Уламолар наздида вақтнинг қадри (1-қисм)

0
78

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيم

Бу кичкинагина номнинг ўзига гапларни жалб қиладиган катта ва кўп маънолардан иборат тарафлари бор. Фалсафачилар, тижоратчилар, деҳқонлар, хунармандлар, аскарлар, сиёсатчилар, ёшлар-у, қарилар, толиби илмлар-у, илм аҳлларининг ҳар бирлари наздида вақтнинг ўзига хос қадри бор.

Мен сўзимни  толиби илмлар ва илм аҳллари наздидаги “Вақтнинг қадри”гагина хослайман. Бу уринишимдан толиби илмларнинг ҳимматлари сустлашган бугунги кунда азми қарорли ёш илм толиби бўлган ўсмирларнинг ҳимматига туртки ва рағбат бўлишини умид қилдим. Тиришқоқларнинг мақсадлари секинлаб қолиб, илм учун ёниб ҳаракат қиладиган талабларнинг топилиши нодир бўлиб қолди. Зийраклик ва зукколик йўқолиб, дангасалик ва лоқайдлик ҳукм сура бошлади. Бунинг оқибатида илм аҳлларининг сафларида заифлик ва ортта қолиш кўриниб қолди.

Бандаларига Аллоҳнинг неъмати сон-саноқсиздир. Уларни санаб чиқишга ёки идрок қилишга башариятнинг умуман имкони йўқ. Бунга неъматларнинг кўплиги, бардавомлиги, осонгина эришилиши,  Аллоҳ таолонинг узликсиз бериб туриши ва инсонларнинг уларга турли йўллар билан етишиши сабабдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Aгaр Aллoҳнинг нeъмaт(лaр)ини сaнaсaнгизлaр, сaнoғигa етa oлмaйсизлaр. Ҳaқиқaтaн, инсoн ўтa зoлим вa жудa нoшукрдир”  (Иброҳим, 34).

НЕЪМАТНИНГ АСЛЛАРИ ВА ФАРЪЛАРИ

Неъматлар аслий ва фаръий бўлади. Фаръий неъматлар илм, жисм ва мол-мулкдаги кенглик, кечаларни қоим қилиш, Қуръон тиловатини кўпайтириш, Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш каби нафл ибодатларда бардавом бўлиш, юз, қўл ва оёқлардаги фитрий суннатларни муҳофаза қилиш, эркаклар учун жамоат жойларда хушбўй суртиш, бир бирига йўлиққанда қўл бериб кўришиш, масжидга ўнг оёқ билан кириш, ундан чап оёқ билан чиқиш, йўлдан азиятларни олиб ташлаш каби суннат амалларни ва шунга ўхшаш одоб, суннат, мустаҳаб ва баъзи вожибларни бардавом қилишдир. Буларнинг барчаси неъматларнинг фаръларидир. Буларни биладиганлар наздида неъматларнинг фарълари жуда ҳам кўпдир.

НЕЪМАТЛАРНИНГ АСЛЛАРИ

Неъматларнинг асллари ҳам сон саноқсиз, кўпдир. Уларнинг энг аввалгиси Аллоҳ таолога ва унинг ҳузуридан келган нарсаларга иймон келтириш ҳамда У зот буюрган ва вожиб қилган нарсаларда иймон тақозосига кўра амал қилишдир.

Шунингдек саломатлик ва офиятлик неъматларнинг аслларидан бўлиб, қулоқ, кўз, қалб, аъзолар саломатлиги ҳам шулар жумласидандир. Ушбулар инсон ҳаракатининг меҳвари ва ўз вужудидан истифода қилиш тиргагидир.

Илм ҳам неъматларнинг аслларидан бўлиб, ўта катта неъмат ҳисобланади. Инсоннинг тарққиёти, дунёвий ва ухровий саодатларининг барчаси унга боғлиқдир. Илм қандай бўлмасин улкан неъматдир. Уни ҳосил қилиш неъмат, ундан фойдаланиш неъмат, у билан фойда етказиш неъмат, уни сақлаш ва келажак авлодларга етказиш неъмат, инсонлар ўртасида уни ёйиш неъмат ва шулар кабиларнинг барчаси нематдир. Неъматларнинг аслларига мисоллар жуда кўп бўлса ҳам вақтнинг қийматини риоя қилиб узундан узоқ зикр қилмайман.

ЭНГ КАТТА АСЛИЙ НЕЪМАТ

Аслий неъматлардан, балки уларнинг энг буюги ва энг қимматлиси вақтдир. Бу саҳифаларни унинг қиймати ҳақида,  хусусан толиб илм ва аҳли илмларга нисбатан қиймати ҳақида сўзлаш учун жамладим.

Вақт ҳаётнинг умри, инсоннинг борлиқ майдони, унинг даври, боқийлиги, фойда бериши ва фойдаланишининг саҳнасидир. Қуръони карим аслий неъматлар ичида ушбу асл неъматнинг улуғлигига, бошқасидан кўра қадрининг олий эканига  ишора қилган. Вақтнинг қиймати, қадрининг баландлиги ва таъсирининг катта эканига далолат қилувчи бир қанча оятлар келган.

ВАҚТ НЕЪМАТИНИ БИЛДИРУВЧИ ОЯТЛАРДАН НАМУНАЛАР

Ушбу ўринда вақт неъматини билдирувчи баъзи оятларнигина келтириб ўтаман:

“Аллоҳ осмонлару ерни яратган, осмондан сув тушириб, у ила меваларни сизга ризқ қилиб чиқарган, Ўз амри ила денгизда сузмоғи учун кемаларни сизга бўйсундирган ва анҳорларни сизга бўйсундирган Зотдир. У сизга доимий ҳаракатдаги қуёш ва ойни ҳам, шунингдек, кеча ила кундузни ҳам хизматчи қилиб қўйди. Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, аноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир” (Иброҳим, 32-34).

Ҳа, Аллоҳ таоло кўплаб улуғ неъматлари ичида кеча ва кундуз неъматини ҳам берган. Бу иккиси эса, биз у ҳақида сўз юритаётган вақтдир. Ушбу улкан олам аввал бошидан то сўнгигача вақт бўлиб ўтиб бораверади.

Аллоҳ таоло ушбу буюк неъматни бошқа бир оятда қуйидагича таъкидлайди:

“У сизга кечанию кундузни, қуёшни. Ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир” (Наҳл, 12).

Аллоҳ таоло оят сўнгида ақл юритувчилар ва тадаббур қилувчиларга мазкур неъматларда улкан белгилар борлигига ишора қилди.

Бошқа бир оятда қуйидагича хабар берган:

“Кеча ва кундузни икки белги – аломат қилдик. Кеча аломатини маҳв этдик. Роббингиздан фазл талаб қилишингиз ва йиллар ададини ҳамда ҳисобини билишингиз учун кундуз аломатини кўрсатувчи қилдик. Ва ҳар бир нарсани батафсил баён қилганмиз” (Исро, 12).

Яна бир оятда қуйидагича хабар берган:

“Кеча-ю кундуз, қуёшу ой Унинг оят(белги)ларидан. Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг. Гар сиз Унгагина ибодат қилмоқчи бўлсангиз” (Фуссилат, 37).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло замон ва маконнинг ҳам, замону маконга тегишли бўлган барча нарсаларнинг ҳам эгаси Ўзи эканини мадҳ қилиб келтирди. Бу ҳақда бошқа бир оятда қуйидагича хабар берган:

“Кеча ва кундузда сокин бўлганлар Уникидир. У эшитгувчи ва билгувчи бўлган Зотдир” (Анъом, 13).

УМРЛАРИНИ ЗОЯ ҚИЛГАН КОФИРЛАРГА АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ҒАЗАБ ҚИЛИШИ

Оятларда Аллоҳ таолонинг кофирларга ғазаб билан хитоб қилиши хабари берилган. Чунки улар умрларини зое қилиб, умр бўйи куфрда қолгандилар. Умрларининг узун бўлганига қарамасдан куфрдан иймонга чиқмаган эдилар. Ва ҳолангки Аллоҳ таоло уларга мўл-кўл вақт ва узундан-узоқ умр берган эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай хабар берган:

“Сизларга эслайдиган одам эслагудек умр бермаган эдикми?! Сизларга огоҳлантирувчи келмаган эдими?! Бас, энди, тортаверинглар! Золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқдир”, (дейилур) (Фотир, 37).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандага берилган умрни унинг насиҳат олиши ва тўғри йўлни топишига асосий сабаб қилди ҳамда иймонга келиш ва эслатма олишга майдон қилиб қўйди. Элчи юбориш ва огоҳлантириш моҳиятини инсонга қарши ҳужжат қилганидек, берилган умрни яъни вақтни ҳам инсоннинг ўзига қарши ҳужжат қилиб қўйди.

Ҳофиз Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ояти кариманинг тафсирида қуйидагиларни айтганлар: “Яъни, агар ҳақни топишга уринганингизда уни топа оладиган муддат дунёда яшамадингизми? дейилади.” Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Билингларки, узун умр ҳужжатдир, Аллоҳ таолодан узун умр туфайли таънага қолишдан паноҳ сўраймиз.”, деганлар.

ОЛТМИШ ЙИЛ УМР БЕРИЛГАН КИШИГА УЗР УЧУН ЎРИН ҚОЛМАГАНИ

Имом Бухорий “Саҳиҳ”ларида қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло ёшини то олтмиш йилгача етказган кишига узр учун ўрин қолдирмади”. Бухорий ривояти.  

Имом Аҳмад ҳам “Муснад”ларида қуйидагича ривоят қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ Аллоҳ унга умр тўғрисида узр қолдирмабди”. Аҳмад ривояти.

Яъни Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан унинг узрини кетказибди ва ўзини оқлашига бирон бир ўрин қолдирмабди.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан таржима
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчилари
Сидиқметов Қудратуллоҳ
ва Пардаев Абдулқодир

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг