ЯХШИЛИККА ЯХШИ ЖАВОБ СУННАТДИР!

0
32

Уммат ғамхўри, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломий жамиятда бирдамлик ҳукмрон бўлиши учун, мўмин-мусулмонларнинг ўзаро алоқалари мустаҳкам бўлиши учун зарур кўрсатмларни бериб кетганлар. Ул зот жумладан бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар:

من صنع اليه معروف فليجزئه فان لم يجد ما يجزئه فليثن عليه فانه اذا اثنى فقد شكره و ان كتمه فقد كفره و من تحلى بما لم يعط فقد لبث ثوبى زور

Кимгаки яхшилик қилинса, уни қайтарсин. Агар қайтарадиган нарса топа олмаса, унга мақтов айтсин. Чунки уни мақташ билан унга ташаккур билдирган бўлади. Агар яширса, неъматнинг қадрига етмай куфрони неъмат қилган бўлади. Ва кимки ўзида йўқ нарса билан ясанишга уринса, бас икки ёлғон (ёлғончилик ва мақтанчоқлик) либосини кийибди. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 215).

Демак, инсон кимдандир қай йўсинда бўлса ҳам яхшилик кўрса, масалан совға олгандир, илм олгандир, хожатини битириб бергандир ва ҳоказо… Ўша яхшилик қилган одамга миннатдорлик тарзида муносиб яхшилик билан жавоб қайтарсин. Бу суннатдир.

Қолаверса, яхшилик қилган одам унинг муносиб жавобидан кейин яна ҳам яхшилик қилгиси келади. Ораларида муҳаббат пайдо бўлади. Дўстлик, биродарлик риштаси мустаҳкамланади. Бу одам яхшиликни қадрига етар экан, унга ёрдам қилиб адашмапман, бундан кейин қўлимдан келса яна ёрдамимни аямайман, дейди.

Агар қайтаришга нарса топа олмасачи? Бу ҳолатда оғзаки бўлса ҳам миннатдорлик билдириши лозим. Унга раҳмат айтиб ҳаққига дуо қилиши керак. Нафақат унинг ўзига, балки ғоибона, унинг таниш-билишларига ҳам уни ортидан мақташи керак. Масалан, маҳаллангиздаги фалончи яхши одам экан. Менга шундай-шундай яхшиликлар қилди. Аллоҳ рози бўлсин. Уни ёрдами билан муаммойим ечим топди ва ҳоказо.

Бу билан ҳам яхшилик қилган одамнинг дили яйрайди. Эзгу амаллар қилишда давом этади. Ораларида ўзаро муҳаббат, биродарлик кучайиб боради. Моддий жавоб қайтар олмаса ҳам, ҳаққимга дуо қилибди, хурсанд эканини танишларимга изҳор этибди, яхшилигимни қадралбди. Яхши инсон экан, деб унинг ҳам қалбида ижобий фикр пайдо бўлади.

Инсон фойдаланган одамига миннатдорлик билдириши билан нафақат унинг ўзига балки Аллоҳга ҳам шукр келтирган бўлади. Инсонлардан кўрган манфаатнинг қадрига етмаган одам Аллоҳнинг неъматига куфрон қилган бўлади.

Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна бир ҳадисларида шундай деганлар:

لا يشكر الله من لا يشكر الناس

Инсонларга раҳмат деймайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр келтирмайди. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 218).

Бир куни Мадинада муҳожирлар ансорларнинг уларга қилган беқиёс яхшиликларини ёдга олиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дедилар:

Эй Аллоҳнинг Расули, ансорлар ҳамма ажрни олиб кетишди а ?  Ул зот жавоб бердилар:

Йўқ! Модомики сизлар уларнинг ҳаққига дуо қилиб турсангиз, уларни мақтаб миннатдорлик билдириб турсангиз… сизларга ҳам Аллоҳ уларга берган ажр-савоб мислини беради. (Имом Бухорий. Адаб ал-Муфрад / 217).

Ижтимоий тармоқларда юртимиздаги имом домлаларни обрўсизлантириш, халқда уларга нисбатан ишонч туйғуларини йўқ қилиш учун фаол ҳаракат олиб борувчи фитначи гуруҳлар бор. Ўшаларнинг фитналаридан бири шуки, юрт раҳбарларини ҳаққига дуо қилган имомларни «сарой мулласи» деб ҳақорат қилишади. «Бу имом Аллоҳни қўйиб, тоғутга ибодат қилади, одамларни Аллоҳнинг йўлига бошламай бандасини йўлига етаклайди» — деганга ўхшаш гаплар билан оламга жар солишади. Аслида ўша «ақллилар» халқни алдашаётган бўлади. Юқоридаги ҳадисларга эътибор қилинса, халқ уларнинг тинчлигини, эмин-эркин ибодатини таъминлаб бераётган раҳбариятга муносиб жавоб қилиши керак. Уларнинг жавоби хайрли дуо билан бўлади. Ахир Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтиб қўйибдиларку?! «Инсонларга раҳмат деймайдиган киши Аллоҳга ҳам шукр келтирмайди«. Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин!

Андижон шаҳар “Бува таваккул” жоме масжид имом-хатиби
Нодирбек Кенжаев

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг