Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам муаззинлик қилганларми?

0
80

Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам имом бўлганлар, аммо муаззинлик қилмаганлар. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Уламоларимиз бунинг ҳикматларидан баъзисини зикр қилганлар:

Агар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтганларида у зотнинг чақириқларига жавобан келолмаганлар кофир бўлишарди.

Яна бир ҳикмати шундаки, азонни пайғамбаримиздан бошқа бир киши, яъни Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушларида кўрганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эса азон айтишни бошқа бир саҳобий – Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга топширганлар, чунки ҳазрати Билол розияллоҳу анҳунинг овозлари баландроқ эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлик қилмаганларининг яна бир сабаби шуки, у зот ўта банд бўлганлар. Чунки зиммаларида исломни етказишдек улкан бир вазифа бор эди. Ҳар бир лаҳзада умматлари учун бир иш қилардилар.

Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Имом Термизий роҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Имом зомин (жавобгар)дир, муаззин омонатдордир”. Шунинг учун бундай омонатли ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам алоҳида бир шахсга топширганлар.

Шайх Изуддин ибн Абдуссалом: “Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтмаганларининг сабаби У зот қачон бир иш қилсалар, унда бардавом бўлардилар. Ҳолбуки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинликни доим бажаришга вақтлари йўқ эди. Зеро, у зот ўзларининг муҳим вазифалари бўлмиш рисолатни етказиш билан банд эдилар”,-деганлар.

Шу ўринда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг гапларини эслайлик: “Агар халифалигим бўлмаганда албатта азон айтардим”.

Баъзи бирлар айтишадики, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни исломга чақирадиган даъватчи эдилар. Шунинг учун ўзларига ўзлари гувоҳлик беришлари жоиз эмасди. Қолаверса, агар у зот азон айтсалар ва “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ” десалар, баъзилар у зотдан бошқа пайғамбар бор экан, деб гумон қилиши мумкин эди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам азон айтмаганларининг сабаби “Агар у зот азон айтсалар ва “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ” десалар, баъзилар у зотдан бошқа пайғамбар бор эканда, деб гумон қилиши мумкин”,- деган гап унчалик тўғри эмас. Чунки у зот хутбаларида “Ашҳаду анна Муҳаммадарросулуллоҳ”ни айтар эдилар.

Шавконий ўзларининг “Найлул автор” китобларида имомлик устунми ё муаззинликми деган саволга шундай деб жавоб берганлар: “Имомлик афзалдир, чунки Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ва хулафои рошиддинлар, қолаверса кейинги кўпгина буюк уламолар ҳам имомлик қилишган, лекин муаззинлик қилишмаган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Ҳошимжон Низомиддинов

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг