Зилзила ёҳуд тавбага туртки

0
567

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга ҳамд, Росулуллоҳга салавотлар бўлсин!

Сўнг:
Яқин кунлардан бери ернинг силкиниб қўйиш ҳодисаси кўп такрорланмоқда…
Бу ҳодисалар ўз ўзидан бўлмаётгандир…
Силкинишлар ер устидаги инсон қилмишларининг ер қалбидан чиққан изтироб инъикосидир, балки…
Зилзилалар, офат ва балолар нима учун содир бўлади?
Исломий манбаларда бу борада нималар мавжуд?
Зилзила чоғида биз нималар қилишимиз лозим?
Шу хусусда жуда қисқа шаклда хулосаларни ўрганиб чиқсак!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ер қимирлаши бўлгани саҳиҳ ривоятларда собит эмас. Фақат айрим танқидга учраган, санади саҳиҳ бўлмаган ривоятлар бор:

Ибн Абу Шайба ўзининг “Мусаннаф”ида заиф мурсал санад билан Шаҳр ибн Ҳувшабдан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мадинада зилзила бўлди. Шунда у зот: “Албатта Роббингиз сизлардан қийинчилигингизни енгиллатишни истайди, шундай экан Унга ибодат қилиб қийинчиликларни кетказишини сўранглар!” дедилар.

Бу ривоятдаги Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар, дейилган сўзни айни ўзини Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтгани ҳам ривоят қилинган. У зот Кўфада эканларида ер қимирлади, шунда: “Албатта Роббингиз сизлардан қийинчилигингизни енгиллатишни истайди, шундай экан Унга ибодат қилиб қийинчиликларни кетказишини сўранглар!” дейдилар. Ушбу ривоятда ҳам санад узулганлиги иллати бор. Буни Ибн Жарир Қатода розияллоҳу анҳудан деб келтирган. Қатода эса Ибн Масъудни кўрмаган.

Иззуддин ибн Абдуссалом “Истизкор”да шундай дейди: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида зилзила бўлгани тўғрисида саҳиҳ йўл орқали ривоят собит бўлмаган. Шу сабабли зилзила бўлганида нима қилиш суннат экани маълум эмас”.

Лекин зилзилалар бўлиши борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ огоҳлантирувчи ҳадислар келган. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм қабз қилинмагунича, зилзилалар кўпаймагунича, вақт қисқариб, фитналар зоҳир бўлмагунича Қиёмат қоим бўлмайди!”

Бу ҳадиси шарифдаги вақтнинг қисқариши унинг баракаси йўқолишига ишоради. Илмнинг қабз қилиниши кўтарилишига ишора. Яъни жаҳолат ёйилиб, илм кўтарилади. Зилзила эса зоҳир маънога кўра ернинг қимирлашидир. Аммо айрим уламолар бу ҳадисдаги зилзила калимасини ер устида содир бўладиган фитналар дея тафсир ҳам қилишган. Лекин бу каби ҳадислардаги зилзила калимасининг маъноси зоҳирий экани қувватлироқдир. Имом Бухорий ушбу ҳадисни айнан “Фитналар боб”ида келтиришдан мақсади ҳам зилзила калимаси зоҳирий маънода эканини қувватлаш учун бўлган. Ибн Ражаб буни алоҳида таъкидлаган ва зилзиланинг фитна маъноси ҳам борлигини айтиб, лекин тўғрироғи ернинг қимирлаши, чунки фитна бобида фитнани зикр қилиниши яна алоҳида таъвил билан уни зилзила дейишга эҳтиёж қолдирмайди, деган.

“Қиёмат соати олдидан ўлим шиддатла кўпаяди, ундан кейин зилзила йиллари бўлади”, дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ривоятда. Буни Имом Аҳмад Салама ибн Нуфайл Сукунийдан ривоят қилган.

Зилзила борасидаги ҳадислардан тушуниладиган маъно шуки, Аллоҳ таоло бу каби жараёнлар орқали Ўз бандаларини огоҳлантиради. Қуръони каримда марҳамат қилади: “Биз оят белгиларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Исро 59)

Моддапарастлар бу каби ҳодисаларни метофизик жараёнлар, дейишади. Иймон аҳли эса ушбу қонуниятлар албатта унинг яратувчиси бўлган Зотга бўйсинишини билади. Аллоҳ таоло ушбу аломатлар ила бандаларини огоҳлантиради, исён аҳли тавбага шошилиши, туғён аҳли истиғфорга юзланиши лозим бўлади. Ҳаргиз Ҳақ таоло бандаларига зулм қилмайди, ҳақиқий золимлар бандаларнинг ўзидир.

“Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар”. (Анкабут 40)

Ислом тарихида илк ер қимирлаши Умар розияллоҳу анҳунинг даврида содир бўлган.

Бу ҳодисани Абу Бакр ибн Абу Шайба “Мусаннаф”ида, Нуайм ибн Ҳаммод “Фитан”да, Ибн Абуд Дунё “Уқубот”да, Байҳақий “Сунан Кубро”да ва бошқа муҳаддислар ҳам ўз асарларида ривоят қилишган.

Ибн Умарнинг аёли София айтади: “Умар розияллоҳу анҳу даврида Мадинада ер қимирлади ҳатто сўри қимирлаб кетди. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо тик турган ҳолда эди, сезмади. Тонг отгач Умар розияллоҳу анҳу одамларга қараб: “Эй инсонлар! Нима бидъатларни қиляпсизлар?! Агар яна (зилзила) қайтарилса, қасамки, сизларни (Мадинадан) чиқариб ташлайман!” деди.

Умар бу гапи билан Мадина аҳлининг айрим ишларда сусткашлик қилишганига, гуноҳлар содир бўлганига ишора қилганини уламолар айтишган. Бу ўриндаги бидъатдан мурод Мадинада содир қилинган гуноҳлар эди. Чунки Мадина аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида гуноҳдан қаттиқ сақланарди. Умар розияллоҳу анҳу гуноҳ содир бўлишини Мадинага нисбатан янгилик-бидъат деб зикр қилди. Ўшалар сабабидан бало офатлар ёппасига келиб қолишидан хавотир олганди, Умар!

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам мусибатлар ҳақида эслатганларида у зотдан: “Эй Аллоҳнинг Расули! Орамизда солиҳлар бўла туриб барчамиз ҳалокатга учрашимиз мумкинми?” деб сўрашди. Шунда у зот: “Ҳа, агар ёмонлик кўпайса бало оммага келади, фақат Аллоҳ таоло солиҳларни ниятларига кўра тирилтиради!” деб жавоб бердилар. (Муттафақун алайҳ)

Демак, бу ҳадиси шарифга кўра гуноҳ ишлар кўпайиб кетса, фосиқлик ҳаддан ошса бало офатлар ҳам ёппасига келиши, буниси солиҳ эди, мана буниси эса обид эди, дея ажратмай, мусибат омманинг устига ёғилиши мумкин экани тушунилади.

Умар розияллоҳу анҳу шуни ҳис қилганди, шундан қўрққан эди…

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг вақтларида ҳам ер қимирлади. Шунда у киши ҳудди кун тутилганда ўқиладигандек намоз ўқидилар. Буни Абдурраззоқ “Мусаннаф”да Маъмардан, у Қатода ва Осимдан, улар Абдуллоҳ ибн Ҳорисдан, у эса Ибн Аббосдан ривоят қилганини келтирган. Бу зилзила ҳодисаси Басрада бўлган. Шунда Ибн Аббос намоз ўқиди. Қунутни узоқ қилди. Кейин бошини кўтариб, яна қунутни узоқ қилди. Кейин рукуъ қилди, сўнгра сажда қилди. Кейин иккинчи ракатни ҳудди шу тарзда адо қилди. Унинг намози уч рукуъ ва тўрт саждали бўлди ва: “Оят-белгилар бўлганидаги намоз шудир”, деди. Маъмар айтади: “Баъзи асҳобларимиз менга хабар беришларича, Ибн Аббос биринчи ракатда “Бақара”ни, иккинчи ракатда эса “Оли Имрон”ни ўқиган экан”.

Шу ишни Алий розияллоҳу анҳу ҳам ер қимирлаганда қилганлар. Ибн Аббоснинг қилган ишлари саҳиҳ санад ила ривоят қилинган. Алийдан қилинган ривоят санади борасида эса айрим муҳаддислар танқидий гапларни айтишган. Яна саҳобалардан Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг ер қимирлаганда алоҳида намоз ўқигани ривоят қилинган. Шу ривоятлардан келиб чиқиб Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу ер қимирлаши кўпайиб кетганида ҳудди кусуф намози каби намоз ўқиш шариатда бор амал, деган. Бу гапига эса Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари вафотида кун тутилгани ҳодисаси сабабидан айтган гапларини далил қилган. Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жигарпоралари Иброҳим вафот топганида кун тутилди. Одамлар: “Иброҳимнинг вафоти сабабли кун тутилди!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ҳам, ой ҳам Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Улар бирор кишининг ўлими ёки ҳаёти учун тутилмайди. Шундай экан, уларнинг тутулиш ҳодисасини кўрсанглар намозга талпининглар!” дедилар.

Зилзила ҳам Аллоҳнинг оят-белгиларидан биридир. Шундай экан у содир бўлганида намоз ўқиш шариатда асоси бор амалдир.

Мардовий “ал Инсоф”да айтади: “Ҳанбалий мазҳабидаги саҳиҳ гап шуки, зилзила бўлганида Кусуф намози суратида намоз ўқилади. Бунга Кусуф намозининг далили далил бўлади. Ҳанбалийларнинг аксар соҳиблари шунга иқрор бўлишган”. (Ил Инсоф, 2/449)

Имом Шофеъий розияллоҳу анҳунинг наздида бу намоз жамоат шаклда ўқилмайди. У киши буни саҳобалардан ворид бўлмаганини сабаб қилиб келтиради. “Умм”да шундай дейди: “Қуёш ва ойнинг тутилишидан бошқа оят белгилар содир бўлганида алоҳида намоз ўқилмайди.

Агар Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бизнинг наздимизда собит бўлса биз ҳам шуни айтамиз”. (Умм, 7/168)

Имом Нававий “Мажмуъ”да айтади: “Имом Шофеъий айтади: “Зилзила бўлганида жамоат билан намоз ўқишга буюрмайман, балки якка шаклда ўқишга буюраман. Асҳоблар бундай вазиятда якка тартибда намоз ўқишни, дуо ва илтижо қилишни, ғофил бўлмасликни мустаҳаб эканига иттифоқ қилишган”. (Мажмуъ, 5/59)

Ибн Абдул Барр раҳимаҳуллоҳ “Истизкор”да нақл қилади: “Имом Молик зилзила пайтида (жамоат) намозини мавжуд деб билмайди. Моликий фуқаҳолар зилзила бўлганида битта сажда қилишни макруҳ кўришади. Уларнинг наздида намоз ўқиш мустаҳаб. Балки уларнинг мазҳаби бу борада шофеъийларнинг мазҳаби билан ўхшашдир. Яъни зилзила вақтида якка якка намоз ўқиш афзал, жамоат бўлиб ўқиш тўғри эмас…” (Истизкор, 2/418)

Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу айтади: “Ким (зилзила пайтида) намоз ўқиса жуда яхши иш қилибди, ўқимаганга эса хеч қандай маломат йўқ”.

Ҳанафийларнинг наздида зилзила содир бўлса алоҳида намоз ўқиш мавжуд, фақат бу намоз Кусуф намози каби бўлмайди. Балки оддий бошқа намозлар каби бўлади. (АлФиқҳул Исламий ва Адиллатуҳу, 2/397)

Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ “Минҳож”да айтади: “Аллоҳ таоло бу каби ҳодисалар билан бандаларини қўрқитади. “…Биз оятларни фақат қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Исро 59)

Шунинг учун ҳам юлдузларнинг тўкилиши, зилзилалар ва бошқа шу каби ҳодисалар чоғида намоз ўқиш шариатда жорий бўлган. Қўрқитиш эса зилзила, қаттиқ бўрон каби ҳодисалар билан қўрқиш керак бўлган ёмонликлардан огоҳлантириш орқали бўлади. Ёмонлик бўлмаса қўрқитув бўлармиди?!” (Минҳож, 5/445)

Хуллас, ушбу ривоятлар ва фуқаҳоларимизнинг ижтиҳодларидан бир қанча фойдаларни олишимиз мумкин:

1. Зилзилалар, бало ва офатлар гуноҳларнинг ошкора урчиши оқибатида бўлар экан;
2. Аллоҳ таолонинг ғазаби ва танбеҳи сифатида ҳам бу ишлар жорий бўларкан;
3. Уммат ичидаги иш бошилар, илм аҳллари бу каби ҳодисалар содир бўлганида халойиқни тавбага чақириши, уларнинг истиғфорга ундаши лозим экан. Зотан Қуръони Каримда бу уматнинг бошига умумий балолар ёппасига ёғилишини олдини оладиган икки сабаб зикр қилинган. Бири Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммат орасида бор вақтлари бўлса, иккинчиси бу уммат модомики истиғфорда давом этар экан Аллоҳ таоло уларни азобламаслигини айтган: “Модомики сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобламас”. (Анфол, 33) Биринчи сабабдан зоҳиран маҳруммиз, аммо истиғфор имкониятимиз ҳали бор. Шундай экан кунлик истиғфор вирдимизни ташлаб қўймайлик;
4. Зилзилалар кўпайса мусулмонлар якка ҳолда намоз ўқишлари афзал амал экан;
5. Агар гуноҳлар ошкора қилиниб, фосиқлик туғёнга юз тутса балолар солиҳ ва обидларни ажратмай барчанинг бошига омматан келиши мумкин. Шунинг учун ҳам гуноҳ ва маъсиятлардан тўхташ, уларнинг чорасини кўриш барчанинг иши экан;
6. Пайғамбаримиз алайҳис салом даврларида бўлмаган ибодатни кейин жорий бўлиши модомики Ислом шариати мақсадларига уйғун бўлса бидъат бўлмас экан. Зотан саҳобаи киромлар шариатнинг асл мақсадларини биздан кўра анча теран англашган. Шу билан бирга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларнинг феъллари ҳам эргашиладиган суннат эканини алоҳида таъкидлаганлар..

Аллоҳ таоло умумий ва хусусий балолардан барчаларимизни Ўз паноҳида сақласин! Юртларимизни вайроналикдан, қалбларимизни эса харобаликдан асрасин!

Доимо истиғфор айтиб, Ўзига илтижо қилишимизда мададкор бўлсин! Амин!

Қалблар юмшаганда, кўзлар умид ва хавф мавжидан намланганида биз ғарибларни ҳам дуо қилишни унутманглар! Зотан бўлаётган ҳодисалар Роббимиз ҳузурига қайтиш жуда ҳам яқинлашиб қолганини билдириб турибди. Сафарга эса тайёргарлигимиз анча суст, нажот учун кўрсата оладиган амалларимиз деярли йўқ! Фақат ғариблик кўз ёшларидан, валийлар бедорликлари ва хоссатан Раббимизнинг марҳамати кенглигидан умидвормиз! Агар Парвардигор раҳм қилмаса ҳолимиз хароб, У Ўзи қўлламаса бизлар мағлубмиз!

Салоту саломларимиз Муҳаммад Мустафога бўлсин!

Аброр Мухтор Алий
1437ҳ, Робиъус Соний 4, Жума.
2016м, Январ 15.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг