Уламолар наздида вақтнинг қадри (3-қисм)

0
28

ВАҚТГА НАДОМАТ ОБИД ВА ОҚИЛНИНГ НАЗДИДА ҲАЛОК ЭТУВЧИ НАДОМАТДИР

Имом Ибн Қайюм роҳматуллоҳи алайҳ “Мадарижус соликийн” номли китобларида вақтни қизғаниш ва унинг кўп ишларни ўз ичига қамраб олиши ҳақида сўз юритиб жумладан қуйидагиларни баён қилганлар: “Ўтиб кетган вақтга надомат чекиш ҳалок этувчи надоматдир. Чунки ҳар бир вақт тез ўтиб кетадиган, қадри баланд, қайта келмайдиган фурсатдир. Вақт обид инсон наздида ибодат ва вирдлар вақтидир. Мурийднинг наздида эса у Аллоҳ таолога юзланиш, Унинг ҳузурида жамланиш ва бутун қалби билан батамом Унга берилиш вақтдир. Шунинг учун вақт унинг наздида энг азиз нарсадир. Обид ҳам мурийд ҳам вақтини ўша нарсаларсиз ўтказиб юборишига қаттиқ қизғонади. Агар вақт ўша нарсаларсиз ўтиб кетса, энди унинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмайди. Чунки кейинги келган вақт ўзига хос вазифага ҳақлидир. Ўтказиб юборилган вақтнинг ўрнини тўлдириш асло мумкин бўлмайди”. 

“Ҳалок этувчи надомат” деган сўзларининг маъноси шуки, ўша надоматнинг асари худди ўлдиришга ўхшайди. Чунки ўтиб кетган нарсанинг ҳасрати ҳалок этувчи ҳасрат бўлади. Айниқса ҳасрат чекувчи уни тўлдиришга йўл йўқлигини билса. Шунингдек, вақтни ўтказиб юборганига надомат чекиб ўтиришининг ўзи ҳам яна бошқа бир вақтни ўтказиб юборишдир. Худди, “ўтган вақтга надомат чекиб ўтириш ҳозирги вақтни зое қилишдир” дейилгани каби. Шунинг учун ҳам “вақт қилич кабидир, агар сен уни кесмаган бўлсанг у сени кесибди” дейилган.  

Вақт зотан тез тугайдиган ва тўхтамасдан доимий ўтиб турадиган нарсадир. Кимки  унга беэътибор бўлса, вақтлари беҳуда ўтиб кетади, ўтказиб юборган имкониятлари кўпаяди ва ҳасратлари кучайиб боради. Айниқса имконини бой бериб бўлганидан кейин зое қилган нарсаларининг миқдорини билса қай ҳолатга тушиб қолади? олдинги ҳолатига қайтишга уринади аммо у билан қайтиш ораси тўсилган бўлади. Ўтказиб юборган нарсаларини қайта қўлга киритиш учун изланади, аммо кечаги кун бугунги янги кунга қандай қайтарилсин? 

“Энди, узоқ бир макондан қўллари қандоқ етсин?!” Сабаъ сураси 52-оят.    

Вақтга беэтибор кимса ўзи яхши кўрадиган ва хоҳлаган нарсаларидан маҳрум бўлади ва биладики, ўзининг қўлга киритган нарсалари оқил киши қўлга киритиши лозим бўлган нарсалар эмас экан. У билан истаётган нарсалари ораси тўсилган бўлади.

Во ҳасрато, ундек нарсани қайтаришга йўл йўқ

Агар қайтарилганида қайғуриш аҳамиятсиз бўларди.

Барча келувчиларнинг заволи тездир

Булутларданда тезроқ ўтарлар.  

Вақт ўзидаги нарсалари билан бирга ўтиб кетади. Сизга фақатгина унинг асари ва ҳукми қайтади. Ўзингиз учун ўтказган вақтингиздан нима қайтишини танланг. Ўша нарса албатта сизга қайтади. Шунинг учун ҳам жаннатда саодатли зотларга қуйидагича хитоб бўлади: 

“Ўтган кунларда қилган нарсаларингиз туфайли енглар ва ичинглар, ош бўлсин”.  Ал-Ҳааққоҳ сураси 24-оят. 

Дўзахда азобланаётган бадбахтларга эса шундай дейилади: 

“Мана шулар ер юзида ноҳақдан шодланиб юрганингиз ва кибру ҳавога берилиб юрганингиз учундир”. Ғофир сураси 75-оят. (“Мадорижус соликин” китобидан бир оз қисқаририш билан олинди.)

Барча манфаатлар вақтдан келиб чиқар
Ким уни зое қилса ҳеч қачон тўлдиролмас.

Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” китобидан таржима
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчилари
Сидиқметов Қудратуллоҳ
ва Пардаев Абдулқодир

Манба

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг