Меърож воқеаси ҳақида ақидавий матнлар ва инкор қилувчининг ҳукми

0
47

Исро ва Меърож ҳодисаси ҳақида, барча мўътабар ақидавий китобларимизда Меърожга иймон келтириш борасида алоҳида матнлар келган. Чунки Исро Қуръони карим билан собит бўлгани учун ақидавий китобларда бу ҳақда гаплар йўқ. Биз ҳам юртимиз диний ўқув юртларидан ўқитиладиган ҳамда она тилимизга ўгирилган машҳур ақидавий китоблардан иқтибослар келтирамиз.

Биринчи бўлиб ақидавий китобларнинг каттаси ва энг улуғи “Ал-фиқҳул акбар” китобида Меърож ҳақида шундай дейилади:

وَ خَبَرُ المِعْرَاجِ حَقٌّ وَ مَنْ رَدَّهُ فَهُو مُبْتَدِعٌ ضَالٌّ

«Меърож хабари ҳақ ва ростдир. Ва ким уни инкор этса, бас у адашган битъатчидир[1]».

Бу матнни шарҳ қилиб Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-ҳанафий ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:

“Ким (Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) осмонга кўтарилишларини инкор қилса, у бидъатчи ва залолатда бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйғоқ ҳолларида осмонга жасадлари билан кўтарилишлари машҳур хабар билан собитдир. У эса қувватда мутавотир хабарга яқиндир.

Ақоид борасида юртимиз уламоларидан яна бири Али ибн Усмон Ўший раҳматуллоҳи алайҳ томонидан таълиф қилинган “Бадъул амолий” манзумасида ҳам Меърож воқеаси ҳақида қуйидагича байт бор:

وَ حَقٌّ اَمْرُ مِعْرَاجٍ وَ صِدْقٌ فَفِيهِ نَصُّ اَخْبَارٍ عَوَالِ

«Меърож кечаси ҳақ ва ростдир. У тўғрида олий хабарлар – ҳадислар бордир[2]».

Исро Қуръон ояти билан собит бўлгани учун уни инкор қилган киши кофир бўлади. Меърож эса ҳадислар билан собит бўлгани учун уни инкор қилган киши кофир бўлмаса ҳам бидъатчи ва адашувчи саналади[3].

Сўфий Оллоҳёр ҳазратлари ўзларининг “Маслакул муттақин” китобларида шундай ёзадилар:

“Аларнинг меърожлари ҳақдур. Маккадин Масжиди Ақсоғача борғонлари оят бирла собит бўлубтур. Масжиди Ақсодан осмонга борғонлари машҳур (хабарлар) орқали собитдур. Андин ҳар неча жойға борсалар (у ердан қаерга борган бўлсалар, барчасига) иқрормиз. Ва гумон йўқдур, етти қат осмон, беҳишт, дўзах ва Аршу Курсини бир соатда кўрсатса, Худони қудратиға ажаб эрмас[4]».

Кимки Меърож воқеасини ва бу борадаги оятларни рад этса, кофир бўлади. Оятлар билан Пайғамбаримизнинг Байтул Мақдисга – Масжидул Ақсога борганларини тасдиқ этса-ю, лекин Меърожни, яъни осмонларга чиққанларини инкор қилса ёки “осмонларга чиққан, чиқмаганини билмайман”, деса, бундай кимса бидъатчи дейилади[5].

Меърож ҳақида “Ал-ақидатут-таҳовия” китобида ҳам қуйидагича жумлалар бор:

وَ المِعْرَاجُ حقٌّ، وقَدْ أُسْرِيَ بالنَّبِيِّ صلى الله عليه وآله وسلم، وَعُرِجَ بِشَخْصِهِ في اليقَظَةِ إلى السَّماءِ، ثُمَّ إلى حيث شاءَ الله مِنَ العُلا، وأكْرَمَهُ الله بِمَا شَاءَ، وأوْحَى إليْهِ مَا أَوْحَى

«Меърож воқеасини ҳақ. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғоқ ҳолларида осмонга сўнг олий маконларга Аллоҳ таоло хоҳлаган жойгача руҳ ва жасадлари билан Исро қилиндилар. Ва Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсалари билан икром қилди. Ва хоҳлаган нарсаларини унга ваҳий қилди[6]».

Яна бир мўътабар ақидавий китобларимиздан бири “Ақоиди Насафия”да ҳам бу воқеа ҳақида шундай жумлалар бор:

وَالْمِعْرَاجُ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ فِى الْيَقْظَةِ بِشَخْصِهِ اِلَى السَّمَاءِ ثُمَّ اِلَى مَا شَاءَ اللَّهُ تَعَالَى مِنَ الْعُلَى حَقٌ

«Меърож Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ўз шахслари ила уйғоқ ҳолда осмонга сўнг улога Аллоҳ таоло хоҳлаган жойигача (чиқишлари) ҳақдир [7]».

Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ мазкур матнларни шарҳлаб шундай деганлар:

“Масжидул Ҳаромдан Байтул Мақдисга қилинган Исро китоб билан собит бўлган, қатъийдир. Ердан осмонга кўтарилишлари машҳурдир. Самодан жаннатга, ё Аршга, ё ундан бошқа жойга кўтарилишлари оҳоддир.

 Хулоса:

Юқорида келтирилган мўтабар асарларда зикр қилинган матнлардан шуни хулоса қиламизки, ким Исро ҳодисасини инкор қилса, Аллоҳ сақласин, диндан чиқади, чунки у ояти карима билан собит бўлган. Ким Меърож ҳодисасини инкор қилса, бидъатчи фосиқ бўлади, чунки у машҳур хабар билан собит бўлган.

Тошкент ислом институти талабаси
Бахтиёр Нажмиддинов 

[1] Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2006й. 29-бет.
[2] Шайх Абдулазиз Мансур. “Ақоид матнлари”. Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2006й. 53-бет.
[3] Абдулқодир Абдураҳим ўғли. “Ақоид дарслиги”. Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2007й.159-бет.
[4] Сўфий Оллоҳёр. “Маслакул муттақин”. Таржимон: Қўзихўжа Ҳафизхўжа ўғли. Нашрга тайёрловчилар: Сайфиддин Сайфуллоҳ, Акрам Деҳқон. Тошкент: “Шарқ” нашриёти. 2012й. 48-бет.
[5] Муҳаммад Зоҳид Қўтқу ибн Иброҳим ал-Бурсавий. “Аҳли сунна вал-жамоа ақоиди”. Биринчи китоб. Таржимон ва изоҳлар муаллифи Мирзо Кенжабек. Тошкент: “Адолат” нашриёти. 2004й. 18-бет.
[6] Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2006й. 33-бет.
[7] Шайх Абдулазиз Мансур. “Ақоид матнлари”. Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2006й. 47-бет.

ШАРҲ ҚОЛДИРИШ

Шарҳни киритинг!
Исмингизни киритинг