқаларга буни қилмас эди. Бунинг сабабини сўраганларида:

– Абу Али Фармадий ҳазратлари юзимга қараб, қусурларимни сўйлайди, қилган хатоли ишлар, ҳақсизликларни очиқ айтиб, мени огоҳлантиради. Бошқалари эса мени мақтайдилар. Бундан нафсим ғурурланади. Абу Али Фармадийнинг танқиди мен учун хайрли бўлгани сабабли, унга ҳурматим ҳам баланддир,  – дер эди.

Шайх Муҳаммад ул Фармадийнинг халифалари Юсуф ул-Ҳамадоний Шайх Абул Ҳасан Бусний ва Ҳужжат ул-Ислом Муҳаммад бин Муҳаммад Ғаззолий ҳазратларидир.

Мир араб ўрта махус ислом билим юрти талабаси
Абдураҳим Турақулов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг