Уламолар наздида вақтнинг қадри (2-қисм)

0
45

АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ВАҚТ БИЛАН ҚАСАМ ИЧГАНИ УНИНГ УЛУҒВОРЛИГИ ВА АҲАМИЯТИНИ БАЁН ҚИЛИШИ ЭКАНИ

Кўплаб оятлар борки уларда ушбу асл неъматнинг улуғворлигига ишора қилинган. Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда турли ўринларида замон билан қасам ичганинг ўзи ҳам буни билишингизга кифоя қилади. У зот замон қийматини билдириш ва аҳамиятини баён қилиш учун кўплаб оятларда вақт билан қасам ичган. Жумладан У зот тун, кундуз, тонг, субҳидам, шафақ, чошгоҳ ва аср вақтлари билан қасам ичган. Қуйидаги оятлар мазкур маъноларни ифодалайди: 

“Туннинг қоплаб келаётган пайти билан қасам. Наҳорнинг тажалли пайти билан қасам”. Лайл сураси 1-2 оятлар. 

“Ва чекинаётган тун билан қасам. Ва ёришаётган тонг билан қасам”. Муддассир сураси 33-34-оятлар.

“Қоронғулиги ила кириб келган кеча билан қасам. Нафас олиб кириб келган тонг билан қасам”. Таквир сураси 17-18-оятлар. 

“Шафақ билан қасамки. Кечаси ва у ўраб олган нарсалар билан қасамки”. Иншиқоқ сураси 16-17-оятлар. 

“Фажр билан қасам. Ва ўн кеча билан қасам”. Фажр сураси 1-2-оятлар. 

“Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам”. Зуҳо сураси 1-2-оятлар. 

“Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир”. Аср сураси 1-2-оятлар. 

Аллоҳ таоло нима нарсага замон билан қасам ичган бўлса, унинг катта аҳамиятга эга бўлган муҳим нарса экани мулоҳаза қилинади. У зот ўта муҳим бўлган икки иш тўғрисида замон билан қасам ичган. Биринчиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мушриклар ва душманлар ўйлаганидек Роббиси у зотни ташлаб қўймагани, иккинчиси барча инсоннинг хусрон ва ҳалокатга йўлиқувчи эканини фақатгина иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганларгина бундан мустасно эканини замон билан қасам ичиб хабар берган:

“Чошгоҳ билан қасам. Сукунатга чўмган тун билан қасам. Роббинг сени тарк қилгани йўқ, сенга ғазаб ҳам қилгани йўқ”. Зуҳо сураси 1-2-3- оятлар.

“Аср билан қасам. Албатта, инсон хусрондадир. Илло,иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар ва бир-бирларини ҳақ йўлга чақирганлар ва бир-бирларини сабрга чақирганлар (ундоқ эмасдир.)” Аср сураси 1-2-3-оятлар.

Уммат олими, Қуръон таржимони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оят тафсирида : “Аср бу  вақтдир”  деганлар.

ФАХРИДДИН РОЗИЙНИНГ ВАҚТ ҚИЙМАТИ ВА ШАРАФИНИ БАЁН ҚИЛГАНИ

Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳ аср сураси тафсирида қуйидаги маъноларни айтганлар: “Аллоҳ таолонинг аср билан яъни вақт билан қасам ичиши, унда ажойиботлар бўлгани учундир. Чунки хурсандлик ҳам хафалик ҳам, саломатлик ҳам беморлик ҳам, бойлик ҳам фақирлик ҳам барча-барчаси вақт ичида ҳосил бўлади. Ўтаётган умрни бирор бир бойлик билан баҳолаб бўлмайди. 

Шундай экан агар сиз минг йилни бемани ишларга сарфлаб зое қилиб юборган бўлсангизу умринггизнинг сўнги дақиқасида тавба қилишга муваффақ бўлиб ўша лаҳзадагина сизга саодат собит бўлган бўлса ва бунинг натижасида сиз абадул-абад жаннатда яшашга эришган бўлсангиз демак сиз учун энг шарафли нарса ўша лаҳзадаги ҳаётингиздир.  Шундай экан вақт асл неъматлар жумласидан саналади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Кеча ва кундузнинг инсон зое қиладиган фурсат эканига эътиборни қаратган. Вақт ҳеч бир нуқсони бўлмаган холис неъмат бўлгани сабабли макондан кўра шарафли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у билан қасам ичган. Ҳа, хусронга йўлиқувчи айбдор шахс инсоннинг ўзидир.” 

Ушбу қараш вақтнинг қийматига ҳамда барча неъматларнинг асли ва улуғи эканига ишора қилувчи оятлар маъноларининг бир тарафи холос.  

ВАҚТ ҚИЙМАТИНИНГ СУННАТИ МУТОҲҲАРОДА КЕЛГАН БАЁНОТЛАРИ

Суннати мутоҳҳарода вақт қиймати ҳақида ёрқин баёнотлар келган. Жумладан Бухорий, Термизий ва Ибн Можалар Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кўп инсонлар улардан бебаҳра бўлган икки неъмат бор: соғлик ва бўш вақт” Бухорий ривояти. 

Демак вақт буюк неъмат ва улкан ҳадя бўлиб, бундай буюк неъмат бўлган ҳадядан ҳадиси шариф лафзида “кўп инсонлар улардан бебаҳра” дейилишига кўра ўта кам ададдаги бахтли инсонларгина баҳраманд бўлар эканлар. Уларни исроф қилиб бебаҳра қоладиганлар эса кўпчиликни ташкил қилар экан.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан таржима
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчилари
Сидиқметов Қудратуллоҳ
ва Пардаев Абдулқодир

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг